16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Олам

Меҳнат муҳофазаси йўналишида муҳим технологик ютуқ

Хитойлик муҳандислар дунёда илк бор робот ёрдамида 10 киловольт кучланишдаги электр узатиш линиясида таъмирлаш ишларини муваффақиятли бажаришди. Бу ҳақда Oddity Central манбаси хабар берган.

Маълум қилинишича, яратилган «робот-электрик» электр узатиш линиясида инсон иштирокисиз таъмирлаш ишларини бажаришга қодир. У юқори аниқликдаги лазер кесиш тизими билан жиҳозланган. Синов вақтида қурилма мустақил равишда симдан қаттиқ изоляцияни кесиб ташлаш, магистрал линияга тармоқ симини улаш, барча бирикмаларни автоматик равишда тортиб, мустаҳкамлаш вазифаларини уддалаган.

Бу ишлар 10 кВ кучланишдаги ток ўтиб турган линияда амалга оширилган. Оддий ҳолатда бундай ишни бажариш учун электрикдан жуда юқори малака ва махсус ҳимоя воситалари талаб этилади.

Мутахассислар таъкидлашича, бу робот электр симлари жуда мураккаб жойлашган нуқталарда ҳам эркин ҳаракатлана олади. Энг муҳими, инсонни ток уриш хавфини тўлиқ бартараф этади.

Бугунги кунда Хитойда мамлакатдаги электр тармоқларини автоматлаштириш ва роботлаштириш бўйича йирик давлат   дастурлари амалга оширилмоқда. Роботлар нафақат таъмирлаш, балки линияларни текшириш, уларда ҳосил бўлган музларни тозалаш ва диагностика қилиш ишларида ҳам қўлланилмоқда.