Шаҳарлар аҳолиси йил сайин кўпайиб, улар учун муносиб ҳаёт шароитларини яратиш кун тартибидаги доимий масалага айланган, қурилаётган уй-жойлар сони кескин кўпайиб бораётган бугунги даврда инфратузилмани ривожлантириш алоµида эътибор талаб қилаётгани бор гап.
Жумладан, маълумотларга кўра, бугунги кунда Қашқадарё аҳолиси сони 3,6 миллион нафарга етган ҳолда Қарши шаҳри бўйича бу кўрсаткич 300 минг нафардан ортиқни ташкил қилади. Охирги ўн йилда воҳада жами 20 мингтадан ортиқ хонадонга эга 600 та атрофида кўп қаватли турар жойлар қурилди. Уларнинг салмоқли қисми вилоят марказида қад ростлагани сир эмас. Яна, ҳудудда янгидан ташкил этилган корхона ва ижтимоий муассасалар сони ҳам анчагина. Бу омилларнинг барчаси мавжуд инфратузилмага тушаётган юкламани ошириб юборди, уни талаб даражасига мувофиқ ривожлантириб бориш заруратини юзага чиқарди.
Шубҳасиз, коммунал хизматларни сифатли ташкил этиш умумий инфратузилмани ривожлантириш йўналишидаги долзарб масалалар қаторида туради. Хусусан, уй-жой хўжалиги соҳасидаги кескин ўсиш айниқса канализация тизимидаги муаммоларни рўй-рост кўрсатиб қўйди.
Терминологияга кўра, канализация корхоналар, жамоат ва турар жой бинолари ҳамда аҳоли яшайдиган жойлардан оқизиладиган оқова сувларни чиқариб ташлайдиган муҳандислик иншоотлари ва жиҳозлари мажмуи, шунингдек, бу сувлардан фойдаланиш ёки сув ҳавзаларига оқизишдан олдин тозалаш ва зарарсизлантириш тадбирлари ҳисобланади.
Муддатини ўтаган иншоотлар, тармоқлар…
Тан олиш керак, вилоятимизда аҳоли пунктларининг канализация (оқова сувларни чиқариш) хизматлари билан таъминланганлик даражаси қониқарли даражада эмас, бор-йўғи 8,5 фоизи қамраб олинган.
Ҳудудда атиги учта оқова сувларни тозалаш иншооти бўлиб, улар Қарши, Шаҳрисабз ва Муборак шаҳарлари учун мўлжалланган. Унга эҳтиёж эса ҳамма шаҳар ва туманларда бор. Мана, Муборакда 133 та кўп қаватли уйдан 113 таси, Нишонда 280 тадан 57 таси, Косонда 75 тадан 20 таси, Касби туманида 74 тадан 16 таси, Яккабоғда 71 тадан 7 таси, Чироқчида 57 тадан 4 таси, Миришкорда 47 тадан 2 таси канализация хизматлари билан таъминланган бўлса, Деҳқонободдаги 11 та, Қамашидаги 37 та, Ғузордаги 65 та, Қарши шаҳридаги 105 та «дом»да бундай тизим умуман мавжуд эмас.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, вилоятда мавжуд канализация мажмуи ҳам ўтган асрнинг 70-йилларида қурилганлиги, бугунги кунда улар тўлиқ яроқсиз ҳолатга келиб қолганлиги боис оқова чиқинди сувлар тозаланмасдан, тўғридан-тўғри чиқариб юборилаётганининг ўзиёқ вилоятимизда ушбу соҳа жиддий эътиборга муҳтожлигини кўрсатади.
Муаммо ечим топадими?
Аслида канализация муҳандислик иншоотлари ва жиҳозлари мажмуиларини талаб даражасига келтириш масаласи фақатгина Қашқадарё учун бўй кўрсатган муаммо эмас, бошқа жойларда ҳам бор. Бинобарин, урбанизация жараёни йил сайин тезлашиб бораётгани бошқа коммунал хизматлар қаторида канализация тизимига бўлган талаб ва эҳтиёжни ҳам ошириб келмоқда.
Муҳими, ечим борасида аниқ таклиф ва ҳаракатлар, амалий ишлар бор, молиявий манба топилган.
– Халқаро молия институтлари иштирокида вилоятимизнинг иккита шаҳри ва Китоб тумани марказида канализация тармоқлари ва иншоотларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш юзасидан саъй-ҳаракатлар аллақачон бошланган, – дейди «Қашқадарё сув таъминоти» АЖ бўлим бошлиғи Мустафо Ҳимматов. – Ана шу ишлар доирасида вилоят марказида суткасига 60 минг куб метр қувватли оқова сув тозалаш иншооти реконструкция қилинади ва 90 километр янги оқова сув тармоқлари тортилади ҳамда 58 километр мавжуд қувурлар реконструкция қилинади.
Натижада ҳудуддаги 50 та маҳаллада истиқомат қилувчи 250 минг аҳоли канализация хизмати билан қамраб олинади. «Қарши шаҳри канализация тизимини реконструкция қилиш ва қуриш» лойиҳасининг умумий қиймати 76 миллион долларни ташкил этади. Шундан 60 миллион доллари Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан шакллантирилиши белгиланган.
