23 октябрь – Халқаро қор қоплони куни
Қор қоплони – баланд тоғларнинг сирли, мағрур ва ниҳоятда эҳтиёткор жонивори. Илмий тилда илвирс деб аталувчи ҳайвоннинг очиқ табиий муҳитда камдан-кам кўриниши, қоялар орасида сезилмай ҳаракатланиши ва яшаш шароитига юксак даражада мослашганлиги боис халқ орасида «сирли тоғ шарпаси», «кўринмас шарпа» ва «тоғлар арвоҳи» каби номлар билан ҳам аталади.
Ҳар йили 23 октябрда нишонланадиган Халқаро қор қоплони куни ушбу ноёб ҳайвонни асраб-авайлаш, унинг яшаш муҳитини муҳофаза қилиш ва тоғ экотизимлари аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказишга хизмат қилади.
Ўзбекистоннинг баланд тоғлари ҳам қор қоплонининг муҳим яшаш маконларидан ҳисобланади. Айниқса, Ҳисор давлат қўриқхонасида олиб борилаётган илмий кузатувлар, муҳофаза тадбирлари ва замонавий технологиялардан фойдаланиш бу ноёб жонивор ҳаётини ўрганишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
* * *
2025 йилнинг октябрь-декабрь ойларида Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда Буюк Британиянинг «Electric Eel Studios» ижодий студияси Би-Би-Си (BBC) билан ҳамкорликда табиатни муҳофаза қилиш, сайёҳлик салоҳияти, ноёб табиий манзиллар ва биохилма-хилликни ёритишга қаратилган видеолойиҳа устида иш олиб борди. Лойиҳа доирасида жамланган гуруҳ Самарқанд, Шаҳрисабз ва Ҳисор давлат қўриқхонаси ҳудудлари, шунингдек, денгиз сатҳидан 3100 метр баландликда жойлашган Ғелон қишлоғида бўлди.
Ёввойи табиатга бағишланган кўрсатувлари билан танилган Жанубий африкалик журналист ва телебошловчи Микаэлла Стракан ҳам халқаро ижодий гуруҳ таркибида бўлгани мамлакатимизнинг олис тоғли ҳудудларидаги табиий манзараларни жаҳон томошабинларига танитиш, қор қоплонини муҳофаза қилиш борасидаги тажрибани ёритиш ва табиатсеварлар эътиборини ушбу ноёб жонивор муҳофазасига қаратишда муҳим аҳамият касб этди.
* * *
Қор қоплони (Panthera uncia) Марказий ва Жанубий Осиёнинг баланд тоғларида яшайдиган камёб йиртқичлардан биридир. У Ўзбекистондан ташқари қитъанинг яна бир қатор мамлакатлари тоғли ҳудудларида учрайди. Унинг мавжудлиги тоғ экотизимларининг ҳолати ва табиий мувозанатини баҳолашда муҳим кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.
Қор қоплони, одатда, ёлғиз ҳаёт кечиради. У кўпинча тонг саҳарда ва қоронғилик тушган пайтларда фаоллашади. Тик қоялар, баланд тоғ сойликлари ва бориш қийин бўлган ҳудудлар унинг табиий яшаш маконидир. Қалин жуни, бақувват оёқлари ва узун думи тоғ шароитида ҳаракатланиш ҳамда мувозанатни сақлашга ёрдам беради.
Унинг асосий ўлжалари қаторига тоғ эчкилари ва бошқа ёввойи туёқли ҳайвонлар киради. Қор қоплонининг овчилик маҳорати, ўлжасини кузатиши ва тоғ шароитига мослашган ҳаёт тарзи табиатнинг мураккаб қонуниятларини намоён этади.
Бу ҳайвонни табиий муҳитда кўриш ниҳоятда қийин. Шу боис уни ўрганиш катта сабр-тоқат, махсус билим ва замонавий тадқиқот усулларини талаб этади. Қор қоплонининг ов қилиши, озиқланиши, ҳаракатланиши ва яшаш ҳудудини белгилаши ҳақидаги ҳар бир янги кузатув олимлар учун қимматли маълумот манбаи ҳисобланади.
* * *
Ҳисор давлат қўриқхонасида қор қоплонини муҳофаза қилиш ва унинг популяциясини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилган. Қўриқхона ташкил этилган дастлабки йилларда ҳудудда ушбу ҳайвонлар сони 3-7 бош атрофида бўлгани ҳақида илмий манбаларда маълумотлар келтирилган.
Бугунги кунда эса қўриқхона ҳудудида қор қоплони сонини аниқлаш, унинг ҳаракатланиш ҳудудларини белгилаш ва яшаш шароитини ўрганиш борасида мунтазам кузатувлар олиб борилмоқда. Айрим маълумотларда қўриқхонада 76 бошга яқин қор қоплони борлиги қайд этилган. Бироқ бу рақамни расмий илмий ҳисоб-китоблар, кузатув даври ва ҳисоблаш методикаси асосида аниқлаштириш муҳим.
Қор қоплонини ўрганишда жаҳон амалиётида бир қатор замонавий илмий усуллардан фойдаланилади. Улар орасида яширин видеокамералар – видеоқопқонлар алоҳида ўрин тутади. Бу қурилмалар ҳайвонларнинг ҳаракатини, фаоллик даврларини ва яшаш ҳудудларини инсоннинг бевосита аралашувисиз кузатиш имконини беради.
