16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Маънавият

СОҲИБҚИРОН АМИР ТЕМУР ТАВАЛЛУДИНИНГ 690 ЙИЛЛИГИ КЕНГ НИШОНЛАНАДИ

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз миллий ривожланишнинг янги босқичи – Учинчи Ренессансга қадам қўяётган, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида туб ўзгаришлар юз бераётган бугунги кунда Соҳибқирон Амир Темурнинг шахсияти, буюк аждодимизнинг башарият тарихи ва Турон тамаддунидаги ўрни ҳамда темурийларнинг бой ва бетакрор меросини чуқур ўрганиш, юртимиз ва чет элларда кенг оммалаштириш мақсадида «Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида» қарор қабул қилди. 

Ҳужжатда таъкидланганидек, буюк давлат арбоби ва саркарда, Иккинчи Уйғониш даври – Темурийлар Ренессанси бунёдкори Амир Темур миллий давлатчилигимиз ва жаҳон тарихида беқиёс ўрин тутади.

Мустабид тузум томонидан ноҳақ қоралаб  келинган бу улуғ зотнинг муборак номи ва хотираси мустақиллик йилларида тарихий адолат асосида қайта тикланди. Соҳибқирон Амир Темур сиймоси миллий давлатчилигимиз тимсолига айланиб, ўзликни англаш, анъана ва қадриятларимизни тиклаш борасида халқимизга улкан маънавий куч бағишлаб келмоқда.

Тошкент, Самарқанд, Шаҳрисабз шаҳарларида Амир Темур ҳайкаллари ўрнатилгани, Темурийлар тарихи давлат музейи ҳамда Халқаро Амир Темур жамоат фондининг фаолияти йўлга қўйилгани, «Амир Темур» ордени таъсис қилингани, юртимиздаги кўплаб кўча ва хиёбонларга улуғ аждодимиз номи берилганини алоҳида қайд этиш лозим.

Қарорнинг асосий мақсади буюк аждодимиз асос солган Иккинчи Уйғониш даврининг миллий ва умуминсоний моҳияти, ёш авлодни Янги Ўзбекистон бунёдкорлари этиб тарбиялаш борасидаги улкан ўрни ва таъсирини инобатга олиб, ушбу йўналишда амалга оширилаётган ташкилий-амалий, илмий ва маънавий-маърифий ишларни янги сифат босқичига кўтариш ҳисобланади.

Шунга мувофиқ, ҳужжат билан Фанлар академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Маданият вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда    Халқаро Амир Темур жамоат фондининг жорий йилда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш;

ҳар йили апрель ойини «Амир Темур ойлиги» деб эълон қилиш ва унинг доирасида умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим  муассасалари, ҳарбий қисмлар ва ҳарбий таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар, маҳаллаларда темуршунос олимлар, ёзувчилар ва санъаткорлар иштирокида учрашувлар, бадиий-маърифий тадбирлар уюштириш таклифлари маъқулланган.

Темурийлар даври тарихини тизимли ўрганиш ва илмий натижаларни кенг тарғиб этиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган «йўл харитаси» тасдиқланиб, унда жорий йил 9-10 апрель кунлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида «Амир Темур ва темурийлар тамаддунининг жаҳон тарихи ва маданиятидаги ўрни ва аҳамияти» мавзусида халқаро илмий конференция ўтказиш;

Амир Темур ва темурийлар даври тарихи билан боғлиқ туркум китоблар, илмий ва илмий-оммабоп асарларни тайёрлаш ва чоп этиш, шу жумладан, «Темур тузуклари» асарининг илмий изоҳли матнини форс, араб, хитой, инглиз, француз, испан ва рус тилларида чоп этиш, «Темурийлар даврининг 100 нодир қўлёзмаси», «Темурийлар даврининг 100 нодир дурдонаси» китоб-альбомларини яратиш;

темурийлар даврига оид, хорижий давлатларда сақланаётган асл ёзма манбалар нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш;

«Тирик тарих» лойиҳаси асосида суратга олинган, Амир Темур салтанатининг Европа давлатлари билан дипломатик ва элчилик алоқалари ёритиб берилган тарихий-бадиий ва ҳужжатли фильмларни Испания, Франция, Буюк Британия каби хорижий мамлакатларда намойиш этиш;

Темурийлар даври манбалари электрон платформасини яратиш назарда тутилган.

Қарорда қайд этилганидек, Ўзбекистондаги  Ислом цивилизацияси маркази  Фанлар академияси, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда 2026 йил 1 мартдан бошлаб Амир Темур ва темурийларнинг жаҳон тамаддуни ривожига қўшган ҳиссасини кенг тарғиб қилиш мақсадида «Буюк темурийлар» атамасининг халқаро илмий истилоҳ сифатида жорий қилинишини таъминлаш учун хорижий давлатларда «Буюк темурийлар тарихи ва маданий мероси» мавзусида тақдимотлар, медиа тадбир ва анжуманлар ўтказади.

Ҳужжат билан Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби ҳам тасдиқланиб, унга Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган тадбирларни ўтказиш бўйича масъул давлат органлари ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириб бориш, ташкилий масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш;

тадбирлар бўлиб ўтадиган ҳудудларни ободонлаштириш ишларини, техник ва телекоммуникация ускуналари билан жиҳозланишини таъминлаш;

Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган почта маркалари ва конвертлар, тақвимлар ва кўргазмали ахборот воситалари туркумини яратиш, эсдалик, кумуш ва олтин юбилей тангаларини муомалага чиқариш каби муҳим вазифалар юклатилган.

Шунингдек, Тошкент шаҳри ҳокимлигига 2026 йил якунига қадар Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан дунёдаги машҳур музейларнинг энг илғор тажрибаларини қўллаган ҳолда, Темурийлар тарихи давлат музейи биносини реконструкция қилиш, жиҳозлаш, рақамлаштириш ва янги экспозициясини яратиш ишларини амалга ошириш топширилган.

Ушбу қарорда назарда тутилган чора-тадбирларни молиялаштириш тегишли вазирлик, идора ва ташкилотларга ажратилган бюджет маблағлари, уларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.