16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Илм-фан

Меҳнат бозори учун рақобатбардош кадрлар тайёрланмоқда

Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва меҳнат бозорида рақобатбардош кадрлар тайёрлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналади. Шунга монанд, кейинги йилларда инсон ресурсларини ривожлантириш, меҳнат бозорини ислоҳ қилиш, бандликнинг замонавий шаклларини татбиқ этиш орқали камбағалликни қисқартириш бўйича соҳада кўрсатилаётган давлат хизматлари сифатини ошириш, халқаро андозалар асосида муносиб меҳнат муносабатларини кенг жорий қилиш мақсадида  катта амалий саъй-ҳаракатларга қўл урилди. 

Президентнинг 2024 йил 4 октябрдаги «Камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳасида давлат сиёсатини такомиллаштириш ва самарадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Қарши шаҳридаги «Ишга марҳамат» мономаркази негизида ташкил этилган касбий кўникмалар маркази ана шу ўзгаришларга бир мисол бўла олади.  

Марказнинг йиллик ўқитиш қуввати 2 минг 400 нафар тингловчига мўлжалланган. Бу ерда 2025 йил давомида меҳнат бозорида талаб юқори бўлган 32 йўналишда курслар ташкил этилди. Улар замонавий касблар, хорижий тиллар, рақамли технологиялар ва тадбиркорлик кўникмаларини ўз ичига олади. Барча ўқув хоналари ва устахоналар Жаҳон банки ҳамда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан зарур замонавий жиҳозлар билан таъминланган.

Бизга тақдим этилган маълумотларга кўра, январь-октябрь ойларида 1 минг 985 нафар фуқаро ушбу курсларга жалб этилди. Улардан 1 минг 371 нафари йўлланма, 67 нафари ваучер ва 547 нафари шартнома асосида муайян касб йўналишида таълим олиш мақсадида келган. 

Битирувчилари бандлигини таъминлаш ҳам марказнинг асосий диққат-эътиборидаги масалалардан саналади. Жорий йилнинг 11 ноябрь ҳолатига кўра, 1 минг 709 нафар фуқаро ўқув курсларини муваффақиятли якунлаган бўлса, шулардан 1 минг 500 нафари (87,7 фоиз) иш билан таъминланган.

Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш мақсадида марказда 95 нафар фуқаро инклюзив таълим асосида ўқитилди. Улардан 87 нафари касб-ҳунар курсларини тугатиб, меҳнат бозорига кириб борди. Бу, шубҳасиз, ижтимоий адолатни таъминлаш ва имконияти чекланган фуқароларни фаол ҳаётга жалб этиш йўлидаги муҳим қадамдир.

Бугунги кунда марказ 272 та корхона ва ташкилот билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатган. Бу ҳамкорлик тингловчиларга реал иш муҳитида амалиёт ўташ ва иш тажрибасига эга бўлиш имконини яратмоқда.

Шунингдек, Миграция агентлигининг Қашқадарё вилояти ҳудудий филиали билан ҳамкорликда хорижда ишлашни режалаштирган фуқаролар учун хорижий тил ва касб    курслари ҳам ташкил этилган. 2025 йилнинг январь-май ойларида 81 нафар фуқаро марказда инглиз, немис, рус ва корейс тилларини ўрганди.

Давлат раҳбарининг жорий йил 17 январдаги «2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан марказда меҳнат бозорида талаб ўсиб бораётган тўртта мутахассислик бўйича янги курслар – электромобилларга хизмат кўрсатиш устаси, лифт хизмати мутахассиси, қуёш панеллари бўйича чилангар ва компьютер графикаси оператори йўналишлари ташкил этилгани ҳам аҳамиятга молик.

Бундан ташқари, яқин вақтлар ичида автотюнинг механиги, интерьер дизайнери ва алюмин ҳамда пластик профиллар билан ишлаш устаси курсларини очиш ҳам режалаштирилган.

Айтилишича, ҳозир марказ жамоаси вилоятдаги 12 та йирик иш берувчи корхонадан 776 нафар фуқарони ўқитиш учун олинган    буюртма ижросини таъминлаш борасида фаол ишламоқда. Шу асосда бугунгача 461 нафар фуқаро тикувчи, ошпаз, қандолатчи ва парда тикиш мутахассислиги бўйича ўқув   курсларини тамомлади.

Мухтасар қилиб айтганда, Қарши шаҳридаги касбий кўникмалар маркази бугунги кунда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисларни тайёрлашда илғор тажриба ва янги ёндашувларни амалиётга жорий этмоқда. Марказ битирувчилари нафақат иш билан таъминланмоқда, балки ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, жойларда янги иш ўринлари яратишга ҳам ҳисса қўшаётгани таҳсинга сазовор.

Ўз мухбиримиз

Жамшид НОРҚОБИЛОВ олган суратлар.