16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Жараён

МАҲАЛЛАЛАР ЯНГИЧА ҚИЁФАДА АКС ЭТАДИ

Қарши давлат техника университети талабалари маҳаллаларнинг бош режасини ишлаб чиқишда иштирок этмоқдалар.

Президентимиз раислигида жорий йил 23 январь куни камабағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2026 йилда амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу борада муҳим топшириқлар берилган эди.

Улар ижросини таъминлаш мақсадида университетда амалий ишлар бошлаб юборилди. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вилоят бошқармаси, Бошқарув самарадорлиги агентлиги вилоят филиали ва Қарши тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида мазкур ҳудуддаги Гулшан маҳалласида семинар ўтказилди.

Семинарда маҳалла бош режасини ишлаб чиқиш, қишлоқ кўчаларининг замонавий қиёфада бўлишини таъминлаш, қурилиш ва энергетика тизимлари лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш билан боғлиқ муҳим режалар муҳокама қилинди.

– Эндиликда архитектура таълим йўналишидаги 800 нафарга яқин талаба вилоятдаги 99 та   маҳалланинг бош режасини ишлаб чиқишга жалб этилади, –    дейди университетнинг ўқув ишлари бўйича проректори  Зафар Чоршанбиев. – Талабаларнинг келгусидаги илмий тадқиқот ишлари ҳам айнан шу ҳудудлардаги муаммолар ва уларнинг ечимига қаратилади.

Эътиборли жиҳати, маҳаллаларга янгича қиёфа олиб кирадиган энг зўр лойиҳаларни ишлаб чиққан талабалар жамоасига  100 миллион сўмдан мукофот берилади.

Ўз мухбиримиз