Сараланган сатрлар
Инсон бу ёруғ оламда бошқарувчи ёки бошқарилувчи мақомида яшайди. Модомики, инсон ҳалол, пок, қонунларга ҳурмат, ахлоқ қоидаларига мувофиқ умргузаронлик қиларкан, бошқарилувчи мақомида бўлса ҳам эркин фуқаро сифатида турфа таҳдид-у зулм-зўравонликлардан холи яшашга, бахтли ҳаёт учун қулай шарт-шароитларни талаб этишга ҳақли бўлади. Бошқарувчи, ҳокимият эгаси эса аввало адолатни ўзига шиор этиб, халқ манфаати ва иродасини доим ўйлаб иш тутмаса, узоққа бормайди, бинобарин, тарих саҳифаларида номи “ёвуз, золим, худбин, популист” каби тамғалар билан битилган “ҳокими мутлақ”лар кам эмас. Айрим тахт эгалари қўл урган ишлар асрлар давомида ибрат намунаси сифатида ёдга олинса, баъзиларининг фақат қора ишлари тарих қатларида сақланиб қолган.
Табиийки, халқ ва ҳокимият ўртасидаги муносабатлар бадиий адабиётда ҳам ўз аксини топган. Улар орасида қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов ва қозоқ адиби Мухтор Шохонов суҳбатларидан таркиб топган “Чўққида қолган овчининг оҳи-зори” асари алоҳида ўрин тутади.
Китобда ўтган аждодлар руҳига ҳурмат, маънавий мерос ва қадриятлар олдидаги масъулият, келажак авлод тақдири, одамзоднинг табиат неъматларига муносабати, тил ва миллат уйғунлиги, Ватан қадри, муҳаббатнинг инсон тақдиридаги ўрни каби масалаларга ҳам алоҳида ўрин ажратилган.
* * *
Демокрит: “Давлатни бошқариш санъати – санъатларнинг энг улуғидир”, деган эди. Кўпинча бутун бошли халқнинг тақдири бир кишининг – ҳукмдорнинг қўлида бўлади.
* * *
Чарм ковуш кийиб, чакмон ёпиниб юрган мамлакат вақти-соати келиб буюк давлат бўлишига заррача шубҳа қилмади. Айни пайтда Пётр россияликларга бениҳоя тарвақайлаб кетган соқол-мўйловларни қириб юриш ва рўдапо кийимларни тартибга солиб, қисқартириш тўғрисида фармон берди. Меъёр нималигини билмайдиган рус эркакларини ичкиликбозликдан қайтариш учун оғир чўян медаль қуйдирди ва пиёниста кимсаларни халқ олдида уялтириш мақсадида ўша медални бўйниларига тақтириб қўйди. “Агар кимда-ким ўз ота-онасини ҳурмат қилмаса, у давлат жиноятчиси деб ҳисоблансин ва оғир жазога тортилсин. Агар кимда-ким карра жадвалини (арифметика) билмаса, унга уйланишига рухсат берилмасин”, деб фармон чиқаради Пётр. Подшоҳнинг бундай фармонлари жоҳил мамлакатни аста-секин тараққиёт сари суриб бораверади.
* * *
Маълумки, 1731-йили Россия империяси билан қозоқларнинг ғарбий ўлкалари ўртасида дипломатик алоқа ўрнатилади, шартнома тузилади. Қозоқларнинг Кичик ва Ўрта жуз уруғига мансуб бўлган бийлар, ҳокимлар, оқсоқоллар, ботирлар ҳар хил совға-саломлар билан Санкт-Петербургга етиб борадилар. Қироличага ҳурмат кўрсатмоқчи бўладилар. Анна Иоановна олдиндан қозоқ саҳросидан келган элчиларни қабул қилишга рози бўлади. Битта татар-тилмочни ёллаган нуфузли элчилар ҳар куни қироличанинг остонасига бош уриб бораверадилар. Қиролича билан уч-тўрт оғиз гаплашмоқчи бўладилар. Кунлар кетидан кунлар, ҳафталар кетидан ҳафталар ўтаверади, лекин қироличанинг тилло эшиклари элчилар учун асло очилмайди. Ниҳоят, сарой мулозимлари олис юртлардан пойтахтга келган қозоқлар бир неча ойдан буён остонада мунтазир бўлиб туришганини Анна хонимга эслатадилар. Шунда жиззаки хотин:
– Фавқулодда муҳим иш чиқиб қолди. Голландия қироли менга совға қилган маймун бугун эрталаб болалади. Болалари бирам чиройлики, асти қўяверасан! Бу ишлардан бошим оғриб турибди. Афсуски, уларни қабул қила олмайман, – деб жавоб беради.
