Қашқадарёдаги кўплаб ёдгорликларни йўқолиб кетиш хавфи кутмоқда
Вилоят ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Алишер Исамиддинович ЗАКИРОВга очиқ хат ўрнида!
Қашқадарё – қадимий ва табаррук замин, бу кўҳна диёрда кўплаб алломалар, саркардалар, олиму фузалолар мангу қўним топган. 2700 йиллик тарихга эга Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари қадимги дунё цивилизациясида алоҳида ўрин тутгани маълум. Испания қироллигидан Амир Темур бобомиз ҳузурига элчи бўлиб келган Руи Гонсалес де Клавихонинг «Парижнинг энг нозик дидли зодагонлари ҳам Оқсаройни кўрганида ҳайратдан лол қолар эди», деган сўзлари замирида ота-боболаримизнинг юксак меъморлик, шаҳарсозлик маданиятига эҳтиром туйғулари мужассам.
Муаммо ва муносабат
Чиндан ҳам, Қашқадарё вилояти тарихий ёдгорликлар, диққатга сазовор жойларга бой. Улар ёш авлодни Ватанга садоқат, ўтмишга ҳурмат, ота-боболарга муносиб ворис бўлиш руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутиши баробарида вилоятда туризм ривожига ҳам катта ҳисса қўшади.
Шаҳрисабздаги Оқсарой мажмуаси, Қарши шаҳридаги Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ, Қарши туманидаги Абул Муин ан-Насафий, Касби туманидаги Султон Мирҳайдар мажмуаси, Косон туманидаги Қусам шайх, Китоб туманидаги Ҳазрати Башир, Ғузор туманидаги Мири Жанда, Қамаши туманидаги Лангар ота зиёратгоҳлари маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар эътиборини мудом жалб этиб келаётган қадамжолар саналади.
Маълумотларга кўра, Қашқадарё вилояти маданий мерос бошқармаси томонидан жами 1468 та объект муҳофазага олинган бўлиб, шундан 1197 таси археологик, 208 таси архитектура иншооти, 35 та ҳайкал, 28 таси диққатга сазовор объектлардир.
Афсуски, ҳар бир ҳудудда эътибордан четда қолаётган, хароб аҳволдаги ёки аҳоли томонидан турли сабаблар билан йўқ қилиб юборилаётган тарихий жойлар ҳам мавжуд. Қайсидир манзил, ёдгорлик ёки тепаликлар аҳоли уй-жой қуриши оқибатида, ғишт ишлаб чиқариш, дала майдонларини кенгайтириш ҳисобига йўқ бўлиб кетяпти. Яна қайсидир тарихий бинолардан спорт заллари, цех ёки бошқа ишлаб чиқариш мақсадларида фойдаланилган. Баъзи ёдгорликлар хароб ҳолда турибди ва бугун деярли унутилган. Айрим жойлар ҳолати яхши, лекин туризм йўналишларидан четда қолган.
Шу ўринда вилоятдаги энг қадимий археологик ёдгорлик – Ерқўрғон ҳақида тўхталмасак бўлмайди. Воҳамизнинг қарийб уч минг йиллик тарихини ўз бағрида мужассам этган Ерқўрғон таниқли олим Рустам Сулаймонов тадқиқотларидан буён деярли ўрганилмаётган манзилга айланиб улгурди. Агар бирор сайёҳни ўша томонларга олиб бориб, мана шу – воҳамиздаги энг қадимги шаҳарлардан бирининг ўрни, шу жойдан топилган ишончли археологик манбалар асосида Қарши шаҳрининг 2700 йиллигини нишонлаганмиз, десангиз, у ҳайрон қолиши аниқ. Ястаниб ётган тепаликларда бугунги кунда археологик ўрганишларни давом эттириш, янги далиллар топишга эҳтиёж мавжуд. Қолаверса, Ерқўрғонни келажак авлодларнинг юксак технологиялари асосида ўрганилиши учун ҳам ўз тарихий ўрнида сақлаб қолиш, фермерларнинг дала майдонларига қўшилиб кетмаслиги учун аввало ёдгорлик атрофини айнан ҳозирги кунларда тўлалигича ўраб олиш энг долзарб вазифалардан биридир.
