16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Илм-фан

ЁШ ОЛИМЛАРИМИЗНИНГ ЮТУҚЛАРИ БАРДАВОМ БЎЛСИН!

Илм-фан ва технологиялар

Қарши давлат техника университетининг бирйўла икки нафар ўқитувчиси «Келажак муҳандислари» республика кўрик-танлови ғолиб ва совриндорлари қаторидан ўрин эгаллади.

Университетнинг «Энергетика муҳандислиги» кафедраси катта ўқитувчиси Иномжон Хотамов танловнинг профессор-ўқитувчилар ўртасидаги «Энг яхши ғоя» йўналишида ғолиб бўлди. Унга Президент совғаси – BYD Chazor автомашинаси топширилди.

Яна бир эътиборли жиҳати, мазкур танловнинг «Энг яхши ғоя» йўналишида иккинчи ўрин ҳам Қарши давлат техника университети вакилига насиб этди. «Технологик машиналар ва жиҳозлар» кафедраси доценти Ғанишер Раҳимов 82 миллион 400 минг сўм пул мукофоти билан тақдирланди.

Бу юксак натижа нафақат университет жамоаси, балки вилоятимиз олий таълим ташкилотлари учун унутилмас воқеа бўлди. Ўз навбатида, ушбу соврин ёш олимлар ва талабаларни янги ғоялар сари руҳлантиради, уларнинг ўзига бўлган ишончини оширади.

– Танловда «Комбинациялашган биоэнергетик қурилма» лойиҳаси билан қатнашдим, – дейди Иномжон Хотамов. – Ушбу қурилма ёрдамида, асосан, органик чиқиндиларни ва маҳаллий биомассани комплекс қайта ишлаш натижасида беш хил турдаги маҳсулот – пиролиз гази, суюқ ёқилғи, биочар, биогаз ва юқори сифатли биоўғит ишлаб чиқарилади. Бу ғоя ҳакамлар ҳайъати томонидан қўллаб-қувватланганидан хурсандман. Президент совринига эга бўлиш, ёшларга, ёш ўқитувчиларга берилаётган эътибор бизга куч, мотивация беради. Шу билан биргаликда масъулият юклайди.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда ёшларни муҳандислик ва инновацион фаолиятга кенг жалб этиш, замонавий иқтисодиётнинг инновацион ўсишини таъминлайдиган илғор технологияларни ярата оладиган янги авлод муҳандисларини тайёрлаш, шунингдек, энг салоҳиятли ёшларни рағбатлантириш мақсадида муҳандислик йўналишлари бўйича «Энг яхши ғоя», «Энг яхши лойиҳа» ва «Энг яхши ихтиро» сингари кўплаб кўрик-танловлар ўтказилмоқда.

– Бу натижа олимларимизнинг илмий изланишлари меваси, – дейди Қарши давлат техника университети илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Ғулом Узоқов. – Танловга 164 та лойиҳа топшириб, 5 та етакчи университетдан бири бўлдик. Акселерация, яъни ўтиш босқичида 13 та лойиҳа билан 1-ўринда қайд этилганимиз ҳам илмий ишланмалар салмоғи юқори эканлигидан далолат беради. Якунда 6 лойиҳамиз ҳакамлар ҳайъати эътиборига ҳавола этилди. Эътиборли жиҳати, ёш олима Севара Мирзаёрова танловдаги фаол иштироки учун «Олий таълим аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланди.

Яна бир янгилик, куни кеча Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан ўтказилган «Энг яхши олий таълим ихтирочиси» республика танловида Қарши давлат университети ва Қарши давлат техника университети ёш олимларидан 5 нафари ғолиб ва совриндор сифатида эътироф этилди.

Бундай эътироф ва рағбат, аввало, илм-фан ва инновацияга интилаётган ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш учун яратилган имкониятларнинг амалий самарасидир. Қарши давлат техника университети ёш олимларининг республика миқёсидаги танловларда қўлга киритаётган ютуқлари эса жамоада илмий изланиш ва инновацион ғояларга бўлган эътибор тобора юксалиб бораётганини кўрсатмоқда.

Энг муҳими, бу каби натижалар янги ғоялар, илмий ишланмалар ва ихтиролар учун кенг йўл очиб, ёшларни изланишдан тўхтамасликка, ўз билим ва салоҳиятини Ватан тараққиёти йўлида сафарбар этишга ундайди. Зеро, бугунги ғоя ва изланишлар эртанги куннинг замонавий технологиялари, янги иш ўринлари ва иқтисодий тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Абдураззоқ МУРОДОВ