Жанубий Кореянинг янги президенти Ли Чжэ Мён зудлик билан Кореялараро мулоқот каналини тиклашга топшириқ берди. Бу ҳақда «Рёнхап» манбаси маълум қилган.
«Биз ҳарбий кескинликни юмшатиб, тинч муҳит яратиш учун зудлик билан Жануб-Шимол мулоқот каналини тиклаймиз ва инқирозни бошқариш тизимини қайта йўлга қўямиз», деган сиёсатчи.
Унинг маъмурияти «фойдасиз ҳарбий фаолликни тугатиб, мулоқот ва ҳамкорликни тиклайди». Президент Жануб ва Шимол қўшма декларацияси имзоланганининг 25 йиллиги муносабати билан ушбу баёнотни берган.
«Биз 2000 йилги ваъдаларни ёдга олиб, йўқотилган вақт ва тинчликни қайтаришимиз керак», дея таъкидлаган Ли Чжэ Мён.
Сиёсатчининг сўзларига кўра, икки Корея адоват ва совуқ уруш мантиғидан йироқлашиб, донолик ва матонатни намойиш қилиши керак.
«Мен Корея ярим оролида барча бирга тинч-тотув яшаши ва гуллаб-яшнаши мумкин бўлган янги даврни бошлаш учун бор имкониятларни ишга соламан», деган у.