Худди шунингдек, Муборак туманидаги, Амир Темур фаолияти билан боғлиқ, темурийлар сулоласидаги улуғ сиймо Сарой Мулк хоним – Бибихоним таваллуд топган маскан Занжир Сарой тарихий ёдгорлиги ҳам кенг кўламли ўрганишларга муҳтож. Ёдгорлик марказида жойлашган, пишиқ ғиштдан бунёд этилган маҳобатли сарой қолдиқларини тўлалигича очиб, уни «очиқ осмон остидаги музей»га айлантириш Қашқадарё вилоятининг туризм салоҳиятини ривожлантиришда катта қадам бўлур эди.
Маълумки, Қарши шаҳри қадимий ва бой тарихга эга. Шаҳарда давлат муҳофазасига олинган 25 та архитектура ёдгорлиги мавжуд. Бу ерда қадимдан шаҳарсозлик ривож топгани, йирик муҳандислик иншоотлари, бозорлар, боғ-роғлар бўлгани манбалардан маълум. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам бизгача етиб келмаган. Сақланиб қолганлари эса Кўкгумбаз, Одина жомеъ масжидлари, Бекмир, Қиличбек, Хожа Абдулазиз мадрасалари, сардоба, Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ зиёратгоҳи, қадимий кўприк, ҳаммом ва яна бир нечта маданий мерос объектларидир.
Албатта, ушбу маданий мерос объектларининг ҳар бири беқиёс тарихий аҳамиятга эга. Уларни асраб-авайлаш ва келажак авлодларга етказиш, ҳар бирини алоҳида туристик нуқталарга айлантириш асосий вазифаларимиздан бири ҳисобланади.
Аммо неча-неча асрлар тўфонларида омон қолиб, бизгача етиб келган бу маданий мерос объектларининг аксарияти бугун ниҳоятда ачинарли аҳволга келиб қолган.
Улардан бири – Қарши шаҳрининг Ҳарамжўй маҳалласида жойлашган 5 асрлик тарихга эга масжиддир. Бугунги кунда масжиднинг тарихий қисмидан битта хона, унинг шифт қисми ҳамда ёғоч эшиги сақланиб қолган, холос. Ана шу қисмларнинг ўзидаёқ бинонинг такрорланмас услуб ва ноёб архитектура ечимларга эга бўлгани кўзга ташланади.

Ҳарамжўй масжиди меъморий ёдгорлик сифатида давлат муҳофазасига олинган. Бино сифатли таъмир, эътибор ва қаровга муҳтож. Акс ҳолда беш асрлик тарихий обида яқин йиллар ичида йўқолиб кетиши ҳеч гап эмас.
Қарши шаҳрининг Чақар маҳалласида жойлашган Кулол масжиди эса XVIII асрда бунёд этилган. Кейинги йилларда бу тарихий жой устахона вазифасини бажарган. Кўп йиллар давомида эътиборсиз қолиб, ўта таъмирталаб аҳволга келган масжид биноси айни вақтда бир томонга оғиб қолган ва атрофдагилар учун ҳам жуда хавфли ҳолатда турибди.
Шарифбой мадрасаси XVIII асрда пишиқ ғиштдан барпо этилган бўлиб, икки сотихдан ортиқ майдонни эгаллаган. Ҳовли сатҳи жуда кичик, тўрт томонида 12 та ҳужра мавжуд. Ўз даврида бу ердан кўплаб зиёли кишилар етишиб чиққан.
Маълумотларга кўра, шўролар даврида Шарифбой мадрасасида бир муддат рентгенхона фаолият юритган. Кейин бу жой тери-таносил касалликлари бўйича шифохона филиалига айлантирилган. Яна бир муддат омборхона вазифасини ўтаган. Ва табиийки, шу йиллар давомида тарихий бино ўта таъмирталаб ҳолга келиб қолган.
