16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Маънавият

ОДАМЗОДДА УЧ ХИСЛАТ БЎЛИШИ МУКАММАЛЛИК АЛОМАТИДИР

“Икки марта ўқишга арзимайдиган китоб бир марта ўқишга ҳам арзимайди”, дейишади. Тўғри гап. Инсон савияси, дунёқарашига таъсир кўрсатмаса, бундай ёзилдиқлар учун вақт сарфлаб ўтиришга ҳожат йўқ. Аммо шундай асарлар бўладики, қайта-қайта ўқишдан завқ туяди, янги фикр топади киши.

Ўн беш йиллар олдин Неъмат Аминовнинг “Бир аср ҳикояти” деган мўъжаз китобини ўқигандим. Ёзувчининг отаси тилидан, бор шеваю оҳанги билан келтирилган ҳикматлар, ривоятлар, ибратли воқеалардан иборат ушбу асарни яна қайта варақларканман, тарихий ҳодисалар ҳақидаги лавҳалар янада тушунарли, ҳаёт ҳикматлари эса нақадар ҳақиқат экани ойдинлаша борди. Эътиборлиси, ушбу китоб Покистонда урду тилида нашр этилган, турк матбуотида парчалар эълон қилинган. Саид Аҳмад, Тўлепберген Қаипбергенов, Ғайбуллоҳ ас-Салом, Хуршид Дўстмуҳаммад, Султонмурод Олим ҳамда покистонлик ёзувчи Қосимий рисола ҳақида анча илиқ фикрлар билдиришган.

Неъмат Аминовнинг отаси Усто Амин Нуруллабой ўғли юз йил умргузаронлик қилган. Темирчилик билан шуғулланган. Тақвода, тоат-ибодатда бардавом бўлган. Ҳазилкаш, сўзга усталиги ҳам бор. Қуйида “Бир аср ҳикояти (Темирчидан қолган тиллолар)” китобидан сараланган лавҳаларни ва сўнг китобнинг ўзини ҳам ўқинг: кўп манфаат топасиз.

Сараланган сатрлар

*  *  *

Тўқсон олтига кирдим. Кўзим хира, қулоғим эшитмайди, оёқларимда дармон йўқ. Билмадим, бир куни қарисам, нима бўларканман?

*  *  *

– Гоҳида ўйлаб қувонаман. Юракнинг бунчалик бақувват бўлиши нимадан экан? Миннат бўлмасину, бу аввало, бир умр Аллоҳнинг зикрини дилимда такрорлаб юрганим учун бўлса керак.

*  *  *

– Бу ҳаром эмас, усто бобожон. Бу узумдан бўлган, сизам бир пиёла ичинг, қувват бўлади. Май бу, шароб бу, узумнинг сувидан бўлган. Мана…

– Торт қўлингни! Узумдан бўлган ҳамма нарса ҳалол, деб санга ким айтди? Нажас ҳам буғдойдан бўлган, деб емайсан-ку…

*  *  *

Бу дунёга келиб, уч нарсадан ҳазар қилдим: биринчиси – тилло, иккинчиси – милтиғу таппонча, учинчиси – қадаҳ. Шу уччаласини қўлимга олмадим.

*  *  *

Қишлоғимиздаги муфти Соли раҳматли бир гапни такрорларди. Одамизодда уч хислат бўлиши – мукаммаллик аломати экан. Булар: нутқи тома, зийнати жома, маъқули омма. Яъники, бу – нутқинг дона-дона, равон бўлсин, чопонинг тоза ва кўримли бўлсин, ўзинг эса элга ёқимли, маъқул бўл, дегани экан.

*  *  *

– Усто бобо, қулоғингиз оғирми дейман?

– Йўқ, жўра, кар!

*  *  *

Бир бола йиғлаб турган эди, бориб юпатмоқчи бўлдим.

– Ҳа, нима бўлди?

– Онам урди!

– Тўхта, қаёққа кетяпсан?

– Онамга! – деди бола.

Кўрдингларми, урсаям, сўксаям, бу дунёда ҳар кимнинг онаси бўлсин экан.

