Қашқадарёга оид
Президент Шавкат Мирзиёев «Қашқадарё – қадимий ва табаррук замин, мард ва бағрикенг, меҳнаткаш ва лафзи ҳалол, ғурури баланд инсонлар юртидир», дея воҳа аҳлига ҳақ баҳони берган эди. Дарҳақиқат, тарихи бир неча минг йилликларга туташ бу воҳа буюк ижодкорлар, маърифатпарвар алломалар, эл эъзозидаги фидойи инсонлар, довруқ таратган турли касб эгаларига бешик эканлиги билан ҳам эътиборга молик.
Қашқадарёда туғилиб, элга танилган ижодкорлардан бири Носир Муҳаммад (Насриддин Муҳаммадиев)дир. У 1946 йилда Яккабоғ қўрғонида дунёга келган.
1963-1968 йилларда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон миллий университети) филология факультетида ўқийди. Иш фаолиятини «Тошкент оқшоми» газетаси адабий ходимлигидан бошлайди.
1976-1979 йилларда Эронда форс тили таржимони бўлиб ишлайди. 1983-1993 йилларда «Ёшлик» журнали адабий ходими, масъул котиби, 1993-1994 йилларда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг халқаро ахборотлар таҳририяти бош муҳаррири, 1994-2005 йилларда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Матбуот хизматида, «Жаҳон» ахборот агентлигида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизматида ишлайди. Носир Муҳаммад узоқ йиллар Республика Байналмилал маданият марказини бошқарган.
Носир Муҳаммад 2008 йилда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» унвони билан тақдирланган.
Носир Муҳаммаднинг «Салом келажак» (1980), «Баҳор таронаси» (1981), «Листья чинары» (1987), «Насаф ва Кеш алломалари» (2001, 2006), «Сумалакдан тош топдим» (2004), «Анқони маҳрам қилдингиз» (2004), «Шайтоннинг истеъфономаси» (2008), «Sonmayan ishik» (2008 йил, Туркия), «Турон давлатлари йилномаси» (2010), «Ҳут шамоллари» (2012) номли шеърий ва илмий-оммобоп китоблари чоп этилган.
Носир Муҳаммад ижодида «Насаф ва Кеш алломалари» (2006) тазкираси ҳам алоҳида ўрин тутади. Мазкур асар Қарши (Насаф) ва Шаҳрисабз (Кеш) шаҳарларида яшаб ижод этган машҳур шахслар, олимлар, шоирлар, меъморлар, бастакор ва ҳаттотлар ҳаёти ҳамда фаолиятига бағишланган.
Носир Муҳаммад Қашқадарё воҳаси тарихини ёритишда қадимги юнон, хитой ва араб сайёҳларининг солномалари ва ноёб тарихий манбаларга таянган ҳолда таҳсинга сазовор маълумотларни қайд этади. Яна муҳими шундаки, мазкур ҳудудда узоқ йиллар археологик қидирувлар олиб борган Яҳё Ғуломов, Вадим Михайлович Массон, Сергей Кузьмич Кабанов, Эдвард Ртвеладзе, Рустам Сулаймонов, Анатолий Сагдуллаев каби олимларнинг изланишларини чуқур ўрганиш ва уларни бир-бирига таққослаш жараёнида аниқ фикр ва хулосаларга келадики, бу эса китобнинг илмий-амалий қиймати янада ошишига муносиб хизмат қилган.
Ҳинд фольклор намуналари жамланган «Тўтинома» муаллифи ким?
Насафий, Нахшабий, Кеший, Касбавий, Паздавий тахаллуси остида ижод қилган олиму фузалолар ниҳоятда кўп экани барчамизнинг фахру ғуруримиздир. Бу улуғ зотларнинг ҳар бири алоҳида тадқиқотга арзийди, ўрганиш асносида тарихнинг кўплаб муҳим ўзанларига дуч келиб, янги уфқларни кашф этасиз.

Улардан бири Зиёуддин (Зиё) Нахшабий бўлиб, Қарши яқинидаги Нахшаб шаҳрида, Шулликтепада туғилган. У оиласи билан Ҳиндистонга кўчиб кетган. Умрининг кўп қисми Бадоунда ўтгани учун «Бадоуний», «Ҳиндий-Бадоуний» нисбалари билан ҳам ёд этадилар. Зиё Нахшабий 1350 йилда Ҳиндистонда вафот этган.
Аллома ўз она тилидан ташқари форс, араб, санскрит тилларини пухта билган. Форс ва туркий тилда ижод қилган. Ўз замонасининг фалсафа, ахлоқ, тиббиёт, мусиқа, аруз, тасаввуф, фиқҳ сингари илмларини атрофлича ўрганган. Турмуш қийинчиликларига қарамасдан ҳокимлар ва султонларнинг сарой хизматига даъватларини қабул қилмаган. Умрининг охирларида тасаввуф аҳлига қўшилган ва тасаввуфни ихтиёр этган.
Зиё Нахшабийнинг энг машҳур асарларидан бири «Тўтинома»дир. Ушбу асар ҳижрий 730 йилда (милодий 1329-1330 йиллар) ёзиб тугатилган. Асар ҳиндлар орасида машҳур бўлган «Тўтининг етмиш ҳикояси» асарининг қайта ишланган шаклдир. Унда софлик, эзгулик, одоб, вафодорлик каби инсоний фазилатлар улуғланган, тубанлик каби хусусиятлар қораланган.
