Аҳмад Аъзам ўзбек адабиётида ўз ўрни, услубига эга адиблардан саналади. Уни кўпчилик «Ўзлик» кўрсатуви орқали яхши билади. «Асқартоғ томонларда», «Рўё ёхуд Ғулистонга сафар», «Ҳали ҳаёт бор», «Соясини йўқотган одам» каби китобларини ўқиган китобхон эса чинакам ихлосмандга айланади. Адиб қисса, ҳикоя ва мақолаларидан сараланган лавҳаларга кўз югуртириш асносидаёқ бунга тўла амин бўласиз.
Сараланган сатрлар
***
Ҳақиқатан-эй, ёмон гап ҳам шу, бир чиқмасин, кейин тамом – тўхтамайди, ўзича кўпайиб, болалаб кетаверади. Мана, бир одамнинг мазаси йўқроқ экан, деб кўринг, шунчаки, жўрттага гап чиқаринг, кун ўтмай, ўзингизни унинг жанозасига айтиб келадилар, бормасангиз, яна одамгарчиликдан чиққанга йўядилар. Ўлсанг, сенинг ўлигингни ҳам шу одамлар кўтаради-ку, деб қўрқитадилар яна. Ўв биродарлар, эс жойидами, ўзим тўқиган миш-миш бу, оқибатини ўйламабман, деб ҳаргиз урининг, бориб аллақачон унинг оиласидан кўнгил сўраганларни шафе келтирадилар. Ҳай-ҳай демасангиз, савоб учун гўрига етти кетмон тупроқни зўрға санаб тортганлар ҳам чиқиб қолади.
***
Ходимларнинг айтишиб қолганлари, тартибсизлик ё кечикишларини, иложи бўлса, кўриб кўрмасликка олади, устидан чиқиб қолса, ноилож, астойдил куйинади: «Тартиб яхши-ку, нима қиламиз бузиб, а?», «Ўн беш дақиқа барвақт уйғониш яхши-ку, нима қиламиз кўп ухлаб, а?» ё «Тинчгина ишлаб юрганимиз яхши-ку, уриш-жанжалдан барака топармидик, а?» дейди бунақа пайтлари.
Абдузафар ака яхшиликни яхши кўради.
***
Рафиқа киши минг чиройли бўлмасин, музейга қўймайсан… ахир, эй, яшаш керак у билан!
***
Кўмир – ёнади, қоронғу – қора – ёнғу. «Ёнғу» деган сўз борми-йўқми? Бўлса керак. «Чолғу», «аёлғу», «бурғи», «ёқилғи», «ёнилғи»… Йўқ, бу ёғига бачканалашдик. Лекин нимадир бор! «Қора», «қоронғу» – бир-бирига боғлиқ-ку. Шундай-да. Қоронғу – қора – ёнғу, қора ёнувчи, қора нур. Қоронғу қора нур бўлиб тарқалади. Кундуз куни ҳам таралиб-тарқалиб кетаверади ўз-ўзича… Бунақа ўхшатишлар куракда турмайди-ю, лекин қора кўмир билан қоронғулик ўртасида нимадир боғланиш бор…
***
Одам кирасини берадиган таксига ўтирганда қанча ҳаво олади-ю, ўзига биркитилган машинадан таъсирланмайдими!
***
Тинч, ҳаёт бир маромда кечадиган ишхоналарда одамларнинг кўнгли доим янги гапга, ҳатто ёмонликка бўлса-да, нимадир ўзгаришга ташна туради.
***
Талант эмиш. Бу ҳам дудама тиғдек бир нарса-да, қанча ўткир бўлса, шунча ўзингни кесади, солиниб турадиган қини бўлмагандан кейин.
***
Раҳбар нотинч бўлгандан кейин, жамоанинг ҳам пайтавасига қурт тушади. Шохига урсанг, туёғи зирқирайди, дегани шу-да.
***
Ишдаги одамлар учун эркин бир жой бўлиши керак. Мана, маҳаллада кўча, истаган одам чиқади, айланади, биров қўй, демайди, чунки ҳамманики-да, нима ишинг бор, ўзинг ҳам юравер, бошқаларга халал бермасанг бўлди-да. Кўчага бир киши хўжайин эмас, бу ақлга ҳам сиғмайди. Бу ерда эса бир одам бутун бошли долонни ўзиники қилиб олган, лекин биров юрак ютиб ғинг демайди. «Биз ҳам одам, балки бизнинг ҳам долонда қўлимизни белга қўймасак ҳам, таҳрирдан толиқиб қотган бармоқларимизни қирсиллатиб, ҳуштак чалмасак ҳам, минғирлаб хиргойи қилиб юргимиз келар», деб айта оладиган тил йўқ.