Бир неча йил илгари оммавий ахборот воситаларида Ҳарамжўй ва Кулол масжидлари 2021 йилги таъмирлаш дастурига киритилгани, Шарифбой мадрасаси эса 2022 йилги дастурга киритилиши ҳақида эълон берилган эди. Аммо орадан шунча вақт ўтган бўлишига қарамай бу ёдгорликлар сайёҳларни бошлаб борса бўладиган манзилга айланмади.
Меъморчиликнинг ноёб намунаси бўлган Қарши ҳаммоми Абдуллахон II даврида, 1592-1593 йилларда қурилган. Мазкур обида тарҳи – аниқ, пухта, тўғри тўртбурчак шаклида, бўйламасига бешта ва энига учта хона жойлашган. Хоналар йирик гумбазли (баландлиги 5,6 метр) марказий зал атрофида уюшган. Ҳаммом доим иссиқ бўлиши учун ердан 3 метр пастда қурилгани ҳам эътиборга молик.
Бу тарихий иншоот ўз даврининг йирик меъморлари томонидан тайёрланган мукаммал тарҳ асосида, қурилиш соҳасидаги усталари томонидан катта маҳорат билан барпо қилинган. Энг муҳими, ушбу ҳаммом бизнинг давримизгача сақланиб қолган.
Ва бизнинг давримиздан нарига ўтадиганга ҳам ўхшамаяпти, афсус. Замонавий қурилишлар ҳар томондан қисиб келгани етмагандай, қадимий ҳаммом қаровсиз, эътибордан четдаги жойга айланиб қолган. Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, ҳаммомни сақлаб қолиш учун унинг муҳофаза ҳудудидаги (ҳар бир ташқи деворидан камида 10 метр масофада) замонавий иншоотларни олиб ташлаш мақсадга мувофиқ.

Қарши туманидаги Хожа Шамсиддин Ҳалвоний мангу қўним топган манзилгоҳ ҳам бугун ниҳоятда хароб аҳволда.
Бу шахс Ҳанафиййа таълимотининг минг йиллар бурун Мовароуннаҳр заминида кенг ёйилишида биринчилардан бўлиб хизмат қилган Шамсул-аимма ал-Ҳалвоний номи билан донг таратган машҳур зотдир.
Манбаларга кўра, Шамсиддин Ҳалвоний ас-Сарахсий, «Фахрул ислом» Али Паздавий, Абулюсур ал-Паздавий, аз-Заранжий сингари машҳур олимларнинг устозидир. «Фахрул ислом» Али Паздавий машҳур фиқҳ олими Нажмиддин Умар ан-Насафийга, у киши эса ислом фиқҳшунослиги намояндаси, «Ҳидоя» асари муаллифи Мавлоно Бурҳониддин ал-Марғинонийга устозлик қилган. Бу ҳам Ҳалвоний илмий салоҳияти нечоғлик юқори бўлганини тасдиқлайди.
Шундай улуғ зот бўлса-да, унинг қабри жойлашган ҳудуд бугун ниҳоятда хароб ва қаровсиз ҳолда. Ўз даврида оддий пахса ва хом ғиштдан моҳирона тикланган кулоҳи гумбазли мажмуа бугун асл қиёфасини йўқотган.
Эътиборлиси, бу ердаги мақбарада ўзининг тузилиш тарҳи бўйича Қашқадарёдаги энг қадимий қабр мавжуд. Бу қабр қурилишида ишлатилган майоликали, ўта ноёб сирланган қопламалар Самарқанднинг Шоҳизинда мажмуасидаги Қусам ибн Аббос қабри қопламалари билан тенглаша олади.
Мазкур мақбара қаровсиз ҳолатда экани хусусида «Qashqadaryo» газетасида бундан ўн йил илгари мақола чоп этилган эди. Орадан шунча вақт ўтган бўлишига қарамай бирор ўзгариш сезилгани йўқ.
