Истеъдод эгалари
Бугун дунёда инновация ва стартаплар иқтисодий тараққиётнинг асосий драйверларидан бирига айланди. Энди мамлакатларнинг қудрати фақат мавжуд табиий бойликлари ёки йирик саноат корхоналари билан эмас, балки инсон капитали, илм аҳли ва ёшларнинг ташаббускорлиги ҳамда интеллектуал салоҳияти билан ҳам баҳоланмоқда. Ана шундай бир пайтда, стартап лойиҳалар илғор ёшларнинг ижодий ғояларини амалиётга татбиқ этиш, янги технологияларни ҳаётга олиб кириш ва иқтисодиёт рақобатбардошлигини оширишнинг муҳим воситаси бўлиб хизмат қилаётир.
Қарши давлат техника университетининг қатор иқтидорли талабалари ҳам бу жараёнда фаол иштирок қилиб, улар томонидан тизимли изланишлар асосида яратилаётган инновацион ғоялар ва стартап лойиҳалар эътиборга молик. Қуйида уларнинг айримлари ҳақида сўз юритамиз.
ҒЎЗА ВА ПОМИДОР – БИР ДАЛАДА
Юлдуз Муроджонова – «Дўстлик элчиси» кўкрак нишони соҳибаси, ўнга яқин илмий мақолалари Олий аттестация комиссияси эътирофидаги нуфузли журналларда чоп этилган. Айни пайтда 2 та илмий ва 3 та стартап лойиҳа устида иш олиб бормоқда.

Юлдузнинг «Agroduo» номли илмий-амалий лойиҳаси Яккабоғ туманидаги «Дилмуратович» фермер хўжалигида синовдан ўтказилмоқда. Лойиҳа ғўза ва помидорни бир майдонда, бир вақтнинг ўзида ҳамкор экин сифатида етиштиришга асосланган. Бу усул натижасида тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорлик ортиши кутилмоқда. Сув ва ер майдонидан максимал даражада унумли фойдаланиш кўзда тутилган.
Ёш олиманинг ҳисоб-китобларига кўра, синов майдонида етиштирилаётган пахта (ғўза)дан 80 миллион сўм, помидор ҳосили ҳисобига эса 60 миллион сўмдан ошиқ соф даромад олиш кутилмоқда.
ҲАШАРОТЛАР ҲИСОБИГА ЎСАДИГАН ҚЎЗИҚОРИН
Сарвиноз Абдусамиева – Беруний номидаги давлат стипендияси соҳибаси, ўндан ортиқ илмий мақолалар муаллифи, 2025 йилда Россия Федерациясида ўтказилган «Солнечный свет» ва «Мир олимпиад» халқаро танловлари ғолиби.

Аҳолини соғломлаштириш ва касалликларнинг олдини олишда шифобахш Kordeseps millitares қўзиқорини анча фойдалидир. У қадимдан Хитой ва Шарқ табобатида ишлатилиб келинади, овқатларга солинади. Шунинг учун ҳам одамлар уни шифобахш қўзиқорин деб аташади. Бозор қиймати ҳам яхшигина даромад топишга имкон беради.
Kordeseps millitares табиатда ҳашаротлар танасида ўсадиган ноодатий қўзиқорин ҳисобланади. У сариқ ёки тўқ сариқ рангда бўлади ва таркибида оқсил, витаминлар, аминокислоталар, антиоксидантлар, кордицепин сингари жуда кўп фойдали моддалар сақлайди.
Ёш тадқиқотчи Сарвиноз Абдусамиева томонидан етиштирилаётган бу шифобахш ўсимлик организмнинг вирус ва бактерияларга қарши курашишига, шамоллаш ва тез-тез касал бўлишнинг олдини олишга ёрдам беради. Нафас тизимини яхшилайди. Таркибидаги антиоксидант моддалар ҳужайраларни ҳимоя қилади. Иммунитетни оширади. Қон айланишини меъёрлаштиради. Юрак ва қон томирлари фаолиятига фойдали таъсир кўрсатади.
Қўзиқоринни етиштириш учун гуруч ёки буғдой каби озиқа тайёрланади, махсус қўзиқорин уруғи – мицелий қўшилади. Идишлар иссиқ жойда сақланади. Намлик ва ёруғлик назорат қилинади. Бир неча ҳафтадан кейин қўзиқорин ўсиб чиқади. Тайёр бўлгач, қуритилади ва фойдаланилади.
Лойиҳанинг асосий мақсади Cordyceps militaris қўзиқорини мисолида лаборатория шароитида табиий доривор маҳсулотлар ишлаб чиқаришдан иборат. Бу фармацевтиканинг ривожланишига ва янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади.
Стартап ғоя – бу инсонлар ёки жамият ҳаётидаги бирор муаммони ҳал қилувчи, бозорга янгича ёндашув, ноёб хизмат ёки маҳсулот олиб кирувчи ва тез суръатларда ривожланиш салоҳиятига эга бўлган бизнес ғоядир.
ХОНАДА ГАЗ ҲИДИ ЧИҚСА…
Фарангиз Шукурова – Беруний номли давлат стипендияси соҳибаси. Тўртта стартап лойиҳа асосчиси, «Aeronox» лойиҳаси бўйича халқаро танлов ғолиби.

