16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Иқтисодиёт

МИРИШКОРДА ИТАЛИЯ БОЗОРИ УЧУН ПОМИДОР ҚОҚИСИ ТАЙЁРЛАНМОҚДА

Экспорт имкониятлари

Замонавий иқтисодиётда табиий ресурс ёки хом ашёга бой бўлишнинг ўзи етарли эмас. Асл ютуқ – уларни илғор технологиялар асосида қайта ишлаб, халқаро стандартларга мос тайёр маҳсулот сифатида ташқи бозорларга олиб чиқишда намоён бўлади. Ана шунда экспортдан олинадиган даромад ортиб, мамлакат иқтисодиёти мустаҳкамланади.

Биздаги қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, етиштирилган маҳсулотларни чуқур қайта ишлаш, экспортбоп ишлаб чиқаришларни қўллаб-қувватлаш ва фермерлар учун янги имкониятлар яратишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар айнан шундай кўрсаткичга эришиш йўлини кенг очаяпти. Натижада ҳудудларда амалга оширилаётган экспорт лойиҳалари иқтисодий самара бериб, янги-янги иш ўринлари яратилишига, маҳаллий брендларнинг халқаро майдонда танилишига замин яратмоқда.

Миришкор туманидаги «Амир Оқмачит чорвадори» фермер хўжалигида қўл урилган янги ташаббус ортидан ҳам истиқболда ана шундай юқори натижа кутилаяпти. Субъект помидорни қайта ишлаб, қўшимча қийматга эга экспортбоп маҳсулот тайёрлашни йўлга қўйган. Яъни Италия тадбиркорлари билан тузилган умумий қиймати 2,5 миллион АҚШ долларига тенг экспорт шартномаси доирасида ушбу мамлакат бозори учун 60 тонна ҳажмда юқори сифатли помидор қоқиси тайёрланмоқда.

– Жорий мавсумда 15 гектар майдонга помидорнинг серҳосил «Рио Гранде» навини экиб, етиштирилган хом ашёни экспортга мўлжаллаб қайта ишлаяпмиз, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Зафар Равшанов. – Маълумки, ташқи бозорда харидор энг аввало маҳсулот сифатига баҳо беради. Шунинг учун биз қўшимча қиймат яратишнинг ҳар бир босқичини халқаро стандартлар асосида ташкил этишга эътибор қаратганмиз. Етиштирилган ҳосилни саралашдан тортиб, қуритиш, қадоқлаш ва экспортга тайёрлашгача бўлган барча жараён қатъий назорат қилинади. Мақсадимиз нафақат хорижлик ҳамкорларимиз буюртмасини муваффақиятли бажариш, балки ўз маҳсулотимиз билан Италия бозоридан мустаҳкам ўрин эгаллашдир.

Дарҳақиқат, бугун Европа бозорига чиқиш учун сифат билан бирга маҳсулотнинг ташқи кўриниши, таъми, сақланиш муддати ва қадоқлаш маданияти ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу боис фермер хўжалиги Туркиядан ушбу соҳада катта тажрибага эга мутахассисларни жалб қилган. Улар маҳаллий ишчиларга маҳсулотни саралаш, таъми ва рангига қараб танлаш, қуритиш технологиясини тўғри қўллаш, замонавий қадоқлаш ва сақлаш жараёнлари бўйича амалий кўмак бермоқда.

– Бугунги кунда 40 нафар хотин-қизни иш билан таъминлаганмиз, – дейди фермер хўжалиги иш юритувчиси Ҳаким Саидов. – Улар ҳар куни ўртача 4 тоннадан зиёд помидор териб, уларни саралайди, махсус ускуналарда бўлакларга ажратиб, қуритиш учун махсус сеткаларга жойлаштиради. Меҳнат жараёнининг ҳар бир босқичи сифат ва санитария талаблари асосида ташкил этилмоқда.

Бу каби лойиҳаларнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, улар қишлоқ аҳолиси, айниқса хотин-қизлар учун доимий иш ўринлари яратиб, оилалар даромадининг ошишига хизмат қилмоқда. Бу эса иқтисодий барқарорлик билан бир қаторда ижтимоий фаровонликни таъминлашда ҳам муҳим омил ҳисобланади.

– Хорижлик ҳамкорлар билан эришилган экспорт келишуви биз учун катта имкониятлар эшигини очади, – дейди Зафар Равшанов. – Агар биринчи ишимиз муваффақиятли якунланса, келгуси йилда экспорт ҳажмини ошириш, экин майдонларини кенгайтириш, ишлаб чиқариш қувватларини кўпайтириш ва яна кўпроқ маҳаллий аҳолини, айниқса хотин-қизларни иш билан таъминлашни режалаштирганмиз. Бу орқали нафақат фермер хўжалигимиз, балки туманнинг экспорт салоҳияти, аҳоли бандлиги кўрсаткичлари ҳам янада юксалади.

Бугун дунё бозорида рақобат нафақат нарх, балки ишонч учун ҳам кечмоқда. Бир марта юқори сифатли маҳсулот етказиб берган ишлаб чиқарувчи кейинги йилларда ҳам ишончли ҳамкор сифатида эътироф этилади. Шу маънода икки миллиард сўм фойда келтириши кутилаётган Миришкордаги мазкур лойиҳа келгусида нафақат Италия, балки Европанинг бошқа мамлакатлари бозорларига ҳам йўл очиши мумкин.

Энг муҳими, бундай ташаббуслар ўзида мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг ҳаётий натижасини яққол намоён этади. Бинобарин, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, экспорт географиясини кенгайтириш, юқори қўшимча қиймат яратиш, янги иш ўринлари ташкил этиш ва миллий маҳсулотларни жаҳон бозорларида муносиб ўринга олиб чиқиш – мамлакат тараққиёт стратегиясининг устувор йўналишларидан биридир.

Шоҳиста БОЗОРОВА