Қарши тумани Ўзбекистон мустақиллиги маҳалласида Муҳаммад ибн Ато ан-Насафий ас-Сакабадиёзий қабри мавжуд бўлиб, бу ер ҳам зиёратгоҳ сифатида ободонлаштирилса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Қарши тумани Кўчкак маҳалласида XIII-XIV асрларда қурилган тўрт гумбазли тош масжид сақланиб қолган бўлиб, узоқ тарихни ўзида жо этган ушбу манзилга эътибор қаратилса, фойдадан холи бўлмасди.
Шуниси қизиқки, ислом дунёсида мусулмон масжидлари қурилиши қарийб ўн икки асрдан буён давом этаётган бўлса-да, минглаб масжидлар қурилган бўлса-да, тўрт гумбазли масжидлар қурилиши, меъморчилиги фақатгина Қашқадарё воҳаси учун, айнан воҳанинг қуйи қисми – Қарши воҳаси учун хосдир. Бу каби тўрт гумбазли масжидлар намуналари Қарши туманининг Каҳлак, Потрон қишлоқларида, Касби туманининг Қатағон, Пандирон қишлоқларида, Косон шаҳри ҳудудида сақланиб қолган. Лекин, тарихчи олимларнинг таъкидлашича, Косондаги XV-XVI асрларга оид Чоргумбаз масжиди Қарши шаҳрининг 2700 йиллиги юбилейи арафасида жинояткорона тамоман бузиб ташланиб, ўрнига янги замонавий масжид қурилган. Ислом оламида ўхшаши йўқ, ўзига хос меъморий хусусиятларга эга бўлган бу масжидлар Қашқадарё вилоятида «Зиёрат туризми»ни ривожлантириш учун бебаҳо манбалардир.
Касби туманида, Султон Мирҳайдар мажмуасидан 1 километр чамаси шимоли ғарбда, XVI асрда бунёд этилган Намозгоҳ сақланиб қолган. Бундай иншоотлар одатда катта миқдордаги аҳолининг ҳайит намозларини ўқиши учун шаҳар ташқарисида бунёд этилган. Пештоқи ва бир қатор гумбазлари ниҳоятда маҳорат билан бунёд этилган бу иншоот ҳозирда ташландиқ аҳволда. Атрофидаги кенг майдон янтоқзор бўлиб, сувсизликдан қақраб ётибди. Намозгоҳни таъмирлаш ишларини охирига етказиб, олдидаги ҳовлисини 50х50 метр ҳажмда девор билан ўраб, текислаб, брусчатка билан қоплаб, Султон Мирҳайдар мажмуасидан асфальт йўл тортиб, намозгоҳ фаолиятини қайта йўлга қўйиш, юртдошларимизнинг оммавий ҳайит намозлари ўқишларини ташкил этиш мумкин. Ўзбекистонда бу каби амалиёт ҳали амалга оширилмаган.
Қарши туманидаги Потрон қишлоғида Етти туғ ота зиёратгоҳи мавжуд. Бу ерда шажара жиҳатидан Ҳазрати Алининг ўғиллари – Ҳасан ва Ҳусайнга бориб туташиши айтиладиган авлиё Мирсаййид Фатҳуллоҳ ва унинг авлодлари дафн қилинган. Бугунги кунда ушбу манзил бир қадар обод, бироқ айрим таъмир ишларига муҳтож. Қолаверса, улуғ инсонлар дафн этилган ушбу жой туристик маршрутдан четда қолган.
Қарши шаҳрига бирор маҳаллий ёки хорижлик сайёҳ келса, уни дарҳол Шаҳрисабзга, Оқсарой мажмуасига олиб боришга интиламиз. Ваҳоланки, Қарши ва унинг атрофидаги ҳудудларда ҳам туристлар эътиборини ўзига тортадиган меъморий обидалар кўп.
