Инвестиция лойиҳалари
«М-39 «Олмаота-Бишкек-Тошкент-Шаҳрисабз-Термиз» автомобиль йўлининг 1255-1315 км (60 км) қисмини реконструкция қилиш» лойиҳаси доирасида вилоятимизнинг Ғузор ва Деҳқонобод туманлари ҳудудида тор ва таъмирталаб йўл тубдан қайта қурилиб, халқаро талаб ва стандартларга мос замонавий тўрт тасмали цемент-бетон қопламали магистраль барпо этилмоқда.
Хабарингиз бор: ўтган йилнинг апрель ойи бошида давлатимиз раҳбари халқаро аҳамиятдаги М-39 автомобиль йўлнинг 60 километрлик қисмини қайта қуришга оид режа тақдимоти билан танишган эди. Орадан кўп вақт ўтмай, 2024 йил 15 апрель куни Президент қарори қабул қилиниб, унда Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида «М-39 «Олмаота-Бишкек-Тошкент-Шаҳрисабз-Термиз» автомобиль йўлининг 1255-1315 км (60 км) қисмини реконструкция қилиш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари белгиланди. Ҳужжатда қайд этилганидек, 2024-2029 йилларда ҳаётга татбиқ этиладиган мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 195,5 миллион АҚШ долларини ташкил қилади. Ислом тараққиёт банки томонидан 106,7 миллион АҚШ доллари, ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси томонидан 47,2 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз ажратилган, Ўзбекистон Республикасининг солиқ ва божхона имтиёзларини тақдим этиш ҳамда молиявий бошқа харажатларни қоплаш кўринишидаги ҳиссаси эса 41,5 миллион АҚШ долларига тенг.

– Лойиҳа доирасида 60 километр автомобиль йўли халқаро андазаларга мос равишда реконструкция қилиниб, жумладан, Деҳқонобод тумани марказини айланиб ўтувчи 17 километрлик янги йўл қурилади, 8 та кўприк барпо этилади ва таъмирланади, шунингдек, 6 та икки сатҳли қайрилиб олиш ва 6 та ер ости пиёдалар ўтиш жойлари ҳамда 13 та чорва молларини олиб ўтиш жойи қад ростлайди, – дейди «Ислом тараққиёт банки ва Араб мувофиқлаштириш гуруҳи лойиҳаларини амалга ошириш гуруҳи» давлат муассасаси директори Усмонжон Расулов. – Қурилиш жараёнида бир қатор инновацион технологиялар ва материаллардан кенг фойдаланилади. Масалан, республикамизда илк бор йўлнинг аҳоли яшайдиган ҳудуддан ўтган қисмида шовқинни қайтарувчи тўсиқлар ўрнатилиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, тунги пайтда қарама-қарши ҳаракатланувчи автотранспорт воситаларининг ёритиш тизимлари ҳайдовчиларнинг кўзини олмаслиги учун трассанинг бутун узунлиги бўйлаб ёруғликни қайтарувчи панеллар ҳам ўрнатилади ва автомобиллар хавфсиз ҳаракатланишини таъминловчи бошқа кўплаб ечимлар қўлланилади. Сирасини айтганда, М-39 автомобиль йўлининг шу қисми реконструкция қилингач, ундан бир суткада ўтадиган автотранспорт воситаларининг ўртача сони 17 мингтадан 35 мингтагача ортиб, йўлдан фойдаланувчиларга ҳар томонлама – ҳам ижтимоий, ҳам иқтисодий жиҳатдан, ҳам экологик нуқтаи назардан қўшимча қулайликлар яратилади.

Муҳим лойиҳани амалга ошириш жараёнида консультант сифатида Туркиянинг «TEMELSU International Engineering Services Inc.» компанияси, пудратчилар сифатида эса Хитой Халқ Республикасининг «China Road and Bridge Corporation» компанияси (биринчи ва иккинчи лот) ҳамда «Dineshchandra- New-Tech-Tekar» халқаро консорциуми (учинчи лот) иштирок этмоқда. Бугунги кунгача улар томонидан 1 миллион куб метрдан ортиқ ҳажмдаги ер ишлари, 600 квадрат метр сатҳда йўл пойи кўтарма ишлари, 8 минг квадрат метр сатҳда мавжуд асфальт-бетон қопламани демонтаж қилиш, 32,6 погонометр дренаж ишлари бажарилган. Ҳозирги пайтда йўл реконструкциясига жами 300 нафарга яқин маҳаллий ва хорижий ишчи ва мутахассис ҳамда 140 дан ортиқ махсус техника ва механизмлар жалб этилган.
Янада бир эътиборли томони: «М-39 «Олмаота-Бишкек-Тошкент-Шаҳрисабз-Термиз» автомобиль йўлининг 1255-1315 км (60 км) қисмини реконструкция қилиш» лойиҳаси доирасида мақбуллаштириладиган ва иқтисод қилинадиган маблағлар ҳисобига республикамизнинг 11 та ҳудудида 22 та вазн ва ҳажм параметрларини назорат қилиш пунктларини қуриш назарда тутилган.
Ўз мухбиримиз

