16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Илм-фан

ЯНГИЧА ДУНЁҚАРАШГА ЭГА ЁШЛАР

10 та университет, 3 та институт ва 1 та академия – Қарши шаҳрида фаолият юритаётган Абдулла Орипов номидаги ижод мактабининг 2024-2025 ўқув йили барча битирувчилари юртимизнинг нуфузли олий таълим муассасаларига қабул қилинди.

Таълим ва ислоҳот

– Қувонарлиси, битирувчиларимизнинг ярмидан кўпи давлат грантлари, қолганлари тўлов-контракт асосида ўқишни давом эттирадиган бўлишди, – дейди ижод мактаби директори Ёқутой Джамалова. – Бу ютуқ, биринчи навбатда, юртимизда кейинги йилларда таълим соҳасида амалга оширилаётган том маънодаги тарихий ўзгаришлар самараси, шунингдек, ўқувчиларимизнинг тинимсиз меҳнати, устозларимизнинг профессионал ёндашуви ва ота-оналарнинг фарзандларига бўлган ғамхўрлиги натижасидир.

Бир неча ой олдин ижод мактабини тамомлаган ва ҳаётидаги илк жиддий синовлардан ўтиб, улкан мақсадлар сари муҳим қадам ташлаган йигит ва қизларнинг энди қайси олийгоҳлар талабасига айланганини билсангиз, қашқадарёлик ёшларнинг муваффақиятларидан, албатта, фахр ҳиссини туясиз. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Ўзбекистон санъат ва маданият институти, Тошкент давлат юридик университети, Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси… Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин. Айни пайтда ижод мактаби битирувчиларининг тест синовларида тўплаган ўртача баллари 170 баллдан ошгани ва мазкур кўрсаткич бўйича жорий йилда ҳам бу маскан республика миқёсида энг юқори ўринлардан бирига кўтарилгани ёшларнинг билим даражаси нақадар юқорилигидан далолат беради.

– Абдулла Орипов номидаги ижод мактабида тўрт йил, яъни  8-11-синфларда ўқиган бўлсам, шу вақт ичида иккита хорижий тил – инглиз ва немис тилларини ўргандим, қатор фанлар бўйича миллий ва халқаро сертификатларни қўлга киритдим, жамоа таркибида «Заковат» турнирининг финал босқичида  бир неча бор ғолиб ва совриндор бўлдим, «Ёш китобхон» кўрик-танловида муваффақият қозондим, – дейди Қамаши тумани Соҳибкор маҳалласида туғилиб ўсган, жорий йилда эса тест синовида 187,9 балл тўплаб, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига «Сиёсатшунослик» таълим йўналиши бўйича ўқишга қабул қилинган Аброр Ахмедов. – Ютуқларимнинг барчасида, авваламбор, ўқитувчиларимнинг, қолаверса, ижод мактабида яратилган ўзига хос интеллектуал изланиш муҳитининг ҳиссаси каттадир. Муҳими – бу масканда ўзимга, қобилиятимга бўлган ишончим ортиб, доимо олға интилиш ва бошқаларни ҳам шунга ундашга одатландим. Дарвоқе, Абдулла Орипов номидаги ижод мактабида болаликдан китобга бўлган меҳрим ҳам ошиб, ҳозир Telegram мессенжеридаги шахсий блогим орқали ёшлар орасида китобхонликни тарғиб қилиб келаяпман. «Заковат»га қизиқишим ҳам сира сўнгани йўқ, шу кунларда Соҳибкор маҳалласининг жамоаси таркибида «Беш ташаббус» олимпиадаси доирасида маҳаллалар ёшлари ўртасида ўтказиладиган «Заковат» турнири республика босқичига тайёргарлик кўраяпман.

Ижод мактабининг раҳбарияти томонидан тақдим этилган маълумотларга қараганда, ушбу таълим масканини 2024-2025 ўқув йилида тамомлаган битирувчиларнинг аксарияти университет ва институтларда «Филология», «Ўзбек тили ва адабиёти» ҳамда «Хорижий тил ва адабиёт» таълим йўналишлари бўйича ўқишни давом эттиришади. Шу билан бирга улар орасида «Юриспруденция», «Халқаро муносабатлар», «Туризм ва меҳмондўстлик», «Режиссёрлик», «Бизнесни  бошқариш», «Тергов фаолияти», «Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро иқтисодий муносабатлар» каби йўналишларни танлаган ёшлар ҳам талайгина. Демак, келажакда ушбу мактаб битирувчиларининг чуқур билимлари, кенг дунёқараши ва янгича ёндашувлари юртимизда кўплаб соҳа ва жабҳалар тараққиётига хизмат қилиши шубҳасиз.

Ўз мухбиримиз