Дейлик, Қарши туманидаги Абул Муин ан-Насафий мажмуасига борадиган меҳмон йўл-йўлакай Етти туғ ота, Шамсиддин Ҳалвоний зиёратгоҳларида ҳам бўлса, анча бой таассуротларга эга бўлиши аниқ.

Китоб туманидаги қадамжолардан бири – Соҳибқирон Амир Темурнинг пири Шоҳ Саид Неъматуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон (1330-1431) номи билан боғлиқ. Бу зиёратгоҳ туман марказидан 23 километр узоқликдаги Мўғул қишлоғида жойлашган. Саид Неъматуллоҳ ислом оламидаги забардаст зотлардан бири бўлиб, сўфийликнинг «Неъматуллоҳия» йўналиши асосчисидир. Бу таълимот Нақшбандия тариқати каби машҳурдир.
Саид Неъматуллоҳ араб ва форс тилларида 400 дан ортиқ ҳар хил масалалар ёритилган ёзишмалар битган ва уларнинг 110 таси бизгача етиб келган. У киши Мўғул қишлоғида 6 йил яшаган. Айни пайтда Саид Неъматуллоҳ яшаган жой зиёратгоҳга айлантирилган бўлса-да, ҳанузгача туризм йўналишларидан четда қолиб келмоқда. Сабаби, йўл таъмирга муҳтож.
Яна бир бебаҳо ёдгорлик Миришкор туманидаги Гулистон қишлоғида жойлашган Паздавийлар зиёратгоҳидир. Унга олиб борувчи 7 километр йўл яроқсиз ҳолга келган ҳамда бу ҳолат саёҳатчилар ва зиёратчилар учун кўплаб ноқулайликни юзага келтираяпти. Гулистон қишлоғи яқинида ўрта асрлар ёзма манбаларида, хусусан, Истаҳрий, Муқаддасий, ибн Ҳавқал асарларида тилга олинган Пазда шаҳри харобалари бўлган Кўҳна Фазли ёдгорлиги мавжуд. Манбаларда Пазда шаҳри Насаф шаҳридан ҳам катта бўлганлиги тилга олинади. Шаҳар мўғуллар истилоси даврида тамоман вайрон қилинган ва қайта тикланмаган. Шунинг учун бу шаҳарнинг археологик рельефи, тарихий топографияси 1319-1320 йилдан то ҳозирга қадар умуман бузилмасдан келган ва Кўҳна Фазли ёдгорлиги Мовароуннаҳрнинг ривожланган ўрта асрлар даври шаҳарларини археологик жиҳатдан ўрганиш учун, археологик туризм учун эталон ёдгорлик бўла олади.
Мана шу шаҳарда камолга етган, ислом оламида «Фахр ал-ислом», яъни «Исломнинг фахри» номини олган, умрининг катта қисмини Самарқандда ўтказган улуғ аллома ал-Паздавий (1010-1089) Ҳанафийя мазҳабининг йирик фиқҳшунос олими бўлиб, ислом ҳуқуқшунослиги бўйича ёзган асарлари қўлёзмалари Берлин, Лондон, Париж, Деҳли, Санкт-Петербург, Қоҳира, Тунис, Истанбул каби шаҳарларда сақланади.
Шундай буюк аллома номи билан боғлиқ зиёратгоҳ биргина йўл таъмири туфайли эътибордан четда қолаётгани ачинарли ҳолат.
Маълумки, XIX аср иккинчи ярми ва ХХ аср бошларида Ғузор беклиги Бухоро амирлиги тасарруфидаги энг ривожланган маъмурий бирликлардан бири бўлган. Ғузор беклигининг асосий қўрғони Ғузордарё соҳилидаги тепаликда жойлашган. Бу ерда бекнинг яшаш жойи, бошқарув идораси ва бошқа турли зарур муассасалар бинолари бўлган. Ҳозир бу тепалик ва иморатлардан харобалар қолган, холос.