Генетик тадқиқотларда эса биологик намуналардан фойдаланилади. Масалан, ахлат намуналарини таҳлил қилиш орқали ҳайвоннинг озиқланиш таркиби, генетик хусусиятлари ва популяциялар ўртасидаги қариндошлик алоқаларини ўрганиш мумкин.
Айрим ҳолларда махсус электрон датчиклар билан жиҳозланган бўйинбоғлар ёрдамида қор қоплонларининг ҳаракат йўналишлари, ҳудудий фаоллиги ва яшаш ареаллари аниқланади. Бундай усуллар илмий маълумотларни тўплаш, уларни таққослаш ва муҳофаза чораларини такомиллаштиришда муҳим аҳамиятга эга.
* * *
Ҳисор давлат қўриқхонаси илмий ходимлари ҳамда қўриқлаш хизмати мутахассислари томонидан олиб борилаётган кузатувлар қор қоплонининг ҳаётини чуқурроқ ўрганишга, унинг яшаш муҳитини асрашга ва популяция барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Тоғларнинг тик, тошлоқ ва бориш қийин бўлган йўлакларидан ўтиш, жониворлар яшайдиган ҳудудларни ўрганиш халқаро ижодий гуруҳ учун ҳам катта тажриба бўлди. Бундай сафарлар табиатни муҳофаза қилиш фақат илмий билимни эмас, балки жисмоний чидам, масъулият ва фидойиликни ҳам талаб этишини кўрсатади.
Микаэлла Стракан ва унинг ҳамроҳлари учун Ҳисор тоғларидаги ноёб табиий манзаралар, илмий ходимларнинг фаолияти ва видеоқопқонлар орқали олинган тасвирлар алоҳида қизиқиш уйғотди.
* * *
Бугунги кунда дунёда ёввойи табиатни муҳофаза қилиш, айниқса, йўқолиб кетиш хавфи остидаги ҳайвонларни асраб қолишга қаратилган ташаббуслар кенгайиб бормоқда. Бу жараёнда олимлар, табиатни муҳофаза қилиш ташкилотлари, жамоатчилик ва ҳомийларнинг ҳиссаси катта.
Микаэлла Стракан оиласининг қор қоплонини муҳофаза қилишга қаратилган ҳомийлик ташаббуси ҳам ана шундай эзгу саъй-ҳаракатлардан бири сифатида эътиборга лойиқ. Камёб ҳайвонларни асрашга қаратилган бундай ташаббуслар жамиятда табиатга меҳр-муҳаббатни кучайтириш, биохилма-хилликни сақлаш ва келажак авлод олдидаги масъулиятни англашга ёрдам беради.
Қор қоплонини муҳофаза қилиш фақат бир мамлакат ёки бир қўриқхонанинг вазифаси эмас. Бу халқаро ҳамкорликни, илмий изланишларни ва жамоатчиликнинг доимий эътиборини талаб қиладиган умуминсоний масъулиятдир. Чунки тоғлардаги табиий мувозанатнинг бузилиши нафақат ҳайвонот дунёсига, балки сув ресурслари, ўсимликлар қоплами ва инсонлар ҳаётига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.
* * *
Ҳисор давлат қўриқхонасида олиб борилаётган илмий кузатувлар ва халқаро ҳамкорлик доирасида тайёрланган видеоматериаллар Ўзбекистоннинг табиий бойликларини дунёга танитишда муҳим аҳамият касб этади. Ҳисор тоғларининг мафтункор манзаралари, музликлар, серсув дарё ва сойлар, яшил арчазорлар, ноёб ўсимликлар ҳамда ҳайвонот дунёси жаҳон табиатсеварларида катта қизиқиш уйғотиши шубҳасиз. Айниқса, қор қоплони каби камёб ҳайвонларнинг ҳаётини табиий муҳитда акс эттирувчи видеотасвирлар уларни муҳофаза қилиш заруратини янада теранроқ англашга ёрдам беради.
Бундай лойиҳалар орқали халқаро аудитория Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, биохилма-хилликни сақлаш ва иқлим ўзгариши оқибатларини ўрганиш борасида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлади. Шу билан бирга, мамлакатимизнинг экологик салоҳияти, табиий манзиллари ва илмий ҳамкорлик имкониятлари халқаро миқёсда кенгроқ намоён бўлади.
Зеро, табиатни асраш – келажакни асрашдир. «Сирли тоғ шарпаси» – қор қоплонининг тоғлар бағридаги ҳаётини ўрганиш, унинг яшаш муҳитини муҳофаза қилиш ва бу ҳақда жаҳон жамоатчилигига ҳикоя қилиш орқали биз нафақат ноёб жониворни, балки бутун тоғ экотизимини асраб қолишга ҳисса қўшамиз.
К. ЯКУБОВ,
Қ. НОРМУҲАММЕДОВ,
А. АБДУСАЛОМОВ,
Ҳисор давлат қўриқхонаси давлат табиатни муҳофаза қилиш илмий-тадқиқот муассасаси ходимлари

