16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Маънавият

МАҲКУМЛАР ЎРТАСИДА КИТОБХОНЛИК БЕЛЛАШУВИ ТАШКИЛ ЭТИЛАДИ

Жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар ўртасида вилоят ҳокими соврини учун «Энг фаол китобхон» кўрик-танлови ўтказилади. Вилоят ҳокимининг жорий йил 4 июлда чиқарган фармойишига кўра, июль-август ойларида ташкил этилиши белгиланган китобхонлик беллашувида Қашқадарёдаги жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган миллати, дини, ижтимоий келиб чиқиши ва тилидан қатъий назар барча маҳкумлар иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Тасдиқланган Низом асосида маҳкумлар ўртасида ҳам китобхонлик маданиятини ривожлантириш, уларнинг маънавий-ахлоқий сифатларини ўстириш, китоб мутолааси орқали билим ва тафаккурини бойитиш, ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, қайта ижтимоийлашувига кўмаклашиш мақсадида ташкил қилинажак кўрик-танловда иштирок этиш учун ариза топширган талабгорларга мутолаа учун ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналаридан  «Темур тузуклари», «Бобурнома», «Ўткан кунлар», «Отамдан қолган далалар» ҳамда «Жиноят ва жазо» асарлари тавсия этилмоқда.

Китобхонлик беллашуви икки босқичда ташкил этилиши белгиланган. Унга кўра, 12 август куни бўлиб ўтадиган биринчи босқичда тавсия этилган асарлар асосида тайёрланган 30 та тест саволи ёрдамида жазони ижро этиш муассасаси миқёсидаги ғолиблар аниқланади.  Бунда энг юқори балл тўплаган икки нафардан маҳкум кейинги босқичда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Иккинчи босқич 25 август куни ЗООМ платформаси орқали онлайн кўринишда 2 та шарт асосида ўтказилади. «Бадиий асарлар билимдони» деб номланувчи 1-шартда иштирокчилардан тавсия этилган асарларга оид факт, рақам, эпизод мазмун-моҳияти, ғояси ва аҳамиятини шарҳлаб бериш сўралади. «Тезкор савол-жавоб», яъни 2-шартда эса ўша ўқиш вазифаси берилган китоблардан тузилган 4 та саволга жавоб бериш талаб этилади.

Фармойиш билан таркиби тасдиқланган кўрик-танлов ташкилий қўмитасига  барча иштирокчилар учун тенг шароитлар яратиш; китобхонлик беллашувининг холис, ошкора, ҳалол ва адолатли ўтишини таъминлаш каби вазифалар юкланган.

 Кўрик-танловда 1-ўринни қўлга киритган иштирокчи интенсив доска, китоблар тўплами; 2-ўрин соҳиби компьютер жамланмаси, китоблар тўплами; 3-ўрин эгаси стол тенниси, китоблар тўплами билан тақдирланиши кўзда тутилган.

Шунингдек, китобхон маҳкумларни турли номинациялар бўйича ҳам рағбатлантириш режалаштирилган.

Маълумки, бирор қилмиш учун жазо шахсни қайта тарбиялаш, такрор жиноят содир этишининг олдини олиш, панжара ортига етаклаган ишидан  пушаймонлик ҳиссини уйғотиб, жамият учун фойдали инсонга айлантириш мақсадида тайинланади. Жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар ўртасида «Энг фаол китобхон» кўрик-танловининг ўтказилиши эса уларнинг онгли равишда қатъий тузалиш йўлини танлашига ёрдам бериши билан ҳам аҳамиятли.