ХIХ аср иккинчи ярмида Ғузор беги Абдумалик тўра томонидан қўрғондан бироз қуйида ёзги чорбоғ ва унинг ёнида уй барпо этилган. Шу ерлик кексаларнинг айтишича, асосий қўрғондан ёзги чорбоғга олиб келадиган ер ости йўли ҳам бўлган. Катта эҳтимол, бу йўл ҳали ҳам бор. Фақат унинг кириш қисмларига тупроқ тўлиб ёпилиб қолган.
Бекнинг уйи архитектура жиҳатдан катта тарихий қийматга эга. Лекин бино эътиборсиз, қаровсиз қолдирилган.
Ғузор шаҳрининг Хўжагузар маҳалласи ҳудудидаги йўл бўйида гавжум савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари жойлашган. Уларнинг қаторида ҳудуддаги тадбиркорлардан бири анча йилдан буён омборхона, дўкон сифатида фойдаланиб келаётган яна бир бино бор. Усти гумбаз шаклида ёпилган ушбу бино ва унинг ёнидаги минорани кўрган киши дарҳол бу икки бинонинг тарихий обида эканлигини англайди.

Манбаларда келтирилишича, Бухоро амири Амир Шоҳмурод ўз вақтида Ғузор беклигида масжид ва мадраса қурдирган. Тахминларга кўра, амир қурдирган масжид худди шу ҳудудда бўлган ва мазкур обихона (таҳорат олинадиган жой) ва азон минораси ҳам унинг ёнида барпо этилган.
Мустақилликдан сўнг ҳар икки обида давлат муҳофазасига олинган. Бироқ бу уларни талафотларсиз сақлаш, келажак авлодларгача етказиб бериш кафолатини бермайди. Чунки ҳар икки обида таъмирга, қаровга, назоратга муҳтож.
Обихонадан савдо дўкони сифатида фойдаланилганини қандай изоҳласа бўлади? Тарихий минорани ҳам қўшни хонадонларнинг қурилишлари ҳар томондан қуршаб олмоқда.
Обихона ва минорадан ўтиб, бироз жанубда 2 қаватли Авғонбоғ мадрасаси жойлашган. Бу бино Ғузор беклигининг сўнгги йилларида, аниқроғи, 1913 йилда барпо этилган.
Ҳукуматнинг 2013 йил 1 ноябрдаги тегишли қарорига асосан (айни пайтда кучини йўқотган) мазкур мадрасани ҳам реставрация қилиш режалаштирилган. Бунинг учун турли манбалар ҳисобидан 100 минг доллар эквивалентида маблағ сарфлаш кўзда тутилган эди. Бироқ бу ишлар амалга ошмаган, натижада кўп йиллар давомида ушбу обида ҳам чиқиндихонага айланиб қолган. Кейинчалик ушбу мадрасага тадбиркорлик субъекти вақтинча эгалик қилиб, келин-куёвлар айланадиган ва суратга тушадиган жойга айлантирган.
Ғузор туманидаги Чўғуртма маҳалласидаги қадим Чўғуртма Қовчин эли етти қишлоқли Хўжа Абулайс гул жомеъ масжиди ва у ердаги бошқа тарихий манзилгоҳлар кенг миқёсда ўрганилиши ва реконструкция қилиниши зарур. Бу ерда араблар кириб келган даврларда қад ростлаган масжид ҳамда ундан аввалги даврларда мавжуд бўлган зардуштийлик ибодатхоналари ўрни борлиги эътиборга молик.
Воҳанинг қадимги меъморчилигида сардобалар алоҳида ўрин тутган. Географик жойлашуви, табиати ва рельефига кўра қор-ёмғирдан, анҳор-ариқ сувларидан, ер ости сувларидан тўлдирилган сардобалар тарихи IХ-Х асрларга бориб тақалади. Тарихий маълумотларга қараганда, Мовароуннаҳрда 44 сардоба мавжуд бўлса, уларнинг 29 таси Қарши чўлида жойлашган.
