Хитой пойтахти Пекин шаҳрида етакчи оммавий ахборот воситаларининг таъсирини кучайтириш, соғлом интернет муҳитини яратиш ва бу борадаги қонунбузарликларнинг олдини олиш мақсадида онлайн янгиликларни назорат қилиш бўйича бир ойлик махсус кампания давом этмоқда, дея хабар беради Хитой марказий телевидениеси.
Унинг доирасида лицензиясиз интервьюлар уюштириш, янгиликларни тўплаш, таҳрирлаш ва нашр этиш, маълумотларни бузиб ёки контекстдан чиқариб кўрсатиш қатъий назоратга олинган. Шу билан бирга, жамоатчиликни чалғитувчи аккаунтлар, фотосуратлар ва номлардан фойдаланиш ҳам кузатилмоқда.
Расмий баёнотга кўра, ушбу чора-тадбирлар интернетдаги салбий кайфият, ваҳима тарқалиши, фитна назариялари ва сохта расмий баёнотлар тарқалишининг олдини олишга қаратилган. Кампания «Тоза пойтахт – тоза манбалар, ҳақиқий овоз» шиори остида ўтказилмоқда ва барча ноқонуний фаолиятларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш бўйича чораларни ўз ичига олади.

