16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Жараён

НОСОҒЛОМ МУҲИТ БИЛИМ ВА САЛОҲИЯТ ЙЎЛИНИ ТЎСАДИ

Қарор ва ижро

Меҳнат соҳасида ходимларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, хавфсиз, ҳурматга асосланган ва камситишдан холи иш муҳитини таъминлаш, тазйиқ, зўравонлик ва шу мақсадда хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш ҳолатларининг (workplace harassment) олдини олиш, бундай ҳолатлар юзасидан мурожаатларни холис, тезкор ва шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликка асосан кўриб чиқиш инсон қадри устувор бўлган жамиятнинг муҳим талабига айланиши шарт. Президентнинг 2026 йил 21 сентябрдаги «Меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори айнан шу мақсадни кўзда тутгани билан ғоятда аҳамиятлидир.

Ҳужжатда давлат органлари ва ташкилотларида, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларда ҳамда устав капиталида ушбу юридик шахсларнинг улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган субъектларда, шунингдек, мулкчилик шаклидан қатъи назар бошқа корхона, ташкилот ва муассасаларда Меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш дастурини босқичма-босқич жорий этиш назарда тутилган.

Ана шундан келиб чиқиб, Президент ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги Қашқадарё вилояти филиали томонидан вилоятдаги олий таълим ташкилотларининг профессор-ўқитувчилари ва малакали педагогларидан иборат 50 нафар тренер жалб этилиб, ҳудудларда қарор мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш, унда белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари ва мансабдор шахслари иштирокида қисқа тренинг курслари, семинарлар ташкил этилмоқда.

Машғулотларда меҳнат соҳасида тазйиқ, жинсий ва жисмоний зўравонлик, шаҳвоний шилқимлик, руҳий босим, таъқиб, камситиш ва шу мақсадда мансаб мавқеини суиистеъмол қилишга қаратилган ҳаракатларнинг, уларга оид ҳуқуқбузарликлар яширилишининг олдини олиш; бундай ҳолатлар содир этилганлиги бўйича мурожаатларни қабул қилиш ва холисона баҳо берилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш, мурожаат этган фуқароларнинг шахсига оид маълумотларни ҳимоя қилиш юзасидан маърузалар ўқилмоқда ва амалий тавсиялар берилмоқда.

Президент қарорида ахборот-коммуникация воситаларидан фойдаланган ҳолда тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларига оид мурожаатларни онлайн қабул қилиш ҳамда кўриб чиқиш жараёнларини рақамлаштириш мақсадида «Хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳити» ахборот порталини жорий этиш назарда тутилгани ҳам эътиборга молик. Бундан мақсад, нафақат тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, балки давлат органлари ва ташкилотлари, турли корхона ва муассасаларда ҳар бир ходимнинг ҳали тўлиқ намоён бўлмаган қобилияти, касбий ва ижодий имкониятларини юзага чиқариш, меҳнатга бўлган қизиқиши ва ташаббускорлигини ошириш учун қулай муҳит яратишдир.

Зеро, инсон ўзини қадрланган ва ҳимояланган ҳис этган жамоада фикрини эркин билдиради, янгиликка интилади, масъулиятни чуқур ҳис этади. Аксинча, носоғлом муҳит, асоссиз танқид, руҳий босим ва таъқиб қилиш ҳатто энг билимли ва салоҳиятли ходимнинг ҳам ташаббускорлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Айни пайтга қадар Қашқадарёда давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари ҳамда мансабдор шахсларидан 1700 нафардан ортиғи ўқитилган тренинг курслари, семинарларда ўзаро ҳурмат, адолат ва очиқ мулоқотга асосланган бошқарув маданиятини мустаҳкамлаш масалаларига ҳам алоҳида аҳамият қаратилгани шундан.

Хулоса шуки, инсон қадрланган жойда ишонч, ишонч бор жойда ташаббус, ташаббус бор жойда эса юксалиш ва тараққиёт бўлади. Хавфсиз ва ҳурматга асосланган меҳнат муҳитининг асл моҳияти ҳам ана шунда кўринади.

Холмўмин АЗИЗОВ,

Бошқарув самарадорлиги агентлиги Қашқадарё вилояти филиали бошлиғи ўринбосари