16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Маънавият

ЎЗ ДАВРИНИНГ СИЁСИЙ ЭКСПЕРТИ

Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 543 йиллигига

Заҳириддин Муҳаммад Бобур отаси Умаршайх мирзонинг фожиали вафотидан кейин, гарчи қонуний тахт вориси бўлса ҳам, ҳеч кутилмаганда 12 ёшида подшоҳ бўлиши ақлий жиҳатдан эрта улғайишига, инсоний фазилатию эътиқоди такомиллашувига сезиларли таъсир кўрсатди. Бобур чигал сиёсий, ижтимоий, тарихий вазиятда ҳокимиятга келди. Мовароуннаҳр тупроғида авж олган ўзаро жангларда у ҳам қатнашишга мажбур эди. Муҳораба, сиёсий тўқнашувлар ёш ҳукмдорни ҳар томонлама чиниқтирди.

Мазкур ҳолатлар «Бобурнома» саҳифаларида тасвир этилар экан, муаллиф тарихга ва юз бераётган ҳодисаларга субъектив ёндашади, яъни ўз даври тарихининг эксперти сифатида таҳлилга киришади. Бобуршунос Ф.Талбот: «Ҳозирги Ҳиндистонни ўрганмоқчи бўлган киши, ишни энг яхшиси, Бобурнинг хотираларини мутолаа қилишдан бошлагани маъқул. Чунки муаллифнинг ўзи асари ростбаёнлиги тўғрисида ҳайратомуз чин иқрорини билдирганки, жуда кўп Ғарб ва Шарқ тарихчилари, бобуршунослари адибнинг ана шу иқрорига қараб бу асарни мутолаа қилганлар», деганида ҳақ эди.

Маълумки, «Бобурнома» 3 минтақа (Мовароуннаҳр, Хуросон ва Ҳиндистон) тарихи ҳамда 2 мингдан ортиқ тарихий шахслар ҳаёти одилона баҳоланган асардир. Инглиз тарихчиси Элфинсоннинг: «…бу асар Осиёда ягона, чинакам тарихий тасвир намунасидир. Бобур ҳарбий одамнинг ташқи кўриниши, кийимини, таъби ва одатларини ифода қилади, мамлакатларни, уларнинг иқлими, табиати, хўжалиги, санъат ва ҳунармандчилик намуналарини тасвирлаб беради. Лекин муаллифнинг ёрқин характери асарга энг кўп жозиба бағишлайди», деган қарашлари фикримизга ойдинлик киритади.

Бобур бир мамлакатга икки мирзонинг ҳоким қилиб тайинланиши темурийлар саройидаги нолойиқ иш, деб билади. Бу қарор темурий шаҳзодалар орасида нифоқни кучайтириши, уларнинг муносабатлари бузилиши ва ҳатто қонли жангларга ҳам олиб келишини ўз даврининг зукко тарихчиси сифатида баён этади. Яъни, «баширкат подшоҳлик қилиш»ни Ҳусайн Бойқаро давлатчилигидаги номуносиб иш, тарихнинг хатоси сифатида баҳолайди: «…Бадиъуззамон мирзо била Музаффар Ҳусайн мирзони Ҳири тахтида баширкат подшоҳ қилдилар… Бу ғариб амре эди, ҳаргиз подшоҳлиқта ширкат эшитилган эмас. Шайх Саъдий сўзининг мазмунининг хилофи воқиъ бўлди: Нечукким, «Гулистон»да келтурубтур: «Даҳ дарвеш дар як гилеме бихусбанд ва ду подшоҳ дар иқлиме нагунжанд» (мазмуни: «Ўн дарвеш бир гиламга сиғиб ётарлар, икки подшо бир иқлимга сиғмайди»).

Бобур салтанатни бошқаришда ҳар бир ишни чуқур ўйлаб, хулоса чиқаришни таъкидлайди. Унинг бу қарашлари ҳаёт тажрибасига асосланган тарзда ўз ифодасини топган. У бир гал бекларининг гапига кириб «фармон бўлдуким, бизинг била бўлғонлар таниғон нималарини олсунлар», деб амр берар экан, бундай фикрга келиши ғалат эканлигини, бироз шошиб иш кўрганини холисона баён этади. Тарихчи С.Жалиловнинг фикрича, бу жиҳат «Шу давргача бобуршуносликда «арзимас» бўлиб кўринган, аммо моҳиятан муҳим бир ҳолат»дир.

