Қашқадарёда 2026-2028 йилларда 12 минг гектардан ортиқроқ майдонда саноатлашган интенсив боғлар барпо этилади.
Бу Президентнинг иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосилли боғ ва токзорларни янгилаш, саноат усулидаги интенсив боғ ва токзорларни барпо этиш орқали қўшимча қийматли маҳсулотлар яратиш, саноатлашган боғларни оқилона ва аниқ ҳисоб-китоблар асосида жойлаштириш мақсадида 2026 йил 9 июнда қабул қилинган «Саноат усулидаги интенсив мевали боғлар барпо этиш ва эскирган боғларни янгилашни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида кўзда тутилган.
Умуман, ҳужжатга асосан республика миқёсида кўрсатилган даврда 172 минг гектар саноатлашган боғлар барпо этиш белгиланган. Жумладан, вилоятимизда эски боғларни саноатлашган интенсив боғларга айлантириш йўли билан 5000 гектар, ер участкаларини ўзлаштириш ва аукцион савдоларига чиқариш ҳисобига 6016 гектар, пахта ва ғалла жойлаштириладиган майдонларни қисқартириш асосида 1000 гектар, жами 12016 гектар майдонда янги саноатлашган интенсив боғлар ташкил қилиш режалаштирилган.
Шундан 2895 гектари жорий йилда – 1800 гектари эски боғларни саноатлашган интенсив боғларга айлантириш йўли билан, 1070 гектари ер участкаларини ўзлаштириш ва аукцион савдоларига чиқариш ҳисобига, 25 гектари пахта ва ғалла жойлаштириладиган майдонларни қисқартириш асосида барпо этилади. Кейинги йилда эса бу кўрсаткич умумий ҳисобда 3166 гектарни ташкил этади: мос равишда 1385; 1366; 415 гектар.
2028 йилда бу борадаги ишлар кўлами янада кенгайиб, 5955 гектар майдонда саноатлашган интенсив боғлар яратилади. Бунда, эски боғларни саноатлашган интенсив боғларга айлантириш йўли билан 1815 гектар, ер участкаларини ўзлаштириш ва аукцион савдоларига чиқариш ҳисобига 3580 гектар, пахта ва ғалла жойлаштириладиган майдонларни қисқартириш асосида 560 гектар майдонда зарур агротехник ва ташкилий тадбирлар бажарилиб, янги кўчатлар экилади.
Эътиборли жиҳати, фармонга кўра, боғ яратишга доир ҳужжатлар асосида саноатлашган интенсив боғ барпо этадиган тадбиркорлик субъектларига давлат томонидан салмоқлигини молиявий қўллаб-қувватлаш пакети ҳам тақдим этилади. Хусусан, 2026 йил 1 июлдан боғ яратишга доир ҳужжатлар асосида эскирган боғларни янгилаш ва саноатлашган боғларни барпо этишни молиявий қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги чоралари жорий этилади:
тижорат банклари орқали 7 йил муддатга 3 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 14 фоиз ставкада (шундан, банк маржаси 4 фоиз) миллий валютада ҳар бир гектарга 120 миллион сўмгача миқдорда кредитлар;
хорижий давлатлардан «in-vitro» усулида етиштирилган ва сертификатга эга мевали кўчатларни импорт қилиш учун тадбиркорлик субъектларига тижорат банклари орқали 18 ойгача муддатга миллий валютада йиллик 14 фоиз ставкада (шундан, банк маржаси 4 фоиз), ҳар бир мевали кўчат учун 5 АҚШ долларигача эквивалентида кредитлар ажратилади;
халқаро молия институтларидан мева-сабзавотчилик соҳаси учун жалб қилинган ресурслар ҳисобидан очилган кредит линияларидан тадбиркорларга миллий валютада ажратиладиган кредитлар бўйича йиллик ставка 14 фоиз (шундан, банк маржаси 4 фоиз) этиб белгиланади.
Бундан ташқари, қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ҳар бир гектар ерни фойдаланишга киритиш, янги интенсив боғ ва токзорларда сув тежайдиган технологияларни жорий этиш, кўчатларни шпалерга кўтариш кабилар билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қоплаш тартибида, жами 18 та йўналиш бўйича субсидиялар ажратиш ҳам кўзда тутилган. Мисол учун, экинбоплик хулосаси мавжуд «in-vitro» шароитида етиштирилган ҳар бир мевали кўчатга 25 минг сўмгача субсидия ажратилади.
Шунингдек, саноатлашган интенсив боғ барпо этадиган тадбиркорлик субъектлари тегишли солиқ имтиёзлари асосида ҳам молиявий қўллаб-қувватланади.
Яна бир янгилик, энди эскирган боғларни яроқсиз деб топиш, улар ўрнида саноатлашган боғлар барпо этиш ёки ҳайдаладиган ерлар турига ўтказиш тўғрисида хулоса қабул қилиш ваколати Агросаноатни ривожлантириш агентлигига ҳам берилади. Шуни унутмаслик керакки, агентлик томонидан хулоса берилган санадан бошлаб: 12 ой давомида янги боғ ва токзорлар барпо этилмаган тақдирда, ушбу боғлар жойлашган майдонлар учун ер солиғи ва сувдан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 3 бараварга оширилади;
24 ой давомида янги боғ ва токзорлар барпо этилмаган тақдирда, ушбу боғлар жойлашган майдонларда сув олиш тақиқланади.
Фармон билан Қашқадарёда 2026-2028 йилларда саноатлашган боғларни барпо этиш тадбирларига вилоят ҳокимлиги масъул этиб бириктирилган бўлиб, АТ «Алоқабанк» ҳамкорликда ишни ташкил қилишга кўмаклашади.
Ўз мухбиримиз

