16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Олам

Чивинларга қарши “ҳаво мудофаа тизими”

Хитойнинг Photon Matrix Lab компанияси чивинларни сунъий интеллект ёрдамида аниқлаш ва йўқ қилишга мўлжалланган портатив лазерли қурилмаларни ишлаб чиқариш учун Indiegogo краудфандинг платформаси орқали қарийб 2,7 миллион доллар маблағ жалб қилди. Йиғилган маблағ дастлабки кўзланган мақсад – 20 минг долларлик миқдордан бир неча баробар юқори бўлди. Бу ҳақда Southern China Morning Post манбаси хабар берган.

Чанчжоу шаҳридаги стартап томонидан тайёрланган қурилма сунъий интеллект алгоритмлари, лидар, миллиметрли тўлқинли радар ҳамда саноат лазери асосида ишлаб, учиб юрган чивинларни автоматик тарзда аниқлайди ва йўқ қилади.

Лойиҳани 50 дан ортиқ мамлакатдан 4 мингдан зиёд Indiegogo фойдаланувчиси қўллаб-қувватлаган. Ўртача киритилган улуш миқдори тахминан 630 долларни ташкил этган. Бу эса қурилманинг битта нусхаси нархига тенг бўлиб, ҳомийлар уни оммавий ишлаб чиқариш бошлангач қабул қилиб олади.

Аввалроқ компания харидорлар томонидан катта қизиқиш билдирилган қурилмани етказиб беришни ёз бошида бошлашни режалаштирган эди. Энди эса серияли ишлаб чиқариш август ойига белгиланган. Дастлабки   босқичда ишлаб чиқариш ҳажми ҳар ойда   500-800 та бўлиши режалаштирилган.

Таъкидланишича, стартап муҳандислари лидар ва миллиметрли радардан иборат кўп сенсорли тизимнинг автоматик калибровкасини такомиллаштириш устида изланмоқда. Бу қурилманинг қўлда созлашсиз ҳам барқарор ишлашини таъминлашга хизмат қилади.