* * *
Фолбинлик қобилияти билан ном чиқарган Рим императори Тиберий ўзининг келажакдаги вориси бўлмиш Калигула тўғрисида: “У ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам яхшилик қилмайди. Фақат римликларга эмас, балки бутун дунёга мусибат келтирадиган илон вояга етяпти”, деган эди.
Ниҳоят, тахтга янги ўтирган император дастлабки пайтлари жуда ғайратли, меҳрибон бўлади. Илгари тарқатиб юборилган сенатни қайта йиғади, обрў-эътиборли Рим зодагонларига фахрли мансабларни таклиф этади. Ливий билан Тиберийнинг вафотидан сўнг қолган битмас-туганмас бойликларни марҳумларнинг васиятларига биноан римликларга баробар тақсимлаб беради.
Буларнинг ҳаммаси хўжакўрсинга қилинади. Бирмунча вақт ўтгач, ҳокимият жиловини бутунлай қўлга олишга улгурган Калигула қутуриб кетади.
“Унинг бемаънилиги, тентаклиги чегара билмасди, – деб ёзадилар қадимий муаррихлар. – У ўзини тирик худо деб эълон қилади. Мулозимлари кечаси-ю кундузи унга хушомад қилардилар, сажда қилардилар. Одамларнинг итоатгўйлигидан мамнун бўлган Калигула: “Кўргани кўзлари бўлмаса ҳам майли, фақат қўрқиб туришса бас”, деб такрорлашни яхши кўрарди.
* * *
Овидий Кассий Сурияда императорга қарши фитна ҳозирлайди. Лекин, чопар орқали ҳамтовоқларига жўнатган мактуб қўлга туширилиб, Марк Аврелийга етказилади. Шунда Аврелий мактубни ҳеч кимга ўқитмасдан ўтга ташлаб куйдириб юбориш тўғрисида фармон беради. У душманлари ким эканини билишни истамайди, кейинчалик ўзи истамаган ҳолда уларни ёмон кўриб қолишдан чўчийди.
Овидий Кассийга нисбатан кўнгилчанлик қилган Марк Аврелийнинг саъй-ҳаракатидан ҳайрон бўлган битта римлик: “Агар ўша сотқиндан енгилиб қолганингизда нима бўларди?” деб сўрайди. “Худойимга нима ёмонлик қилган эдикки, биз сотқиндан енгилиб қолсак?” деб саволга савол билан жавоб қайтаради Марк Аврелий.
* * *
Туркистон тупроғида туғилиб, ўзгалар мамлакатининг гуллаб-яшнаши учун беқиёс ҳисса қўшган бобокалонимиз Анахарсисга Юнонистонда улуғвор ёдгорлик ўрнатилган. Ўша ёдгорликнинг пойдеворига: “Менинг тилим – менинг душманим”, деган сўзлар михлаб қўйилган. Одамларнинг хотирасида Анахарсиснинг қуйидаги иборалари ҳалигача сақланиб қолган: “Кема қурилган ёғочнинг қалинлиги тўрт энлик эканини билган одам кемада кетаётиб ўлим билан унинг ўртасидаги масофа ҳам тўрт энлик эканини унутмаслиги керак”.
* * *
Айтишадики, шафқатсиз ҳукмдор ўзидан кейин ёмон ишларини, олижаноб ҳукмдор эса яхши номини қолдиради.
* * *
Кейинги пайтларда: “Сиёсат – ифлос иш” деган ибора пайдо бўлди. Дарҳақиқат, агар кўрнамак, ахлоқсиз, ғараз ниятли кимсалар сиёсат билан шуғуллансалар, мамлакат таназзулга юз тутади. Ҳукмдорнинг обрў-эътибори бир пулга қиммат бўлиб қолади. Худди ўшандай ҳукмдорлар тўғрисида бояги ибора жуда топиб айтилган.
* * *
Қирол Сиамнинг оила аъзолари бегона одамларнинг ўзларига қўл тегизишини қатъиян тақиқлаб қўйган эдилар. Бундан фақат бир нечта мулозим истисно этиларди. Қўл бериб кўришишгина эмас, ҳатто тасодифан кўйлакка тегиб кетиш ҳам ман этилганди. Бундай манманликнинг охири вой бўлиши турган гап эди.
Ажойиб ёз кунларининг бирида қиролича Сунанда қайиқда кўл бўйлаб сайрга чиқади. Қўққис кучли шамол эсади-ю қайиқни ағдариб юборади. Зоти олияларининг жон ҳолатдаги қичқириқларини эшитиб, юзлаб сарой хизматкорлари соҳилга югуриб келадилар. Бироқ, ҳеч ким сувга ўзини ташлаб, қироличани қутқариб олишга журъат этолмайди. Чунки, ҳар бир киши қироличанинг кўйлагига тасодифан қўл тегиб кетса қандай оғир жазога гирифтор бўлиши мумкинлигини жуда яхши биларди.