***
Бугун ҳам ўтди-эй. Ҳеч бир иш қилингани йўқ, лекин асаббозлик бир дунё. Йўқ ердан йўқ хавотир, бўлмағур ташвишлар. Шунга қанча одам хафа, қанчаси безовта. Одамнинг ҳаёти шунақа майдами, а? Кун кетидан кун ўтади, ташвишинг борган сари зиёда, қилган ишингнинг тайини йўқ.
***
Одам бу дунёда ёлғиз эмас. Кейин, у фақат ёмонлик ичида, ёмонлик кўриб яшамайди, унинг умр йўли яхшиликлар силсиласидан иборат.
Нуқул ёмонлик ҳақида ўйлайдиган одам ўзига ёмонлик қилиб яшайди.
***
Жуда қизиғ-а, мактабни аъло баҳолар билан битирган, ростдан ҳам аълога ўқиган пешқадам ўқувчининг ўзи институтга киролмаса! Ўзи киролмайди, вассалом! Ундан зўрлари ҳам бўлган-да, десангиз, ўқишга киргандан кейин шунақа зўрларни кундуз куни чироқ ёқиб ахтарасиз. Қойилми? Йўқ, қойил бўлмай қўйгансиз.
***
Ёмонлик ҳам умрга ўхшаб ўлчаб берилган.
***
Айвонга бир аниқ мақсадда чиққаним йўқ, шунчаки ҳар кунги одатим, мана уйқудан уйғондик, дунёга яна бир қараб қўяйлик, ўзимизни ҳам кўрсатайлик деб қарадим. Дунё ҳам ўша-ўша, лекин шу кўринишида ўзининг эмас, менинг ўзгарганимни белги қилаётган бир нарса бордек, шу калаванинг учини тополмай, кўнглим доим ўзи таяниб турадиган таянчларини йўқотиб қўйгандек омонат эди, агар тушунтира олган бўлсам. Ижарада бир ўзим турганимдан эмас, ана шу хаёллар чулғаб олгани, бу хаёллар исканжасида якка эканим ва ёнимда ҳатто ҳамхона дўстим яшаганда ҳам, унга бу аҳволимни айтганим билан, нафақат у, дўст, балки умуман ҳеч ким тушунмаслиги, ҳеч бировга тушунтириб беролмаслигим учун ҳам маҳкум ёлғиз эдим.
***
Дод деб юборгинг келади – қоғозга додлайсан одам! Қоғознинг эса фақат қулоғи бор, оғзи йўқ – садо бермайди! Ахир, ҳамдардга додлайсан-да, одам!
Тилда атай бузғунчилик билан давлат қонунини бузиб, бунақа кинолару қўшиқларни ясаб ташлаётган, ҳаммаёқни чет атамалару чаласавод ёрлиқ, реклама матнларига тўлдираётган, алламбало алфозда жилд-жилд босмаларни «бадиий асар» деб чиқараётган, эфирда қанақадир яроқсиз «ўзбекча» вағиллаб турганлар шу лоқайдлик ботқоғимизда гуркираб ўсаётган алафлардир ва уларни инсофга чақириш, тарбияли бўлишга ундаш, тил – бу тафаккуримиз замини, миллий бойлигимиз – ўзлигимиз, уни бузиш эмас, қўриқлаш, асраш, тозалаб туриш лозимлигини уқтириш ҳам бефойда. Худди мен ёзаётган шу гапларни ҳам деворга гапираётганим каби.
***
Биринчи муҳаббат менинг ҳам эсимда экан-у, аммо туйғунинг ўзи йўқолиб қолибди. Бўлмаса, бир қизни иккинчи синфдалигимдан тортиб то мактабни битиргунча яхши кўрганман, ҳар куни, ишонасизми, ҳар куни унинг отини айтиб ухлаганман, уйғонганимдан кейин ҳам тилимга келган сўз – унинг оти бўлган. У қиз менга мойил бўлганми, йўқми, билмайман-у, лекин ўзим уни жуда қаттиқ яхши кўрганман. Ўша ширин азобларимнинг ҳаммасини эслайман, лекин кўнглимда қилт этган туйғу йўқ. Кейин эсласам, биринчи севгимдан совиб, энди нима кераги бор, деб кўнглимнинг бир гадойтопмас бурчагига тиқиб қўйган эканман, мана, тополмайман.