Бугунги кунда Жанубий Кореянинг «Dohwa» компанияси лойиҳалаштириш ишларини якунлаб, қурилиш-монтаж ишлари бошланиш арафасида. Хусусан канализация тармоқларини тортиш бўйича «Yangi avlod» МЧЖ ва тозалаш иншоотини қуриш бўйича Туркиянинг «Mesmer Est» компанияси билан шартнома имзоланди.
Иккинчи лойиҳа, «Шаҳрисабз ва Китоб шаҳарларида канализация тизимларини реконструкция қилиш ва кенгайтириш» лойиҳаси бўлиб, унинг умумий қиймати 99 миллион долларни ташкил этади ва 2022-2027 йиллар давомида жами 87,4 миллион доллар халқаро имтиёзли кредит маблағлари жалб қилиниши белгиланган. Лойиҳа асосида суткасига 53 минг куб метр қувватли 2 та оқова сув тозалаш иншооти ва 500 километрдан зиёд оқова сув тармоқлари қурилади.
Натижада Шаҳрисабз шаҳри ва Китоб тумани марказидаги 60 та маҳаллада истиқомат қилувчи 204,4 минг аҳоли канализация хизмати билан таъминланади. Айни пайтда лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қурилишларни муаллифлик назоратини «Safech Ankara va Tumach» (Туркия) компанияси амалга оширмоқда.
Белгиланган лойиҳалар амалга оширилиши натижасида вилоятимизда оқова сув тизимидан фойдаланиш кўрсаткичи 8,5 фоиздан 32,6 фоизга етказилади.
Шу ўринда, кўпчиликда бу лойиҳалар нега узоқ муддатли, деган савол туғилиши табиий. Албатта, канализация тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш бир йил-икки йилда тугайдиган жараён эмас. Бунинг учун халқаро молия институтлари билан келишувга эришиш, лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш, зарур маблағни ажратиш сингари узоқ давом этадиган жараёнлардан ўтиш лозим бўлади.
Канализация – чиқинди қутиси эмас
Эскирган бўлса-да, гарчи кунора авария ҳолатлари кузатилсада, айни пайтда вилоятимизнинг йирик аҳоли пунктларида канализацияларнинг ишчи ҳолати сақлаб турилибди. Бироқ, афсуски тармоқдан фойдаланиш маданиятимиз билан мақтана олмаймиз.
Қарши шаҳар сув таъминоти филиали диспетчерлик қисмига ҳар куни ўртача 20 та мурожаат тушади. Уларнинг ярмидан кўпи айнан канализация тармоғида юзага келган носозлик, тиқинлар билан боғлиқ.
Авария-тиклаш гуруҳи жойларга чиққанида маълум бўладики, носозликка қувурларда турли ташландиқ буюмлар тиқилиши оқибатида оқова сувларнинг қайтиши (обратка) кузатилиб, ертўлалар, кузатув қудуқларидан сизиб чиқиш ҳолатлари рўй беради. Табиийки, бу атроф-муҳитга, аҳолининг кайфиятига салбий таъсир кўрсатади.
Гап шундаки, аҳоли томонидан канализация қувурига турли ёт жисмлар (плассмасса, шиша идишлар, газлама бўлаклари, ҳаттоки ҳайвонларнинг ички аъзолари – ичак-човоқлар) ташланиши одатий ҳолга айланиб қолган. Ачинарлиси, тарғибот ишлари қанчалик кенг олиб борилмасин, бу хунук анъана йўқолгани йўқ.
Мана шу ҳолат ҳам канализация хизмати кўрсатувчи субъектларга яхшигина бошоғриқ бўлиб келмоқда. Ортиқча харажатлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади…
Аҳоли кайфиятининг бузилиши, теварак-атрофга қўланса ҳид тарқалиши, «дом»ларнинг ертўласида юзага келадиган нохуш манзараларни эса айтмай қўя қолайлик.
Демак
Демак, Қашқадарёда канализация муаммоси борлигини ҳеч ким инкор этмайди. Уни ҳал этишга давлат даражасида алоҳида эътибор қаратилмоқда. Воҳада бу борада йирик лойиҳаларнинг бошлангани буни яққол тасдиқлаб турибди. Шу билан тўхтаб қолмаслиги ҳам аниқ.
Бироқ, аҳоли коммунал хизматларнинг мавжуд муҳандислик иншоотлари ва жиҳозларидан хизмат ҳақи тўловларини ўз вақтида амалга ошириб, маданиятли тарзда, асраш ва авайлаш нуқтаи назари билан фойдаланиши барибир муҳим масалалигича қолади. Шундай экан, канализация тармоқларининг рисоладагидек ишлаши учун фақат хизмат кўрсатувчи эмас, фойдаланувчи ҳам масъул.
Ихтиёр УМАРОВ,
«Қашқадарё сув таъминоти» АЖ матбуот хизмати раҳбари