Нима қилмоқ керак? Тўс-тўполон пайти кимдир қиролнинг яқин мулозимларидан биттасини чақириб келгани чопиб кетади. Аммо, истисно қилинган зот етиб келгунча қиролича сувга чўкиб ўлади.
* * *
Эрамиздан аввалги 551-479 йиллари Хитойда машҳур файласуф, мутафаккир Конфутсий яшаган. Қадимий Хитойнинг кўплаб ҳукмдорлари ўз фаолиятлари давомида унинг васиятларига, кўрсатмаларига амал қилганлар. Хитойнинг золим ҳукмдорларидан биттаси Конфутсийга нисбатан ҳурмат-эҳтиромини баён этиб:
“Агар мамлакатни бошқарув жараёнида хатога йўл қўйсак, буюк устозимиз бизнинг гуноҳимизни асло кечирмайди”, деган экан. Ҳукмдорлик, давлатни бошқариш санъатига бағишланган Конфутсийнинг фикр-мулоҳазалари жуда ибратли. Айниқса, ўн саккиз минг нафар донишманд замондошлари тўғрисидаги фикр-мулоҳазалари ҳозир дунёдаги деярли барча тилларга таржима қилинган.
“Ҳар бир киши ўз зиммасидаги вазифани ҳалол адо этмоғи лозим. Ҳукмдор – давлатни бошқаради, ҳунарманд – ўз ҳунари билан машғул бўлади, ота ўзининг оталик бурчини бажаради, ўғил эса ўзининг фарзандлик бурчини адо этади. Агар ҳаётнинг мана шундай оддий қонунлари бузилса, давлат ич-ичидан ириб-чириб кетади. Тартиб-интизом, ўзаро ҳурмат йўқолади. Мамлакатда нифоқ, уруш-жанжал, фитна авж олади. Мисли кўринмаган ёнғин ҳам кичик учқундан чиқади…”
* * *
Бир куни Сталин масъул ходимларни хонасига тўплайди-да: “Қарасам, халқни қандай бошқариш тўғрисида бош қотириб юрибсизлар. Ҳокимият тепасидаги подшо худо эмас, лекин худодан кам жойи ҳам йўқ. Қўл остингдаги халқ бутунлай сенга итоат этиши учун нима қилмоқ керак? Кўриниб турибдики, билмайсизлар. Ҳозир мен сизларга кўрсатаман…” У битта товуқ олиб келинглар, деб амр қилади. Хонага товуқ келтирадилар. У товуқни қўлига олиб, шафқатсизлик билан патларини юлиб ташлайди. Сўнгги пати юлиб олинган товуқ қип-қизил гўштга ўхшаб қолади. Сталин товуқни ерга қўяди-да: “Энди қараб туринглар-чи, бу товуқ қаёққа борар экан?”, дейди. Азоб-уқубатларни бошидан кечирган товуқ бечора қаёқларгадир қочиб кетмоқчи бўлади-ю, лекин офтобга чиқса – иссиқ куйдиради, салқин жойга борса – совқотади. Ҳафсаласи пир бўлган товуқ, ниҳоят, Сталиннинг оёқлари остига келиб жон сақлайди. Шунда доҳий чўнтагидан бир сиқим дон чиқаради-да, товуқнинг олдига сочиб қўяди ва ўзи хона бўйлаб уёқдан-буёққа бориб келаверади. Анави шўрлик товуқ ҳам доҳий орқасидан бир қарич узоқлашмасдан эргашиб юраверади. Сталин оғзини очиб ўтирган ходимлар қаршисига келиб тўхтайдию: “Қалай, кўрдиларингми? Халқ ҳам мана шу товуққа ўхшайди. Халқнинг ҳам патини юлиб, қўйиб юбориш керак. Шунда уни бошқариш осон бўлади”.
* * *
Махсус кўрсатма олган вилоят, шаҳар, туман раҳбарлари енг шимариб ишга киришадилар ва тантанали мажлисда Брежнев нутқ сўзлаётган пайтда 73 марта гулдурос қарсак чаладилар. Шундай қилиб, лаганбардорлик, хушомадгўйлик плани украиналик ўртоқларга нисбатан икки баробар ортиғи билан адо этилади. Гувоҳларнинг айтишича, “бош” йўналишга бағишланган нутқни бу қадар иззат-икром билан тинглаётган одамларга қараб бечора Брежневнинг кўзларида шода-шода ёш пайдо бўлган экан. Бу воқеани хушомадгўйлик бўйича бемалол Гиннеснинг рекордлар китобига киритиш мумкин.
* * *
Агар қонун посбонлари билан жиноятчилар ўртасидаги муносабатлар порахўрлик асосида қурилган бўлса, демократия жар ёқасига бориб қолади.
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