***
Э-э, бу замон қаёққа қараб кетяпти, ўтган ўртача ёзувчиларимиз майли, лекин нимага буюкларимиз ҳам эътибордан қоляпти, ҳа, ҳаммасига ОАВ, кўча матбуоти, Интернет сабабчи, адабиётга эса ғарбдан модернизм балоси кириб келяпти деб, ёмоннинг кучини япалоққа кўрсатамиз; кучимизни ўзимизга нисбатан ёш, лекин аллақачон элликни қоралаб, олдинга ўтишга одоб сақлаб турган адибларимиз ё шоирларимизга кўрсатамиз, янгича бадиий тафаккур ўзгаришларини ёт таъсирларга йўйиб, қани анъаналаримизга садоқат, қани буюкларимиз хотирасини ҳурматлаш деб наъра тортишга чоғланамиз – бефойда, ёшлар ғадир-будур бўлса-да, ўзлари кашф қилган йўлдан кетаверади, ўтмишимизнинг чўнг қояларини дарсликларда тиклаб қўйган бўлсак-да, уларга қарамайди. Ҳа-я, тортадиган наърамиз ҳам ичимизда – китоб ўқимагандан кейин ўтмиш изтироби билан ёзилган мақоламизни ҳам ўқимайди-да. Кейин, ўн кун, бир ой ўтириб ёзган мақо-ламизга ўзи зўрға кун кўраётган га-зета ҳемири ҳам бер-майди.
Дамимизни ичи-мизга ютиб ўти-раверамиз.
***
Сўзга чечан бўлмаган таржимонни асл матн қурбақани ром этган илондек ўз домида тутиб туради, эркин ўгиришига қўймайди, у муқобил сўзлар танлашда ихтиёрини йўқотишдан ташқари, таржима этилаётган тилнинг ифода хоссаларини ўз тилига ҳам тўғридан тўғри, «калка» йўли билан кўчиришга ўтиб олади.
***
Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,
Бошқалар йиғласин, мен йиғлаб бўлдим.
Ўзимнинг пушаймонларим бор: шу бир-икки учрашувда яқин бўлгандек бўлдик, Миртемир юрагини очиб гапирди. Ҳозирлари ўзимдан хафа бўлиб кетаман: домлани гапга солиб, бошидан нималар ўтганини бир-бир ёзиб олмайманми! Шу тўртликни ўқиш билан катта кўнгил китоби очилай деган эди-ку! Мен нодон дунё адабиётига шайдоман деб ёнимдан ўтиб кетаётган озурда дунёни кўр-маганман. Бу дунё икки йилдан кейин қайтиш бўлди, ўзи билан қатағоннинг айтиш таъқиқ ҳасратларини олиб кетди, бизга фақат ишоралари қолди.
***
Бир мунг келади, қадимлардан тўғри чиқиб, кўкрагимни қийиб ўтганича эртанги кунимга тортилиб туради бу ингичка сим дор. Болалик кунларим шу дорга тизилган.
***
Ўзим ҳақимда «Мен…» деб гап бошламоқчи бўлсам, «меним»да шундай ажойиб инсонларнинг катта ўрни борлиги эсимга келади-да, энг аввало улар ҳақида гапириб, қарзимни узишим керак, деб индамай қоламан.
***
Саид уйланганда куёвжўра бўлиб борган эдим, қишлоқнинг болалари «Вуй, манови кишининг сочини!», деб орқамдан дув эргашган, чимилдиққа Саидни олиб кираётганимизда, уларнинг «кампир ўлди» деган одати бор экан, бир кампир остонага ётиб олди, энди шунга уч сўмми, беш сўмми берсак, у ётган жойидан тирилиб туриб, куёв билан унинг жўраларини ўтказиб юборар экан, ётиб олган эди, мен «Босиб ўтиб кетаверамиз, қари кампир экан, э-э, ўлса ўлибди-да», деб ҳазиллашсам, бошини мундай буриб менга қаради, сочимга кўзи тушиб, «Вой, бу одамёввойи ростдан босиб кетади!» деб сакраб туриб кетган эди…
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.


Leave feedback about this