Аммо бугунги кунда Қарши сардобаси сайёҳларга намойиш этиладиган эмас, гўё яшириб қўйилган манзилдай, борми-бор қабилида турибди. Муборак, Касби туманларидаги кўҳна сардобалар эса емирилиб, йўқлик сари юз тутмоқда. Уларни қайта таъмирлаш, атрофини ободонлаштириш, сайёҳлик йўналишлари билан боғлиқ лойиҳаларга киритиш даркор.
Нишон тумани 1975 йилда ташкил этилган, бироқ бу ерда тарихи узоқ асрларга бориб туташадиган ёдгорликлар талайгина.
Жумладан, Гулистон МФЙ Отқудуқ қишлоғида жойлашган, XIV асрга оид Найман ота мақбараси билан боғлиқ далиллар аҳамиятли. Бу ерда жунайдия тасаввуф тариқати асосчиси, 910 йилда вафот этган Жунайд Бағдодий қабр тоши мавжудлиги қизиқ. Тарихдан маълумки, мутасаввуф аллома Бағдодда яшаган ва ўша ерда дафн қилинган. Жунайд Бағдодийни Алишер Навоий, Шайх Шиблий юксак эътироф этишган.
Амир Темур Қарши шаҳрига Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ хокини келтиргани каби Жунайд Бағдодий хокини ҳам келтирган бўлиши мумкин, деган тахминлар бор. Нима бўлганда ҳам, аллома билан боғлиқ жойни улкан зиёратгоҳга айлантирса, сайёҳлар оқимини кўпайтириши шубҳасиз.

«Қашқадарё сўфийлик мактаби асосчиси» дея таъриф бериладиган Абу Туроб Нахшабий (806-887) абадий қўним топган манзил ҳам Нишон туманида бўлиши мумкин. Манбаларда аллома Басрада вафот этгани айтилади, ўз навбатида Нишон туманида унинг исми келтирилган қабртош топилган. Демак, бу борада ҳам ўрганишлар олиб борилса, фойдадан холи бўлмайди.
Биласиз, қадимий ипак йўлининг турли тармоқлари юртимиз ҳудудидан ҳам ўтган. Шу йўлнинг шундоққина ёқасида, Деҳқонобод туманидаги Оқработ маҳалласида муҳим стратегик макон вазифасини бажарган кўҳна қалъа харобалари сақланиб қолган. Мазкур харобалар бундан 2300 йил аввал юртимизга бостириб кирган Александр Македонский билан боғлиқ, деб ҳисобланади.
Айтишларича, Марказий Осиёга юриш қилган Македонский Деҳқонободда қишлаган бўлиши мумкин, шунда ўзи ва аскарлари учун грек услубидаги қалъа барпо эттирган. Аслида бу асоссиз ривоят эмас. Чунки Сурхондарё вилоятида Македон канали бор, Афғонистон билан чегарада эса Александр Македонский қурдирган қалъа харобалари сақланиб қолган. Демак, Деҳқонободда юнон-македон қўшинлари бўлгани эҳтимолдан узоқ эмас.
Бугунги кунда ушбу қалъа анча чўккан ва маълум қисмигина ер устида қолган.
Ўзига хос архитектурага эга Македонский қалъаси дея тахмин қилинаётган маскан ҳали тўлиқ ўрганилмаган. Аммо бу ер Ўзбекистоннинг ноёб қадим маданият бешикларидан бири бўлганига шубҳа йўқ.
Афсуски, шундай ноёб ёдгорлик ҳам йўқ бўлиб кетиш арафасида. Ён-атрофдан аҳоли турар жой қуриши оқибатида қалъа ҳудуди тобора кичрайиб бормоқда.
Юқорида номлари келтирилган объектлар тушунарли, уларнинг барпо этилганига узоқ давр ўтган, аммо яқин йилларда қад ростлаган ёдгорликлар ҳам кишини мамнун қилмайди.
