Сараланган сатрлар
“Иван Васильевич касбини ўзгартиради” фильмидаги “улуғ хон ва буюк княз” Иван Грозний айтган “Қозонни олдим, Астраханни олдим, Шпакни олганим йўқ…” деган жумлаларни яхши биласиз. Ўрни келганда, ушбу сўзларни пайров ўрнида ҳам ишлатамиз.
Рус шоҳи Қозонни олганида, асли туркий қавмдан бўлган малика Суюмбика хонлик тахтида турганини эса ҳаммаям билмайди. Татар халқининг миллий қаҳрамони саналмиш Суюмбиканинг катта бобоси, Нўғай ўрдасида ўз сулоласига асос солган Эдигей Амир Темурнинг сафдошларидан бири бўлган. Нўғай ўрдаси кўчманчи манғит ва қўнғирот уруғлари давлати бўлиб, Шимолий Каспий ва Орол денгизи бўйларидан Тура ва Камагача, Волга (Итил) дарёсидан Иртишгача чўзилган улкан ҳудудни қамраб олган. Пойтахти Саройшиқ шаҳри ҳозирги Қозоғистоннинг Маҳамбет туманига тўғри келади.
Суюмбика ёшлигидаёқ Саройшиқдан Қозонга келин бўлиб тушган. Қозоннинг ёш хони Жон Али билан турмуши узоқ давом этмаган. Сабаби, давлат тўнтариши юз бериб, Жон Али тахтдан ағдарилади ва ўрнига Сафо Гарой келади ҳамда ўз даври одатига мувофиқ, маликани никоҳига олади. Суюмбека Сафо Гаройдан Ўтамиш исмли ўғил кўради.
Сафо Гарой Қозонда нисбатан қаттиқ сиёсат олиб борган. Аввал қувғин қилиниб, сўнг тахтни қайта эгаллагани боис хиёнатчилар ва ҳокимиятига қарши бўлганларни шафқатсиз жазолайди. Рус ҳукмдорларини тийиб туриш учун Москва сари қўшин тортади. Аммо касаллик туфайли вафот этади. Ўғли Ўтамиш ҳали ёш бўлгани сабаб 1549-1551 йилларда Қозон хонлигини Суюмбека бошқаради.
Айнан ўша даврдан рус шоҳи Иван Грознийнинг Қозонга ҳужумлари бошланади.
Маълумки, Олтин Ўрда парчаланиб кетгач, ўрнида Нўғай ўрдаси, Қозон, Қрим, Сибир хонликлари пайдо бўлган. Улар ўртасида ўзаро ҳамкорлик баробарида ўзига хос рақобат ҳам мавжуд бўлган. Айни шу бирлашмаслик боисидан ушбу хонликлар қисқа вақтда Русия мулкларига қўшиб олинади. Мазкур ҳодисалар юртимиздаги хонликларнинг тарқоқлик сиёсати ва охир-оқибатда қарам мамлакатга айланишини эсга солади.
Малика Суюмбека русларга қарши курашиб, мустақил давлатни сақлаб қолишга зўр бериб уринаётган бир чоғда сарой аъёнлари уни ўғли билан тутиб бериб, Москва ихтиёрига топширади. Иван Грозний ёш Ўтамишни чўқинтириб, ўзлигидан маҳрум этган бўлса, Суюмбекани Қосимов шаҳри ҳокими Шоҳ Алига мажбуран турмушга беради. Суюмбика 36 йиллик умрининг сўнгги кунларини Қосимов шаҳрида ўтказади ва қабри ҳам шу ерда жойлашган.
Қозон шаҳридаги машҳур қия минора Суюмбика номи билан аталади. У ҳақда кўплаб афсоналар, қўшиқлар ва бадиий асарлар яратилган.
Ўтган йили ўзбек адибаси Рисолат Ҳайдарова ана шу малика ҳақида “Суюмбика” романини эълон қилди. Асарда юқоридаги воқеалар бадиий ифодасини топган. Ўқиб кўринг, вақтингизга ачинмайсиз.
* * *
Ёдингда тут, авом қишда ўтинсиз, ёзда сувсиз, кузда емаксиз қолса, бошидан олтин сочса ҳам ҳукмдорини қўлламайди.
* * *
Ҳар бир ҳукмдорнинг пешонасига тахт талашиш-у, шундан келиб чиқадиган шўришлар, жумладан, тахтдан қувилиш хавфи ҳам ёзилган.
* * *
Кема тешилганда аввало унинг ёғочини кемирганлар қочармиш.
* * *
– Ишқилиб, улуғ хон узоқроқ турсин-да. Қозонга ошиқлар кўп…
– Ҳа, Қозоннинг ошиқлари ҳам ғалати, ҳадя ўрнига қилич кўтариб, тўп етаклаб келади.
* * *
Ҳайронмиз, сизни ким деб атайлик? Ит десак, думингиз йўқ, ҳўкиз десак, шохингиз йўқ. Лекин шерлик даъво қиласиз!
