Тожикистон ички ишлар вазирлиги 17 нафар ходимини ортиқча вазн сабабли ишдан бўшатди. Бу ҳақда «Новости» манбасига идоранинг кадрлар бошқармаси бошлиғи Хусайн Халилзода маълум қилган.
Ишдан бўшатиш чораси вазир томонидан ҳали 2020 йилда чиқарилган буйруққа асосан қўлланилган. Унга кўра, ортиқча вазнга эга ходимлар уч ой давомида ўз вазнини белгиланган меъёрий ҳолатга келтиришлари шарт эди. Ишга қайтишни хоҳлаганлар ҳар куни югуриб, махсус ишлаб чиқилган жисмоний машқлар дастури асосида спорт билан шуғулланишган.
«Ўтган вақт ичида ИИВ тизимидаги 20 минг нафар ходим билан ортиқча вазн мавжудлиги бўйича суҳбатлар ўтказилди. Уларнинг кўпчилиги нормал вазнга эга бўлди, аммо озишга муваффақ бўлмаган 30 нафар ходим ишдан бўшатилди. Бироқ улардан уч ой ичида ўз вазнини бўйи ўлчамига мувофиқлаштиришни уддалай олган 13 нафари яна ишга қайтди», дея аниқлик киритган Хусайн Халилзода.

