16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Жараён

Суд ҳокимият мансабдорларига қаратилган даъволарнинг 78 фоизини рад этган

Вилоят маъмурий суди томонидан жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида ҳокимият мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний ва ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан  138 та иш кўрилган. Шундан, 19 таси қаноатлантирилган,  108 таси рад этилган, 3 таси кўрмасдан қолдирилган, 8 таси иш юритишдан тугатилган.

Бу ҳақда вилоят судлари томонидан ҳисобот даврида одил судловни амалга ошириш борасида кўрилган чоралар юзасидан бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтиб ўтилди.

Унда Қашқадарё вилояти судининг раиси Абдуқаюм Маҳкамов, вилоят маъмурий судининг раиси Ғолибжон Давлатов ОАВ вакилларига мавзуга оид маълумотларни тақдим этди.

Таъкидланишича вилоятда 2025 йилнинг тўққиз ойида содир этилган айрим жиноятлар сони ўтган йилнинг мос даври кўрсаткичларига нисбатан ўсган. Масалан, ўғирлик жинояти (401) 64 тага,  қасддан баданга оғир ва ўртача оғирликда тан жароҳати етказиш жинояти (228) 11 тага, гиёҳвандлик билан боғлиқ  жиноятлар (254) 48 тага, вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш (90) 18 тага, қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш (111) 31 тага, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш (24) 18 тага, товламачилик  (30) 2 тага, қасддан одам ўлдириш жинояти (17) 1 тага кўпайган.

Шу куни вилоят маъмурий судида ОАВ вакиллари учун “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилди. Унда қатнашчилар реал суд мажлисида иштирок этиш имкониятига ҳам эга бўлишиб, тарафларнинг чиқишлари, далилларни баҳолаш жараёнлари билан яқиндан танишдилар.

Шоҳиста БОЗОРОВА