* * *
Афв этилганини англаган одамнигина афв этиш мумкин. Шафқатни қатъиятсизлик деб билганларга марҳамат уволдир.
* * *
Қон қон билан эмас, сув билан ювилади.
* * *
Искандарнинг Итилга дасти етмаган бўлса-да, донғи етгандир. Итилга Чингиз келмаган, лекин томиридаги қони келгандир. Истило шундай бир балоки, руҳингни заҳарлайди, унга барҳам берсанг-да, заҳри етти авлодингни майиб этади.
* * *
Ўнта гап айтгандан кўра, ўнта ёғоч қоққан яхши.
* * *
Ҳамма йиртқичлар қонунига бўйсуниб яшаган бир пайтда киши ким тарафида туришини ҳам ҳал қилиб қўйиши зарур. Ҳар ҳолда емиш бўлувчиларга шериклик уларга қисматдош бўлиш билан баробар эканлигини унутма!
* * *
Қасос одамнинг кўзини кўр қилади. Хун оламан деган одамнинг мақсад йўли ҳам қисқа бўлади.
* * *
Бунақа одамлар қариликни бўйнига олмайди. Ўлса ҳам, ҳаммани нариги дунёга кетказиб, кейин ўлади.
* * *
Иплар бирлашса, арқон бўлади.
* * *
Ҳаёт-мамоти қил устида турганда кишида куч ҳам, журъат ҳам туғилади. Бунақа пайтда унга ҳеч ким бас келолмайди.
* * *
Юртнинг озодлиги биргина дуо ёки биргина истак, бир кишининг уриниши билан келадиган неъмат эмас. Салтанат тиргаклари бўлмиш беклар, амирлар, руҳоният эгалари эркни ҳар нарсадан устун билиб, шу йўлда бирлашсаларгина эркка эришилади. Яратган ҳар бир элга эркка эришувга имкон беради, эл бу имконни бой бермаса бас.
* * *
Хиёнат истаги ақл кўзини ёпиб қўяди. Шу боис киши ўзи ўтирган шохни кесаётиб, бошқалар йиқилади-ю, менга бало урмайди, деб ўйлайди.
* * *
Киши сенга йиллар бўйи хизмат қилади, сен эса хизмати учун олтиннинг ўзи кифоя дейсан, ота-бобосида бўлмаган мавқе унга ҳам лозим эмас, деб ўйлайсан. Йўқ, киши сендан кичкина бир рутба кутдими, кутганини бериш керак, йўқса… Аламзадалик ҳар йўлга етаклайди кишини.
* * *
Эрк унинг қадрини билган элгагина насиб қиладир.
* * *
Англамайдиган дўстдан фаросатли ёв дуруст, деганлар.
* * *
Хон амр берса ҳам, арконидан ошиб бир нарса деёлмайди.
* * *
Омадсизга шамол ҳам рўпарадан эсаркан.
* * *
Хорижий сайёҳларни бошлаб юрган гид асрлар оша етиб келган афсонани сўзлайди: “Масков шоҳи Иван Қозон маликасига ғойибона ошиқ экан. Шунинг учун у шаҳарга қўшин тортиб келибди. Суюмбика Иванга турмушга чиқишга рози бўлмабди. Иван шаҳарни қамал қилибди. Шаҳар аҳли қамалда қийналиб қолганини кўриб, малика Иванга шундай шарт қўйибди: “Агар бир ҳафта ичида баланд минора тиклай олсанг, сенга текканим бўлсин”. Бир ҳафта ичида баланд минора қад ростлабди. Малика миноранинг тепасига чиқибди-ю, ўзини ерга ташлаб, жон таслим қилибди. Бу кулфатни кўтара олмаган минора эгилиб қолибди”.
Тарих эса юртини асраб қолиш учун аскарлар билан бирга Қозон девори устига чиққан, шаҳар мудофаачиларини жасоратга ундаган, сарой аъёнлари эса Масков шоҳининг ҳужумидан омон қолиш умидида тутиб, кемада Масковга жўнатган малика ҳақида ҳикоялар айтади. Тарих яна айтадики, орадан бир йилни ўтказиб, Масков шоҳи Иван ИВ улкан қўшин билан келиб, Қозонни забт этди, қалъани вайрон қилди, шаҳид кетганларнинг жасадларини ходаларга боғлаб, дарёга ташлади, Қозоннинг омон қолган аҳлини шаҳардан қувиб чиқариб, уларнинг ўрнига Масков ерларидан одамларни кўчириб келтирди. Қозонда аввалги хонлар даврини эслатувчи биронта бинони, ҳатто мачитларни ҳам қолдирмади, ҳаммасини бузиб ташлади.
Эл эса ўз маликасини унутмади, асрлар бўйи унинг номини афсоналарга ўраб келди. Афсоналарнинг бари Нўғай ўрдасидан Қозонга келин бўлиб келган, тарихда Қозон маликаси номи билан қолган, халқ уни севганидан Суюмбика дея ном берган, аслида эса исми Суюк бўлган қиз ҳақида.
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

