16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Иқтисодиёт

ЭКСАНГ АВВАЛО ЎЗИНГГА, ОИЛАНГГА, РЎЗҒОРИНГГА ФОЙДА

Мамлакатимизда давлатимиз раҳбарининг тегишли фармойишига асосан эълон қилинган: маҳаллаларда томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш бўйича ишларни янада жадаллаштиришга қаратилган «долзарб бир ойлик» сафарбарлиги давом этмоқда.

Томорқа – хазина

Маълумотларга кўра, Қашқадарёда 612 минг хонадон ўз томорқасига эга. Улардаги экин майдонларининг умумий ҳажми 66 минг гектарни ташкил этади. Деҳқон хўжаликлари учун ажратилган ерлар ўлчами амалдаги 25 минг гектардан жорий йилда 36 минг гектарга кўпайтирилади.

Бугун кўпчилик томорқа шунчаки эгалик қилиб олинган майдон эмас, даромад манбаи эканлигини англаб етмоқда. Буни амалда исботлаб улгурганлар ҳам талайгина. Яъни вилоятимизда томорқаси бор хонадонларнинг 35 фоизи ҳозирда ундан йилига уч марта ҳосил олишни уддалаяпти. 

Қолаверса, «Бир маҳалла – бир маҳсулот» ҳамда «Бир контур – бир маҳсулот» тамойиллари асосида маҳаллаларни ва деҳқон хўжаликларини юқори даромадли озиқ-овқат экинлари етиштиришга ихтисослаштириш бўйича бошланган амалиёт ҳам ўз самарасини кўрсатмоқда.  

Масалан, Ғузор тумани Даштобод маҳалласида 538 та хонадоннинг 165 гектар томорқаси ҳамда 283 та деҳқон хўжалигига тегишли 137 гектар ер майдонида помидор экиш йўлга қўйилиб, ҳар йили 10 минг тоннадан ошиқ ҳосил етиштирилмоқда. Натижада ҳудудда помидорни қайта ишлаш корхонаси барпо этишга рағбати ошган тадбиркор ҳам топилиб, унинг ташаббуси билан томат пастаси ишлаб чиқаришга мўлжалланган қиймати 1,1 миллиард сўмлик лойиҳага қўл урилди.  Демак, маҳсулотга бўлган талаб янада ортади, даромад ҳам кўпаяди. 

Яна айтиш мумкинки, Қамашидаги Одоғжонбуз маҳалласи аҳолиси брокколи карамини етиштиришни, Қарши туманидаги Талликурон маҳалласи одамлари кўчатчиликни, Нишон туманидаги Пахтаобод маҳалласи хонадонлари асаларичиликни йўлга қўйиб, кам бўлмаяпти. Энг муҳими, улар ўз юкини бошқаларга ортиб олган бекорчилардан эмас, фойдали меҳнат билан банд. Оиласи, орзу-ҳавасларига яраша даромад топишаяпти.

Аслида одамларни томорқа ерларидан самарали фойдаланишга чақиришдан, уларни бунга ундашдан, керак бўлса, ёрдам тариқасида ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан муддао ҳам шу – аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш.

Афсуски, буни англаб етмаётган томорқа эгалари ҳам учрайди. Жойларда каттагина экин майдонлари ўз ҳолига ташлаб қўйилгани сабаб бегона ўтлар босиб ётгани ёки ҳафсаласизлиги боис тайёр иссиқхонасидан фойдаланмаётган хонадон эгаларини кўриб, ачинасан киши. Уларга «бас, энди солиғини тўлаб қўйсам бўлди, қолгани менинг ишим, деб ўтириш ярамайди», деган чақириқлар айтилаяпти бугун. Зеро, эксанг аввало ўзинга, оилангга, рўзғорингга фойда. Кейин маҳсулотлар таклифи кўпайса, бозорлар арзонлашади. Бундан кимга наф? Барчамизга.

 Шундай экан, вилоят ҳокими  Муротжон Азимов ҳафта аввалида ўтказилган «ҳокимлик соати» йиғилишида муҳокама этилган масалалар қаторида ушбу мавзуга ҳам тўхталиб, маҳалла фаоллари, томорқа ер эгалари, деҳқон хўжалиги раҳбарлари ва Қашқадарёда «долзарб бир ойлик» сафарбарлигини юқори савияда, натижадор қилиб ташкил этишга масъул бўлган барча учун қилган мурожаатида таъкидлаганидек, бу даврда туман (шаҳар)лар ҳокимлари бош бўлиб, «маҳалла еттилиги» ва тегишли ҳамкорлар билан биргаликда қуйидаги ишларни амалга ошириш талаб этилади:

биринчидан, ҳар бир маҳаллада етакчи тадбиркорларни бириктириш орқали аҳоли томорқаларида «Бир маҳалла – бир маҳсулот» ҳамда ижара ерларида «Бир контур – бир маҳсулот» тамойили асосида экспортбоп сердаромад экинлар экилишини ташкил этиш;

иккинчидан, маҳаллаларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, ариқ ва зовурларни тозалаш бўйича оммавий ҳашар ва маданий тадбирларни уюштириш;

учинчидан, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчалар, маҳалла гузарлари, дала четларида дарахт кўчатлари экилишини ташкил этиш, камбағал оилалар   томорқаларига ўтқазиш учун камида 10 тадан хурмо, анжир, ўрик, олча мевали дарахтлари кўчатларини етказиб бериш;

тўртинчидан, аҳоли томорқалари ва деҳқон хўжаликларини экин экишга тайёрлаш ва экиш ишларини ташкил этиш ҳамда уларга уста деҳқонлар ва агроном мутахассисларни бириктириш;

 бешинчидан, сув таъминоти оғир бўлган 85 та маҳаллани суғориш тизими билан таъминлаш бўйича лойиҳаларни Наврўз умумхалқ байрамига қадар якунлаш;

олтинчидан, камбағал оилалар аъзолари ҳамда ишсиз фуқароларга молиявий кўмак пакетлари тақдим этилишини таъминлаш ҳамда маҳаллаларда аҳоли даромадларини оширишга қаратилган микролойиҳалар (ихчам иссиқхона қуриш, парранда, балиқ, чорва, асалари боқишни йўлга қўйиш, уруғ ва кўчатлар етказиб бериш)ни амалга ошириш чораларини кўриш.

Томорқа – қанча экин экиб фойдалансанг, шунча зиёда бўладиган хазина, беминнат қўшимча даромад манбаи. Буни ўзи англаб етиши учун кишидан аввало ҳафсала, кейин озгина меҳнат талаб этилади, холос. Ишонамизки, сизда ўша ҳафсала аллақачон бор ва бугун енг шимариб, томорқаю далада кетмон чопаяпсиз. Ҳорманг, баракасини берсин! Меҳнатингизнинг роҳати (даромади)ни кўринг!

Ўз мухбиримиз