16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Фаолият

Тизимли муаммонинг ҳам иқтисодий, ҳам экологик ечими топилди

 Тажриба

«Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятининг вилоятимизда жойлашган объектларидан бирида табиий газ қазиб чиқариш жараёнида ажралиб чиқадиган қатлам сувларини тозалаб, улардан қайта фойдаланиш йўлга қўйилди.

Жамият матбуот хизматининг хабар беришича, ушбу муҳим лойиҳа доирасида илк бор Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли 9-сонли газ йиғиш пунктида Туркиянинг «Biowater» компанияси билан ҳамкорликда синов тариқасида махсус қурилма ишга туширилди. Унинг ёрдамида кунига 100 тонна ифлосланган сув тозаланиб, 80 тоннаси суғориш ёки техник мақсадларда фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтирилади.

Мутахассислар изоҳига кўра, қурилмага жорий қилинган «тескари осмос» технологияси орқали сув тўлиқ минералсизлантирилади ва ишлаб чиқариш жараёнларида зарур бўлган мазкур ресурс талабини ички имкониятлар ҳисобидан қоплаш мумкин бўлади. Ҳозирда ушбу усулда тозаланган сувдан экин майдонларини суғоришда фойдаланиш бўйича Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасидан тегишли рухсатномалар олинди.

Эътироф этилишича, мазкур лойиҳа мамлакат Бош вазирининг конларга қилган навбатдаги амалий ташрифларидан бирида ҳукумат раҳбари томонидан берилган таклиф асосида амалга оширилган. Халқаро ҳамкорлар ва экологлар билан ишлаш натижасида ушбу тизимли муаммонинг ҳам иқтисодий, ҳам экологик ечими топилди. Синов натижаларидан келиб    чиқиб, «Ўзбекнефтгаз» АЖ бундай сув тозалаш қурилмаларини ўзининг бошқа кон ва заводларида ҳам кенг жорий этишни режалаштирмоқда. Бу нафақат сув тежалиши, балки атроф-муҳит муҳофазаси, тупроқнинг қуруқлашишини бартараф этиш ва мамлакатимиз экологик барқарорлигига хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.