16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Олам

Уч финжон қаҳвага икки финжон чой

Кунига етти-саккиз финжон қаҳва, чой ва сув ичиш одамда юрак-қон томир, саратон касалликлари ривожланиши эҳтимолини пасайтиради. British Journal of Nutrition журналида эълон қилинган тадқиқот натижалари шуни кўрсатган.

13 йил давомида олимлар 183 минг кишининг соғлиғи ва овқатланиши ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилишган. Рационида «уч финжон қаҳвага икки финжон чой» нисбатини қўллаган иштирокчилар саломатлиги ҳолати анча ижобий чиққан. Шунингдек, мунтазам оддий сув ичиб юрувчилар соғлиғи кўрсаткичлари ҳам юқори бўлган.

Тадқиқотчилар сўзларига кўра, қаҳва таркибидаги хлороген кислотаси қандли диабет ва асаб тизими касалликлари хавфини камайтиради. Шунингдек, ушбу бирикма ичак микрофлораси таркиби соғломлигини ҳам қўллаб-қувватлайди. Чойдаги катехин моддаси яллиғланишга қарши ва антиоксидант хусусиятга эга бўлиб, қон томир ва тўқималарни шикастланишдан ҳимоя қилишга ёрдам беради.

Олимлар кунига уч финжон ва ундан ортиқ қаҳва ичиш уйқусизлик ва юрак уриши маромининг издан чиқишига сабаб бўлиши мумкинлигини эслатганлар.  Шунингдек, жуда кўп сув ичиш электролитлар мувозанати бузилишига олиб келишини аниқлашган.