Бугунги кунда Қарши шаҳрида 6 та монументал санъат ёдгорлиги давлат рўйхатига олинган. Уларнинг тўрттаси мустақилликдан сўнг барпо этилган бўлса, Кат маҳалласидаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига ўрнатилган ёдгорлик ҳамда Хўжахиёл маҳалласида жойлашган «Шуҳрат қўрғони» 1980-йилларда қад ростлаган.
Айтиш жоиз, ушбу монументал ёдгорликлар ичида «Шуҳрат қўрғони» майдон жиҳатидан ҳам, туристик салоҳияти жиҳатидан ҳам энг йирикларидан бири ҳисобланади.
Атрофи ободонлаштирилган бўлишига қарамай қўрғон ва унга туташ хоналар бўм-бўш ҳолида турибди. Бу ерда Иккинчи жаҳон уруши, фронторти билан боғлиқ ҳолатлар акс этган кўргазмалар, музей фаолиятини йўлга қўйиш, турли тадбирлар ўтказиш мумкин. Ён-атрофда давом этаётган қурилишлар шиддати ушбу қўрғонни яқин йиллар ичида «ютиб» юбориши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
Юқорида келтирилган бир нечта ёдгорликларнинг ўзиёқ воҳа тарихи нақадар узоқ асрларга туташи, бу ерда не-не буюк зотлар мангу ором олаётганидан дарак беради. Бу ёдгорликларни белгиланган талаблар асосида сақлаш, таъмирлаш ким учундир ортиқча муаммо, харажат манбаи сифатида кўриниши мумкин. Аммо уларнинг тарихий қийматини билганлар учун бу катта бойлик.
Ҳудудларда масъуллар гоҳ у обидани, гоҳ бу обидани таъмирлаш бўйича йиллик дастурларга киритиш билан овора. Аммо дастурга киритилгани билан амалий иш қилинмаса, бари бекор.
Миллий маданиятимиз, халқимизнинг қадимий тарихидан сўзлайдиган ноёб ёдгорликларни асраш, ўрганиш, тадқиқ этиш ва авлодларга етказиш каби масалалар устувор аҳамият касб этаётган бугунги кунда тарихий обидалар бу қадар ўз ҳолига ташлаб қўйилмаслиги керак.
Вилоят маданий мерос бошқармасида воҳадаги барча тарихий ёдгорликлар, қўрғону қасрлар, мадрасаю масжидлардан тортиб, ҳали ўрганилмаган тепаликларгача бўлган умумий маълумотлар базаси бор. Аммо айнан тарихий ёдгорликлар, уларнинг бугунги кундаги ҳолати ҳақида маълумот берувчи сайт ёки ижтимоий тармоқдаги бирор канал йўқ. Бирор тарихий иншоот бузилиб ёки йўқ бўлиб кетаётган бўлса, бу борада кимга мурожаат қилиш керак – бу бўйича ҳам муаммолар етарли.
Вилоятдаги олий таълим муассасаларида тарихчи талабалар амалиётларини ана шундай тарихий объектларда ташкил этиш даркор. Мазкур амалиётлар давомида кўплаб далилларга ойдинлик киритиш, муаммоларга ечим топиш имкони бўлади. Агар археологик ёки этнографик амалиёт ўташ самарали йўлга қўйилса, талаба-ёшларнинг ўзи сайт ва каналлар яратиш ҳақида бош қотиришлари аниқ.
Тарихий ёдгорликларни тадқиқ этиш, таъмирлаш, сайёҳлар учун керакли шарт-шароитларни ташкил этиш орқали кўҳна манзилгоҳлар тарихий қиёфасини яратиш, жуда катта туристик мажмуа, сайёҳлар оқимини ҳосил қилиш мумкин. Бу ҳудудга ҳар йили минглаб сайёҳлар ташрифи, даромад манбаи деганидир. Фақат бунинг учун астойдил ҳаракат қилиш талаб этилади.
Абду РАҲМОН

