Мамлакатимиз Президенти «Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида» қарор қабул қилди. Унга асосан Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги тегишли комиссиянинг 28 нафар иқтидорли қизни Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.
Эътироф
Аъло хулқи, ноёб истеъдоди, зукколиги, ташаббускорлиги, ўқишдаги муваффақиятлари ҳамда таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари соҳаларида ва жамоатчилик фаолиятида эришган алоҳида ютуқлари учун ушбу юксак мукофотга сазовор бўлганлар орасида қашқадарёлик истеъдодли қизлар, жумладан, Гулистон давлат университетининг санъатшунослик факультети 1-босқич талабаси Жасмина Эркин қизи Шералиева ва Халқаро қишлоқ хўжалиги университетининг қишлоқ хўжалиги факультети 3-босқич талабаси Мадинабону Маҳаммадриза қизи Маҳаммадризоева ҳам бор.
2007 йилда Шаҳрисабз туманида туғилиб, жорий йилда ўзининг 18-баҳорини қарши олган Жасмина Шералиева санъатнинг анъанавий хонандалик йўналишида ижод қилади. Ёшлигидан миллий мусиқа ва қўшиқларга меҳр қўйган бу қиз олий ўқув муассасасига киришдан аввал Шаҳрисабз тумандаги 47-сонли мактаб ҳамда Қарши ихтисослаштирилган санъат мактабида таҳсил олиб, ўқувчи давриданоқ ноёб иқтидорини намоён этиб келмоқда. Жасминанинг бу соҳадаги дастлабки катта ютуқларидан бири 2021 йилда мамлакатимизда адабиёт, санъат ва маданият соҳаларида фаолият юритаётган истеъдодли ва ташаббускор ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган «Ватан тараққиётига менинг ҳиссам» республика танловида «Миллий мақом ва миллий эстрада» йўналиши бўйича қўлга киритилган ғолиблик эди. Кейинги йилларда эса бу иқтидорли қиз «Баркамол авлод», «Санъатим сенга, обод юртим!», «Ёш мақомчи» ва бошқа бир қатор ижодий кўрик-танловларда муваффақиятли иштирок этиб, совринли ўринларни эгаллади. 2023 йилда «Ўзбекистонда таълим» журнали таҳририяти билан фаол ижодий ҳамкорлиги ҳамда ўзбек миллий мақом санъати йўналишидаги иқтидори ва муваффақиятлари учун «Истеъдод» кўкрак нишони билан тақдирланди. Бундан ташқари, ўша йили Жасминага Қозоғистон Республикаси «Қўш қанот» ижод жамғармаси томонидан таъсис этилган «Хизмат кўрсатган ижодкор» ва «Халқаро хизматлари учун» кўкрак нишонлари ҳам топширилган. Айни пайтда хонанда Россияда бўлиб ўтган халқаро онлайн танловда ғалаба қозониб, биринчи даражали дипломга сазовор бўлган. Яқинда эса «Инновацион тадқиқотлар самарадорлигини ошириш моделлари ва методлари» мавзусидаги халқаро онлайн-конференциянинг материаллари тўпламида Жасмина Шералиева ҳаммуаллифлигидаги «Мусиқанинг моҳияти – яхшиликдир» мақоласи чоп этилди.
Зулфия номидаги Давлат мукофотининг бу йилги яна бир совриндори Мадинабону Маҳаммадризоева 2001 йилда Косон туманида туғилиб, ҳозирги пайтда Тошкент шаҳрида Буюк Британиянинг Royal Agriculture University (Қироллик қишлоқ хўжалиги университети) билан ҳамкорликда ташкил этилган Халқаро қишлоқ хўжалиги университетида таълим олмоқда. Адабиётнинг шеърият ва таржимонлик йўналишида ижод қилаётган бу ноёб истеъдод эгасининг шеър ва ҳикоялари, илмий ва публицистик мақолалари, таржималари нафақат вилоят ва республика, балки Аргентина, АҚШ, Кения, Миср, Россия, Таиланд, Туркия, Хитой, Ҳиндистон каби мамлакатларнинг газета ва журналларида чоп этиляпти. Айни пайтда Қашқадарё вакиласи ўзи ҳамкорлик қилиб келаётган бир қатор хорижий нашрларнинг Ўзбекистондаги элчиси саналади.
Мадинабону чет эл адибларининг асарларини ўзбек тилига ва ўзбек адабиёти намояндалариларнинг асарларини хорижий тилларга таржима қилиб келмоқда. Ўзбек, рус, инглиз ва араб тилларида ёзилган бадиий асарлари ва илмий мақолалари халқаро танловларда фахрли ўринларни эгаллаган. Масалан, қашқадарёлик қиз 2021 йилда «Ватан» шеъри учун Марокашнинг «Nelson Mandela» сертификати, 2022 ва 2023 йилларда эса «Ўзбекистоним» шеъри ва фаол ҳаётий позицияси учун Ҳиндистоннинг «Namaste India» журнали томонидан махсус сертификат ва «International womania» мукофоти билан тақдирланган. 2023 йилда Мадинабону Малайзиянинг Куала Лумпур шаҳрида бўлиб ўтган «Miss International Translator» – «Халқаро таржимон хоним» халқаро танловида муваффақиятли иштирок этиб, Гран-прига эга чиққан, тинчлик танловида биринчи ўрин эгаллаб, Африка қитъасидаги «Elysians Africa» журнали томонидан медаль ва сертификат билан мукофотланган ва айнан шу йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ташкил этилган Зомин семинарининг республика босқичи совриндори ҳам бўлган.
Кейинги йилларда Польшада «Women in tech» («Хотин-қизлар технологиялар жабҳасида») хотин-қизлар саммити ҳамда яна кўплаб халқаро конференциялар, ўқув курслари ва лойиҳаларда фаол қатнашган Мадинабону Маҳаммадризоева ўзбек тилидаги «Wikipediya» интернет-энциклопедияси элчиси ҳамда Қозоғистон ва Қирғизистондаги қатор ижодий уюшмалар аъзоси ҳисобланиб, юртимиздаги босма ва интернет нашрлари билан ҳам фаол ҳамкорлик қилмоқда. Яқинда эса унинг ёшлар инглиз тилини тез ва осон ўрганиши учун янги методларга асосланган «New Time New English» китоби нашрдан чиқди.
Президент қарорига мувофиқ, Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланганларга совриндорлик дипломлари ва кўкрак нишонлари 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказиладиган байрам тантаналарида топширилади.

