Талаба қиз профессорнинг ChatGPT ботидан фойдаланганини кўриб қолгач, университетга ўқиш учун тўланган пулларини қайтаришларини талаб қилди. Бу ҳақда NDTV манбаси маълум қилган.
АҚШдаги Шимоли-шарқий университетнинг битирувчи босқич талабаси Элла Стэплтон ўзининг бизнес курс бўйича профессор ўқитувчиси лекция материалларини тайёрлашда ChatGPT ботидан яширинча фойдаланганини аниқлагани ортидан ўқиш учун тўлаган тўловларининг бир қисмини қайтариш талаби билан расмий мурожаат йўллади.
Унинг сўзларига кўра, талаба ўқув материалларида сунъий интеллектдан фойдаланилганининг аниқ белгилари: такрорланиб келувчи матбаа хатолари, ғалати тасвирлар ва ҳатто библиографияда ChatGPT ботига ҳаволани кўргач, нимадир кўнгилдагидек эмаслигига шубҳа қилган. Қўшимча оёқ-қўлли одамлар график тасвирига кўзи тушгани эса энг ташвишли лаҳзалардан бири бўлган.
Талабаларга сифатли лекция ўрнига сунъий интеллект томонидан яратилган материаллар тақдим этилаётганидан кўнгли чўккан Элла Стэплтон университет маъмуриятига расмий шикоят қилган. Унда нафақат сунъий интеллектдан огоҳлантириш бермасдан фойдаланилгани фактлари, балки курсни ўқитиш методларидаги камчиликлар ҳам кўрсатилган. Қиз 8000 минг доллар миқдоридаги маблағни қайтариш талабини қўйган.
«Ўқитувчи бизга ChatGPT ботидан фойдаланмаслик ҳақида гапиради, кейин эса ўзи ундан фойдаланади», деган норози талаба.
Бир қатор ички учрашувлардан сўнг университет расмийлари қизнинг даъвосини рад қилишган. Бироқ курс ўқитувчиси профессор Рик Эрроуд лекция тайёрлашда сунъий интеллект дастурларидан фойдаланганини тан олган.


Leave feedback about this