Салоҳиятли кадрлар захирасига киритилган, бугунги кунда МФЙ тизимида фаолият юритиб келаётган давлат фуқаролик хизматчилари “Билимлар беллашуви”да куч синашишди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги Қашқадарё вилояти филиали, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган беллашувда “МФЙ раислари”, “Ҳоким ёрдамчилари”, “Ёшлар етакчилари”, “Хотин-қизлар фаоллари”, “Ижтимоий ҳимоя зукколари” ҳамда “МФЙ солиқ инспекторлари” жамоалари иштирок этиб, билим ва иқтидорларини намоён этишди.
Мазкур танловлар “маҳалла еттилиги” тизимида самарали фаолият юритиб келаёган давлат фуқаролик хизматчиларининг билим ва малакаларини янада ошириш, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ўз имкониятларини жамоатчилик олдида тўла намоён этиш, қизғин ва муросасиз баҳсларда эса муваффақият қозониш, лидерлик ва ғолиблик сифатларини ривожлантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Танлов иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонун, Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 595-сонли қарори ҳамда мантиқий фикрлаш бўйича синовдан ўтказилди.
Танлов 5 раунддан иборат бўлди, ҳар бир раундда жамоаларга 3 тадан савол берилди. Якуний натижаларга кўра, “Ҳоким ёрдамчилари” жамоаси 1-ўринни қўлга киритди. “МФЙ раислари” жамоаси 2- ва “Ёшлар етакчилари” жамоаси 3-ўринни эгаллашди.
Танлов ғолиблари диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Б.САЙФИЕВ