*  *  *

– Усто бобожон, ўша йиллари яна халқ орасида Лелин иккитаймиш: биттаси Лелин эмиш, яна биттаси – Кал Лелин, деган гаплар юрайти.

– Тўғри, шоиржон, манам эшитганман.

– Кейин билсак, тескариси бўлиб чиқти. Кал Лелин деганимиз ойнакли, серсоч бўлиб, Лелин бобонинг ўзлари (атрофга қараб олиб) калроқ эканла.

*  *  *

Илон чаққанни арғамчидан хавотири бўлади.

*  *  *

Буқанинг ипи узун бўлса, деворни тешаркан.

*  *  *

– Командирофкага нима иш билан келдинг, Неъмат?

– Шофирконда уч хотинли бир киши бор эмиш, шу ҳақда фельетон ёзиш керак экан.

– Ёзма! Нима қиласан у шўрликни яна шарманда қилиб? Худо ўзи жазосини бериб қўйибди-ку! Ўйлаяпсанми уч хотиннинг ғиш-ғишасини…

*  *  *

Э, нимасини айтасан, бу шўро дегани онасининг сутини минг марта қайнатиб, минг бир марта шопириб ичган. Инқилобнинг бошланишида қишлоғимизга таппонча келтириб сотди. Ўқи йўқ. Боди-ҳавойи йигитлар ўқсиз таппончани тоқиб нари-бери бориб келишарди. Орадан бир оз ўтгач, таппончанинг ўқини опкелиб сотди. Ҳамма талашиб-тортишиб олди. Лекин бу ўқ келтириб сотган таппончаларга тўғри келмаскан… Таппонча эгалари югуриб-элиб, ҳар ер-ҳар ердан ўқ излай бошладилар. Кейин шўро таппонча эгаларини бир-бир ушлаб қамай бошлади. Шундаям қирғин қилдики, таппончалини ҳам, таппончасизни ҳам олиб қамаб, калтаклаб ўлдираверди. Ҳар бир таппонча учун камида йигирмалаб киши хонавайрон бўлди.

*  *  *

Тавба, тиш бўлганда гўшт бўлмаса, гўшт бўлганда – тиш.

*  *  *

Отанинг қарғиши ўқ, у охиратда эмас, шу дунёда нишонга тегади.

*  *  *

Зинҳор гаворани чақалоқсиз тебратгулик қилмасин экан.

*  *  *

– Онанг билан турибсанми, Лайлош?

– Йўқ, усто бобо, онам “дом”да турибдилар. Келин ҳовлига сиғдирмади.

– Онангни тўппидек қорнига сан тўққиз ой, тўққиз кун, тўққиз соат, тўққиз дақиқа сиққанда, онанг сенинг ҳайҳотдек ҳовлингга сиғмабди-да!?

*  *  *

Юзма-юз келганда сандан аттайи салом кутган такаббур кишига албатта салом бер, бир еринг камайиб қолмайди.

*  *  *

Фаросат – ярим каромат.

*  *  *

Бу ёлғончи дунёда ёлғон гапирганда худодан, рост гапирганда бандасидан қўрқиб умргузаронлик қилдим.

*  *  *

“Бойлоқли ит – овга ярамас”. Ҳа, този деса ҳам бўлади. Қани, шу мақолнинг маъносини айтиб бер-чи… Буям тўғри. Лекин буни бошқачароқ тушунтирса ҳам бўлади. Манга қара, итнинг бўйнига арқон ёки занжир тушдими тамом, унинг эрки йўқолди, деявер. Энди у таъманинг қулига айланади. Эгасининг феълига қараб ғингшийди ёки думини ликиллатишга мажбур бўлади. Унинг кўзига ов кўринмайди, балки у эгасининг қўлига мўлтираб қарашга одатланиб қолади. Энди халқимизнинг шу мақолини истаган соҳага ҳам талқин этавериш ўзингга ҳавола…

