16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Жамият

Сабр ва шукр билан босиб ўтилган аср

Кексалик – ҳаёт мактаби сабоқлари моҳияти тўла очилган, кишида «Қари билганни пари билмас» нақлининг ифодаси намоён бўладиган палла. Бундай ёш мартабасига эришганлар яқин ўтмишга гувоҳ, катта ҳаётий тажриба соҳиби сифатида ёш авлодга тўғри йўл кўрсатади, панд-насиҳатлари билан тарбия ишида фаол иштирок этади. Ўз ўрнида, улар ҳам ардоқда бўлишади.

1 октябрь – Халқаро қариялар куни

Шаҳрисабз тумани Халқабод маҳалласи Қатағон қишлоғида истиқомат қилаётган Махмадали бобо Ширназаров 103 ёшда. У бир асрдан зиёд умри давомида кўпни кўрди, кўпни кечирди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида «совхоз»да тинмай ишлади – ер чoпди, трактор ҳайдади, мол боқди. Уруш тугаганидан кейинги оғир йилларда ҳам халқ билан бирга очарчиликка бардош берди, яхши кунлар умидида яшади…

– Замонамиздан айланай, тўкин-сочин кунларга етдик – дейди нуроний. – Қаерга борсанг кўзинг қувнайди. Кўчалар кўркам, атроф обод. Ёшлар учун имкониятлар беқиёс. Уларнинг билимдонлиги, тил билиши, шижоатига ҳавас қилмай бўлмайди. Асосийси, тинчлик ва осойишталик барқарор. Шунинг учун ҳар куни Яратганга шукрона айтаман.

Махмадали бобо турмуш ўртоғи Зулфия опа билан қарийб 62 йил тинч-тотув, бахтли ҳаёт кечирди, етти фарзандни тарбиялаб, вояга етказишди. 2009 йилдаги айрилиқ нуронийни қаттиқ қайғуга солган бўлсада, у 30 нафардан ортиқ набира ва 50 га яқин чеваралари қуршовида ўзига таскин берди.

– Қайнотам неваралари, чевараларига жуда меҳрибон, – дейди оқсоқолнинг келини Рафоат Дўсталиева. – Фарзандлар тарбиясида бизга жуда катта ёрдам берганлар. У кишининг панд-насиҳатларини олган болаларимиз маърифатли бўлиб ўсишди. Уларга «Майли, бой бўлма. Одамгарчилиги бор оддий, меҳнаткаш, ҳалол инсон бўл, ҳаловатда яшайсан» дея кўп уқтирадилар. 

Давлат раҳбарининг тегишли фармонига асосан Махмадали Ширназаров мамлакатимиз мустақиллигининг 34 йиллиги олдидан «Шуҳрат» медали билан мукофотланди. Нуронийга ушбу юксак мукофотни вилоят ҳокими Муротжон Азимов Президент номидан тантанали тарзда топширди.  Самимий табриклар ва байрам совғаларидан қариянинг кўнгли тоғдек кўтарилди.

– Меҳр-оқибатли, қарияларни қадрлаган юртга ҳеч қачон кўз тегмасин. Президентимиз соғ-омон бўлсин. Ҳар бир юртдошимизга биз каби соғлом ва бахтли кексалик насиб этсин, – дея узун дуо қилади оқсоқол.

Шоҳиста БОЗОРОВА