16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Жараён

СОПОЛДА ЖИЛОЛАНГАН САНЪАТ

Шаҳрисабз азалдан моҳир ҳунармандлар диёри сифатида танилган. Бу заминда асрлар давомида турли ҳунарлар ривож топиб, авлоддан-авлодга мерос тарзида ўтиб келган. Қадим анъаналарга бой кулолчилик санъати ҳам ана шундай ўтмишни босиб, бугун ёш ҳунармандлар ишларида ўз жозибасини янада ёрқинроқ намоён этмоқда.

Жавлон Ғаниев кулолчилик ҳунари сир-синоатлари, машаққатию меҳнати, даромадию роҳати, ўзига хослигию имкониятларини болалигидан пайқаган ёш уста. Чунки, у маҳаллий кулоллар авлодидан. Оёғи чиқибдики, отаси Асад Аллаевнинг мўъжаз устахонасида ўралашиб, у тайёрлаган лойни чангаллаб ўсган эмасми, шундан бу ҳунар қонига сингган. Бугун  унинг ўз устахонаси бор, ҳунарманд деган номга эга.

– Оддий тупроққа ишлов бериб, санъат асари яратиш осон юмуш эмас, – дейди Жавлон Ғаниев. – Бунинг учун меҳнат, сабр ва муҳаббат жамланиши керак. Кулолчилик лой қориб, керакли шаклни бериш билан чекланмайди, ундан кейинги жараёнлар машаққатнинг мевасини намоён қилади. 

Устахонанинг бир бурчагида қуритишга қўйилган сопол буюмларга навбати билан нақшлар солинаяпти. Аввалига хира кўринган бу тасвирлар хумдондан янада равшан ва жозибадор бўлиб чиқади ҳамда кўз ўнгингизда  ҳақиқий санъат асари пайдо бўлади.

Ёш ҳунарманд қўлида сайқал топган идиш-товоқлар, турли кулолчилик буюмларига боқиб, унинг маҳоратини дарҳол ҳис этасиз. Бетакрор нақшлар, силлиқ юза, жило беришдаги нозик ёндашув ва табиий ранглар уйғунлиги ҳар бир буюмга ўзгача гўзаллик бахш этган.

– Икки йил аввал туманнинг Абзият маҳалласида Кулолчилик марказини ташкил этдик, – дейди Жавлон Ғаниев. – Шунингдек, Шаҳрисабз шаҳридаги Оқсарой мажмуаси ҳудудида яна бир устахона очдик. Ҳозир ҳар икки жойда ҳам отам ёрдами билан «устоз-шогирд» анъанаси асосида ёшларга кулолчилик сирларини ўргатишни йўлга қўйганмиз. Мақсадимиз – сулола ишини давом эттириб, Шаҳрисабз кулолчилиги довруғини яна дунёга ёйиш.

Ёш ҳунарманд мамлакатимизда ўтказилаётган турли кўргазма ва танловларда фаол иштирок этиб келмоқда. У энди юртимизнинг номи чиққан сайёҳлик масканларида ҳам ўз маҳсулотлари ярмаркаларини йўлга қўйиш ниятида. Бинобарин, унинг устахонасида сайқал топган сопол буюмлар нафақат маҳаллий аҳоли, балки хорижий сайёҳлар эътиборига ҳам тушиб улгурган.

Ўз мухбиримиз

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.