*  *  *

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу халифалик даврларида бир алломайи киром у кишиникига меҳмон бўлиб келибдилар. Қоронғи намозшомликда Ҳазрати Умар шам ёруғида бир нима ёзиб ўтирган эканлар. Меҳмон салом бериб кириши билан ёниб турган шамни ўчирибдилару, ўша заҳоти иккинчи шамни ёқиб қўйибдилар. Бу ҳолдан меҳмон ҳайрон бўлиб сўрабди: “Тақсир, битта шамни ўчириб, худди ўшанга ўхшаш иккинчи шамни ёқишингизга боис нима? Бунда ҳам бирор ҳикмат борми?” Шунда у киши: “Албатта бор, мен Сиз келгунча давлат ишлари билан банд эдим, зеро шам ҳам давлатники эди. Энди менинг азиз меҳмоним бўласиз, шунинг учун ўзимга тегишли шамни ёқдим”, деган эканлар. Қаранг, шу хил одил ва ҳалол покиза раҳбарлар ҳам бўлган экан… Бу ривоят ҳозир ҳам барча катта-кичик раҳбарларимизга ўрнак бўлса арзийди, деб ўйлайман.

*  *  *

Раҳматли Шариф Нурхон Бухорода яшаб, қашшоқликда ўлиб кетган Наққош гадо деган шоирнинг бир байтини тез-тез такрорлаб юрарди:

    Кўп бўлсаям кетади,

    Кам бўлсаям етади.

Энг катта бойлик – бу қаноат.

*  *  *

Айримлар томоқдан ўтгани ҳисоб, дейишади. Бироқ, томоқдан ўтганнинг ҳам қачонлардир ҳисоб-китоби бор. Бу дунёда бўлмаса охиратда!

*  *  *

Уруш йиллари раёнимизда Искандар Камол деган райижроқўм раиси бўларди. Керак бўлса-бўлмаса, ҳар ҳафта бир марта отини ҳавасакка нағаллатарди. Ўзиям нақ тўққиз пудча келарди, оғирлигидан ҳар ойда бир от алмашарди. Мажлисларда раисларга: “Ўв, Рафиқ Пўлот, биласанми, ман кимман? Мани Искандар Камол дейдилар. Бу қорин пахтанинг сувидан катта бўлган, истасам, уйингни куйдираман, тайини шудгор қилдираман, ўрнига шалғам экаман!” дея дағдаға қиларкан. Тавба, унинг бу хил сўзларини райқўмнинг иккинчи котиби – Плуг деган ўрис ҳам ўрганиб олиб, “Маники уй куйдиради, тайини карчёфка килдиради, жайига шалгам икади!” дерди. Ҳалиям ёдимда, Хайрободнинг бўйидаги Чориқулбой қурган қулубда кўп кишилик мажлис бўлувди. Искандар Камолни ишдан олганларида Усмон Юсупов бесўнақай қорнига туртиб, “Манави ичи бўш ёғли қозонни нега кўтариб юрибсан?” дея аския қилганда ҳамма кулиб юборган эди.

*  *  *

Танноз хотинга эрк берсангиз, сиздан минора ясаб, бошингизга лайлак бўлиб ин қуради.

*  *  *

Зинҳор бу мани шогирдим, ўзим қўлини ром қилганман, дея ёшларни улуғларга таништирма, уларнинг ўзлари сани устозим, деб улуғласинлар.

*  *  *

“Ҳалол меҳнат, беминнат тоат-ибодатдан кейин ҳар гал дуога қўл очганимда аввал юрагим сариёғдай эрирди, сўнг бутун вужудимга ҳарорат таралиб, кўзларимдан шавар-шавар ёш қуйиларди… Умр бўйи Яратгандан нимаики илтижо қилиб сўраган бўлсам, ҳаммасига эришдим. Бу дунёда хорлик, зорлик кўрмадим. Мудом ёр-дўстларнинг иззат-икромида, шогирдларим, қавм-қариндош, фарзандларимнинг ардоғида бўлдим. Энди бирдан-бир истагим шуки, Парвардигор икки дунёда имонимни басаломат қилса бўлгани…

Узоқ яшадим, беармон яшадим… Лекин бир гапни айтайми? Яшашдан тўймас экан киши. Зеро яшашдан тўйиш – Аллоҳнинг зикрини айтишдан тўхталиш эмасми? Яхши кўрган бандаси қанча кўп яшаса, Аллоҳга шунча сиғинган бўлади.

Кўп яшанглар, болаларим!”

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.