Уй-жойларда, ишлаб чиқариш биноларида ва кичик объектларда газ билан боғлиқ фавқулодда ҳолатлар сони ортиб бораётгани аҳолининг ҳаёти ва мулки хавфсизлигини таъминлашда замонавий назорат тизимларидан фойдаланишни тақозо этмоқда. Айниқса, метан, пропан-бутан, карбон моноксид, водород ва бошқа зарарли газларнинг меъёрдан ошиб кетиши нафақат ёнғин хавфини кучайтиради, балки инсон саломатлигига жиддий зарар етказади.
«Aeronox» лойиҳасининг асосий мақсади шу каби муаммоларни бартараф этишга қаратилган. У реал вақт режимида мониторинг ва рақамли кузатув асосида ишлайди. Автоматик интеграция ва сигнализациядан иборат бўлиб, хона ҳавосида газ миқдори меъёрдан ошганда, тизим фойдаланувчини унинг қўл телефонига ўрнатилган дастур орқали огоҳлантиради, хонадаги вентиляцияни автоматик ишга туширади.
Лойиҳа IoT (Internet of Things – бу интернетга уланган ва одамларнинг иштирокисиз бир-бири билан ёки марказий тизим билан маълумот алмашадиган жисмоний қурилмалар тармоғи) тамойиллари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, хавфсизликни нафақат маҳаллий, балки масофавий бошқарув орқали ҳам таъминлайди. «Aeronox» фойдаланувчига нафақат сигнал беради, балки хавфсизликни мониторинг тизими орқали комплекс тарзда таъминлайди. Бир сўз билан айтганда, у нафақат газ аниқлагич, балки уй ва кичик ишлаб чиқариш муҳитларини ақлли ҳимоя қилиш тизими сифатида фаолият олиб боради.
Эътиборли жиҳати, вилоят ҳокимининг ташаббуси билан мазкур лойиҳани ривожлантириш учун 100 миллион сўм миқдорида инвестиция ажратилган.
«ЕР НОКИ» – ШИФОБАХШ ЭКИН

Гулибону Қобулова – университет магистранти. МДҲ давлатлари талабалари ўртасида ўтказилган халқаро танловлар ғолиби.
Дунё аҳолисининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, инсон саломатлигини мустаҳкамлаш ҳамда қишлоқ хўжалигида юқори самарали экинларни жорий этиш бугунги кунда долзарб масалалардан биридир. Бунда топинамбур сингари экинларни етиштириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Сабаби у нафақат озиқ-овқат, балки фармацевтика, чорвачилик ва қайта ишлаш саноати учун ҳам қимматли хомашё ҳисобланади.
Ватани Шимолий Америка бўлган топинамбур кўп йиллик ўсимлик бўлиб, халқ орасида «ер ноки» номи билан машҳур. Ўсимликнинг энг муҳим хусусияти унинг таркибида инулин моддасининг кўп миқдорда сақланишидир. Инулин табиий полисахарид бўлиб, қандли диабет билан касалланган инсонлар учун фойдали ҳисобланади. Шу сабабли ривожланган мамлакатларда топинамбурдан парҳез маҳсулотлар, биологик фаол қўшимчалар ва табиий ширинлаштирувчи воситалар ишлаб чиқарилади.
Топинамбур туганаклари таркибида 13-18 фоиз инулин, 3-4 фоиз оқсил, шунингдек, темир, калий, магний, кальций, цинк ва кремний каби минерал моддалар мавжуд. Бундан ташқари, унда В1, В2 ва C витаминлари миқдори картошка ҳамда айрим сабзавотларга нисбатан бир неча баробар юқори.
Гулибонунинг лойиҳаси «Топинамбур туганакларини конвектив қуритиш технологиясини такомиллаштириш ва шифобахш хусусиятларини сақлаш бўйича тадқиқот» деб номланган бўлиб, бу борада янги технологияни такомиллаштиришдан иборат.
Лойиҳанинг илмий янгилиги шундаки, юртимиз шароитида етиштирилган топинамбурни конвектив қуритишнинг оптимал технологик режимлари аниқланди. Шу асосда юқори сифатли ва узоқ муддат сақланадиган қуритилган маҳсулотни олиш бўйича такомиллаштирилган технологик ечим тавсия этилди. Олинган натижалар бўйича топинамбурни функционал озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда қўллаш учун илмий асос яратилди.
Абдураззоқ МУРОДОВ

