Япония компанияларининг 75 фоизи кундалик иш фаолиятида сунъий интеллект (СИ) технологияларидан фойдаланади. Бу факт мамлакат молия вазирлиги ўтказган ўрганиш натижаларида акс этган.
Беш йил аввал бу кўрсаткич атиги 11 фоизни ташкил этган. Ҳозир йирик компанияларнинг 89 фоизи кундалик иш фаолиятида СИ технологияларидан фойдаланмоқда. Автомобилсозлик ва умумий овқатланиш соҳаларида бу улуш 90 фоизга етади.
Вазирликнинг тушунтиришича, СИ технологиялари кўпинча ҳужжатларни тайёрлаш, маълумотларни қидириш ва тўплаш, техник ишланмалар учун қўлланилмоқда. Хусусан, чат-ботларни жорий қилиш телефон хизматига тушадиган юкламаларни сезиларли даражада камайтиради, электрон ёзишмаларда эса СИ ўнлаб иш соатларини иқтисод қилиш имконини беради.
Шу билан бирга, япон компаниялари зарур кўникмага эга мутахассислар сони етарли эмаслиги ва СИдан фойдаланиш жараёнида маълумотлар сизиб чиқиши хавфи ҳақида айтган.
Экспертлар хулосаларига кўра, СИ аввал тахмин қилинганидек, «иш ўринлари қисқариши»га олиб келмайди. Технология ҳозирча меҳнат бозорига сезиларли таъсир кўрсатгани йўқ ва янада кўпроқ бўш иш ўринлари яратиши мумкин.

