16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Олам

Ходимларни иш вақтидан ташқари тадбирларга жалб этишнинг оқибати

Хитойда эркак ундан иш вақтидан ташқари онлайн ўқувлар ва видеоконференцияларда иштирок этишни талаб қилгани учун ўзининг собиқ ишхонасига қарши даъво киритиб, суд орқали компенсация ундирди. Бу ҳақда South China Morning Post манбаси хабар тарқатган.

Иш ҳужжатларида номи Ван деб келтирилган жабрланувчи 2020 йил июлдан 2023 йил июнгача Пекиндаги компанияда муҳандис бўлиб ишлаган. Вазифасидан бўшатилганидан сўнг у арбитраж органига мурожаат қилиб, иш вақтидан ташқари қўшимча топшириқларни бажаргани учун 11 минг доллар тўлов талаб қилган. Бироқ рад жавобини олгач, судга даъво аризаси киритган.  

Унинг кўрсатмасига кўра, компания раҳбарияти мунтазам равишда ходимлар зиммасига иш вақтидан ташқари онлайн ўқувлар ва видеоконференцияларда иштирок этиш мажбуриятини юклаб келган. Уларда қатнашмаган ишчилардан 28 доллар миқдорида «ихтиёрий хайрия» қилиш сўралган.

Ван ўз сўзларининг исботи сифатида судга скриншот ва ҳамкасблари билан ёзишмалари нусхасини тақдим этган. Ўз навбатида, компания томони бундай тадбирларда иштирок этиш мажбурий бўлмаганини таъкидлаган.

Якунда суд даъвогарнинг даъвосини қисман қаноатлантириб, иш берувчидан собиқ ходими фойдасига компенсация сифатида 2600 доллар ундириш қарорига келган.