Асарнинг бир неча қўлёзма нусхалари Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари марказида сақланади. Китоб асрлар давомида қўлма-қўл ўқилган. Жумладан, 1851 йилда Қозон шаҳрида босма усулда нашр этилган. ХIХ асрда инглиз ва немис тилларига таржима қилинган. Машҳур немис адиби Герман Гессе «Тўтинома» асаридан ниҳоятда таъсирланганини, тўрт-беш қайта ўқиганини ёзади. Кейинчалик мазкур асар турк ва рус тилларига ҳам ўгирилган.
Шунингдек, Зиё Нахшабийнинг «Жузъиёт ва куллиёт» («Жузъийлик ва умумийлик»), «Гулрез», «Силку-с-сулук» («Изловчилар йўли»), «Шарҳи сураи Забур» («Забур сурасининг шарҳи»), «Насоиҳ ва мавоиз», «Ашараи мубашшара» сингари асарлари мавжуд бўлиб, аксарияти бизнинг давримизгача етиб келган.
Зиё Нахшабий шеъриятда ҳам самарали ижод қилган. Насрий асарлари таркибидаги фард, байт, рубоий, қитъа, ғазал ва маснавийлар унинг юксак истеъдодидан далолат беради.
Атоқли рус олими А.Кримский биринчилардан бўлиб Зиё Нахшабий ҳаёти ва фаолиятига оид баъзи маълумотларни тўплаган. Кейинроқ Е.Э.Бертельс «Ислом қомуси» асарида Зиё Нахшабий ва асарлари ҳақида маълумот берган. 1979 йилда эса «Тўтинома» асарини таржима қилиб, рус тилида нашр эттиради.
Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари марказида «Тўтинома» асарининг турли даврларда кўчирилган 9 та нусхаси, шоирнинг шеърий асарларини ўз ичига олган «Девони Зиёи Нахшабий» сақланмоқда. У 1850 йилда Муҳаммад Ҳусайн Булғорий томонидан кўчирилган. Жаҳондаги бир қатор кутубхоналарда, жумладан, Санкт-Петербургдаги М.Э.Салтиков-Шчедрин номидаги Давлат халқ кутубхонаси жамғармасида ҳам адибнинг бир қанча асарлари борлиги маълум.
Зоғзанинг маъноси нима?
Қашқадарё, хусусан, Қарши шаҳридаги маҳалла, кўча ва жой номлари қизиқ тарихга, турфа талқинларга эга. Дейлик, Зоғза маҳалласи номи қандай маъно англатади, деб ўйласиз?
Форс-тожик тилида зоғ – қарға (қуш) бўлиб, зоғ, зоғон деганда қарғалар, қузғунлар тушунилган. Зоғза маҳалласи шаҳар гирдида, дарёга туташ экани, у ерда боғ-роғлар кўплиги, Чармгар маҳалласи одамларининг ёзлик боғоти, ёзда кўчиб чиқадиган қароргоҳи бўлгани, қиш ойлари қарға сингари қушлар яшагани сабабли зоғлар – қарғалар жойи, деб аталган, дейишади.
Жой номлари бўйича йирик мутахассис Тўра Нафасовнинг қайд этишича, маҳалла номини қарға-қузғун маъносидаги зоғ, зоғон сўзига алоқадор деб билиш илмий, амалий асосга эга эмас.
Эроний тилларда заҳ, зах – нам жой, сувли ер, сув чиққан жой деганидир. Суғд тилида зой – жой, ер (кичик парча) деган маънони англатади. Шунга монанд, узоқ ўтмишда булоқ сингари ер тагидан сув чиқадиган жойи бўлгани сабабли Захзой дейилган. Вақт ўтиши билан халқ тилида Зағза, Зоғза кўринишига келган.
Волгоградда туғилган, Қаршида яшаган ва Ёқутистонда вафот этган қаҳрамон жангчи
Иккинчи жаҳон урушида кўрсатган қаҳрамонлиги учун энг юксак давлат мукофотлари билан тақдирланган Александр Павлович Зайберлин 1916 йилда ҳозирги Волгоград шаҳрида, ишчилар оиласида туғилган.

Александр 7-синфни тамомлаган вақтида у ва оиласи Қарши шаҳрига кўчиб келишади. Шу ерда мактабни тамомлаб, халқ хўжалигининг турли соҳаларида ишлай бошлайди. Александр Зайберлин 1941 йилнинг октябрь ойида Қарши ҳарбий комиссариати томонидан фронтга жўнатилади. 1942 йилнинг январь ойида Украина фронтидан жангларга қўшилади.
1942 йилнинг 2 октябрь куни Зайберлин бир гуруҳ автоматчилар билан Днепр дарёсидан сузиб ўтиб, кутилмаганда душманнинг махсус бўлинмасига ҳужум қилади. Бу тўқнашувда 6 нафар фашист зобити ҳалок бўлади. Эртасига яна шиддатли отишма давом этди ва 8 нафар душман зобити йўқ қилинади. Тўқнашувда Зайберлиннинг ўзи ҳам оғир жароҳат олган бўлса-да, жанг майдонини ташлаб кетмайди. Сафдошларини олға бошлаб бораверади.
14 октябрга қадар шиддатли ҳужумни давом эттириб, Лютеж қишлоғига қадар кириб боради. Натижада бошқа бўлинмаларга олдинга юриш учун кенг йўл очилади.
Александр Зайберлин жангда кўрсатган бу жасорати учун энг юксак унвон ҳамда орден билан тақдирланади.
Урушдан сўнг кичик лейтенант унвони билан захирага бўшатилган Александр Зайберлин Ёқутистоннинг Сангар қишлоғида кончи бўлиб ишлай бошлайди. Аммо жангларда олган оғир жароҳатлар барибир ўз асоратини кўрсатади. У 1950 йилда 33 ёшида ҳаётдан кўз юмади.
БЕКЗОД тайёрлади.

