Тез орада вилоятимизда умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари бўйида халқаро стандартларга жавоб берадиган 10 та замонавий сервис объекти – «Service area» ва «Service point» мажмуалари ташкил этилади.
Инфратузилма
Бу борадаги мақсадли кўрсаткичлар мамлакат Президентининг жорий йил 27 январдаги қарори билан тасдиқланиб, уларга асосан воҳамизда барпо этилажак бундай объектларнинг 8 таси мастер-режа асосида аукцион савдоларига чиқариладиган ер участкаларида қурилади, яна 2 таси эса қуриб битказилган ҳолда тайёр бизнес шаклида кимошди савдосига қўйилади.
Йўлбўйи инфратузилмаси объектларини жойлаштириш ҳудудларини аниқлаш ва ер участкаларини электрон аукцион савдоларига чиқариш билан боғлиқ чора-тадбирлар 2025 йил давомида амалга оширилади. Бунинг учун Давлат мулкини бошқариш агентлиги, вилоят ҳокимликлари ва Автомобиль йўллари қўмитаси масъул ҳисобланади.
Автомобиль йўллари қўмитаси мутахассисларининг тушунтиришича, «Service point» (инглизчадан таржимаси – хизмат кўрсатиш нуқтаси) объекти одатда автомобилларга ёқилғи қуйиш ҳамда электромобилларни қувватлантириш станциялари, умумий овқатланиш объектлари, дўконлар, техник сервис пунктлари ва санитария-гигиена шохобчаларидан иборат бўлади. «Service area» (хизмат кўрсатиш ҳудуди) мажмуаси эса «Service point» объектлари ҳамда TIR-парк (халқаро ташишларда фойдаланиладиган транспорт воситалари автотураргоҳи), мотеллар, автомобилларни ювиш шохобчалари ва Wi-Fi нуқталарини ўз ичига олади.
Қарорнинг тегишли иловасида қайд этилганидек, вилоятимизда халқаро аҳамиятдаги йўллар узунлиги 425 километр, давлат аҳамиятидаги йўллар узунлиги эса 902 километрни ташкил этади.
Ўз мухбиримиз

