16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Маданият

Миллий театрнинг 85 йиллик тарихида биринчи марта чет элда қўйилган спектакль

Спектакль ҳақида айтсак, дарров билиб оласиз. Ҳозир унинг муаллифи ҳақида тўхталсак.

Гап таниқли ижодкор Эркин Хушвақтов ҳақида бормоқда. У 1959 йилда Шаҳрисабз туманидаги Чамбил қишлоғида туғилган. Абдулла Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият институти режиссёрлик бўлимида (1979-1983), Ўзбекистон давлат санъат институтининг олий драматургия (1998-2000) курсида таҳсил олган.

Талантли драматург ва режиссёр Эркин Хушвақтовнинг Ўзбек Миллий академик драма театрида Абдулла Қодирийнинг «Меҳробдан чаён» романи асосидаги инсценировкаси (1994), «Чимилдиқ» (1996), «Машраб» (1997), «Қаллиқ ўйини» (2002), «Қирмизи олма» (2003), «Андишали келинчак» (2005), «Рашк» (2008), «Сизсиз ўтмас кунларим» (2010), «Кўнгил» (2011), Ўзбек давлат драма театрида «Эски муҳаббат» (2004), Республика ёш томошабинлар (2004) ва Республика қўғирчоқ (2007) театрларида «Чўпқўғирчоқ», Республика ёш томошабинлар театрида «Ҳалоллик тилаб келдим» каби пьесалари саҳналаштирилган. «Чимилдиқ», «Бир куни Афанди», «Вафо», «Зумрад ва Қиммат» сценарийлари асосида кинофильмлар суратга олинган.

Эркин Хушвақтовнинг «Азон овози» (1991), «Чимилдиқ» (1998), «Андишали келинчак» (2005), «Ҳалоллик тилаб келдим» (2009) китоблари,  «Чимилдиқ» (2009) пьесалар тўплами нашр этилган. Драматургнинг «Меҳмонжонлардан айланай» номли сценарийси асосида суратга олинган 15 қисмдан иборат телесериал ҳам телетомошабинлар олқиши ва таҳсинига сазовор бўлган.

1997 йилда Миллий театрнинг 85 йиллик тарихида биринчи марта «Чимилдиқ» спектакли чет эл сафарларига чиқиб, Қоҳира театр фестивалида қатнашган ва Миср Араб Республикасининг фахрий медали ва байроғи билан тақдирланган. Эркин Хушвақтовнинг «Қирмизи олма» спектакли 2005 йил апрель ойида Туркиянинг Денизли шаҳрида, август ойида Истанбулда, 2006 йил Олмаотада, 2007 йилда Украина театр фестивалларида энг олий соврин – гран-прига сазовор бўлган. Москва, Иркутск шаҳарларидаги гастроль сафарларида хорижликлар эътирофини қозонган.

Эркин Хушвақтов «Отамдан қолган далалар» фильмида Деҳқонбой, «Бир куни Афанди»да мирзо, «Чимилдиқ» фильмида девона, Зулфиқор Мусоқовнинг «Аёл зоти» сериалида Анорбой, Баҳодир Аҳмедовнинг «Судхўр» фильмида Темур ролларини ижро этиб, ўзига хос қиёфалар яратган.

1997 йилдан буён Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Ўзбек театри, кино ва телевидение ривожидаги хизматлари учун 2002 йил «Меҳнат шуҳрати» ордени, 2011 йил Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими унвони билан тақдирланган.