16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Жамият

Мебеллар уйи ўрнида қадимий мадраса бўлганини биласизми?

Қашқадарёга оид

Қашқадарё воҳаси тарихий обидаларга бой. Бизгача сақланиб қолган ёдгорликлар мозий силсиласидан сўз очса, вақт ва инсон омили туфайли бузилиб, бугун фақат номи қолган обидалар ҳам талайгина. Улардан бири Қарши шаҳридаги Мир Бекойбий мадрасасидир.

Таниқли адиба Шарофат Ашурованинг «Насаф муқарнаси» тўпламида қайд этилишича, Мир   Бекойбий мадрасаси 1593-1594 йилларда қурилган. Мадраса тарҳи Боязид Насафий томонидан чизилган. Рухсат этилгани бўйича мадраса Қарши қалъасининг ичкарисида, Кулолон гузарида бунёд этилиши белгиланган. Бугунги кунда тасаввур этадиган бўлсак, Мир Бекойбий мадрасаси Тутак дарвозадан кириб келишда ўнгда, яъни Қиличбой мадрасаси рўпарасида, аввалги Мебеллар уйи ўрнида, «Корзинка» супермаркети яқинида жойлашган. Бу ўқув даргоҳи нуфузи жиҳатидан Абдуллахон мадрасасидан кейинги ўринда турган. Вақф ерлари кўп бўлган. Аммо ҳужралар сони, ўлчами ҳақида маълумотлар топилмаган. Чунки қалъа деворларига қўшиб, марказий йўл ўтказилиши муносабати билан шўролар даврида мадраса пойдеворларигача йўқотиб юборилган. Ҳатто шўро тадқиқотчилари келганда ҳам ундан нишон топилмаган бўлса-да, кўплаб ёзма манбалар бу мадрасанинг мавжуд бўлгани, токи 1917 йилгача фаолият кўрсатганини тасдиқлайди.

Муаррих Мир Муҳаммад Амин Бухорий «Убайдулланома» асарида «Аъламул уламо фақиҳ охунд мулла Садриддин аълам ҳақида» алоҳида тўхталиб ўтади. Муаллифнинг таъкидлашича, мазкур аллома дастлаб ўзи туғилиб ўсган юрт Насаф вилоятида Амир Бекойбий мадрасасида таълим олади ва замонасининг энг пешқадам олимларидан бири бўлиб етишади. У кейинчалик ўз таҳсил олган мадрасада фаолият юритган. Унинг илмдаги довруғи олий ҳукмдоргача етиб борган. Сўнгра олимни Бухорога чақиртириб олган ва аълам унвонини берган.

Манбаларда кўрсатилишича, Мир Бекойбий мадрасаси мударрисининг йиллик иш ҳақи 80 ман ғалла ҳисобида бўлган. Агар 20 ман буғдой 2620 килограмм эканини ҳисобга олсак, мударриснинг йиллик маоши 10 тонна буғдой миқдорича бўлгани ойдинлашади. Мадраса тасарруфидаги ердан олинган ҳосилдан вақф шарти бўйича мутавалли ҳам ушр олган. Қолгани вақф мулки ва иморатлар эҳтиёжига сарфланган. Сўнгра 12 ман буғдой тенг бўлиниб, фаррош ва сартарошга берилган.

Мир Бекойбий мадрасаси фаолиятига доир яна бир ҳужжатда Амир Музаффар ва Абдулаҳадхон даврида Насаф қозиси мулла Бақо хожа судр томонидан қуйидаги маълумотлар ёзиб қолдирилган: «Ожиз банда   дуогўйингиз қози мулла Бақо хожа судр, тасаддуғингиз бўлай ҳазратим, Ҳожи Чорибой мадраса мударриси мулла Жалол хожа олий марҳаматингиз туфайли, муфтилик ва Мир Бекойбий мадрасаси мударрислигига етишди. Юсуф сайёд мадрасаси мударриси ҳожи мулла Қамариддин унинг жойига мударрисликка ўтишдан умидвор бўлиб, дуо қилгайдур. Маоши 20 ман ғалла».

Қайд этилишича, мадрасани қурдирган Мир Бекойбий ибн Қамойбий нафақат Абдуллахон лашкарида хизмат қилган, балки илмда ҳам ўрни бўлгани сабабли хон унга таълим даргоҳи қуришга рухсат берган бўлиши   мумкин. Ҳофиз Таниш Бухорий «Абдулланома» асарида Султон Саидхон ва Худайберди Султоннинг Абдуллахонга қарши уруш қилиши ва бу жангда Амир Бекойбий хон тарафда туриб, жасорат кўрсатганини ёзган. Кейинчалик у Жиззах, Чирчиқ, Сайрам, Сирдарё тарафлардаги жангларда ҳам қаҳрамонлик кўрсатган ва хизматлари муносиб тақдирланган.