Яъни, тафсилотларга эътибор берилса, Бобур Ёмда турганида унинг қароргоҳи жойлашган майдон бозорга айланиб, барча самарқандликлар ҳар куни келишар ва бу ерда олди-сотди ишлари қизиб кетарди. Ўз-ўзидан бу элнинг Бобурга томон интилишини кўрсатар эди. Шаҳарда осойишталик йўқ, ака-ука мирзолар ҳужумидан халойиқ безиган, бозорини, олди-сотдисини ҳам бемалол қилолмай қолган. Устига-устак, иқтисодий танг вақтларда Самарқанд бозори ҳам талон-торож қилиб турилган. Бир куни Ёмда ҳам худди шундай ҳодиса бўлди. Қўққисдан пешин намозидан сўнг бозорда тўс-тўполон бошланди: бутун бозорни аскарлар талаб кетишибди. Бобур бундан воқиф бўлгач, махсус фармон чиқаради. Унга кўра, эрта саҳардаёқ барча таланган моллар – ҳатто «ипу игна синиғигача» эгаларига қайтарилган. Бобур Мирзонинг бу ва шу каби бошқа тадбирлари унинг самарқандликлар орасида нуфузи ортиб боришини таъминлайдиган омиллардан эди. Иккинчи томондан, фармон ижросининг қатъийлиги – хоҳ доимий ҳаётда, хоҳ сафарда бўлсин, Бобур қонун устуворлигига нақадар жиддий аҳамият берганига ҳужжатдир.

«Бобурнома» саҳифаларида муаллиф ҳар бир мирзо, султон, саркарда, бек ва аъёну ашрофларнинг қобилияти, уруш майдонида ўзини тута билишнинг ижобий ва салбий томонларини аниқ кўрсатиб беради. Масалан, унинг айрим темурийзодаларга берган баҳоси характерли. У Султон Маҳмуднинг қўрқоқлиги билан ўзига тааллуқли кенг ҳудудни ғанимларидан қандай ҳимоя қила олиши, агар у Фарғона тахтига даъвогар Аҳмад Танбал олдида қўрқиб, қалтираб турса, бундай қўрқоқлар билан салтанатни ҳимоя қилиш мумкин эмаслигини таъкидлайди: «Султон Маҳмудхон уруш кишиси эмас эди. Сипоҳийликдин бисёр орий эди. Танбал била ўтру (рўбарў) бўлғон чоғ хондин бедилона ақвол ва афъол зоҳир бўлур. Аҳмадбек турк киши эди, вале мардона ва давлатхоҳ эди. Ғариб дурушт айтур, дерким, бу Танбал не миқдор кишидурким, мунча дағдаға ва тараддуд тортарсиз. Агар кўзунгиз қўрқса, кўзунгизни боғлаб юруб рўбарў бўлинг».

1503-1504 йиллар воқеалари зикрида Бобур Ҳусайн Бойқародан мактуб олади. Буни «…Бадиъуззамон мирзоға ва манга ва Хисравшоҳға ва Зуннунға бир мазмун била узун-узоқ нишонлар келди», дейди. Ушбу «узундан-узоқ» мактуб мазмунини келтирар экан, Султон Ҳусайн мирзонинг темурийлар орасида тажрибали ва қудратли бўлишидан қатъи назар, давр сиёсати ва умумий душман Шайбонийхонга қарши курашишда Хуросон мулкига мансуб қалъаларни мустаҳкамлаш эмас, барча темурий шаҳзодалар бирлашиб, ўзаро ихтилофларга  барҳам бериб, касри нафс баҳридан кечиб иш тутишлари лозимлигини таъкидлайди. Бундан кўринадики, ўша даврда барча темурийзодалар ичида тиниқ фикрли, тарих воқеаларига объектив баҳо бера олувчи шахс – Заҳириддин Муҳаммад Бобур эди.

Бобурнинг Ҳусайн Бойқаро сиёсатига берган баҳоси, қарашларидан англашиладики, Амир Темур салтанатини аслича сақлаб қолиш, Хуросон ва Мовароуннаҳрда бу салтанатни давом эттириш имконияти ҳали бор эди. Султон Ҳусайн мактубидаги «Тирмиз ва Килиф ва Карки гузарларида кема мунча ясанг, кўпрук асбоби бу миқдор тайёр қилинг, юқори Тўққуз ўлум гузарларни яхши эҳтиёт қилинг» мазмунидаги маслаҳатлари ва фармон қабилидаги кўрсатмалари Бобурнинг узоқни кўзлаган стратегик сиёсатига мутлақо тўғри келмасди. Унга кўра, бу муддатда вақтни бой бермасдан, барча темурийзодалар кучни бирлаштириб, Шайбонийхон қўшинига қарши курашга отланмоғи зарур эди. Афсуски, Ҳусайн Бойқаро бошлиқ барча темурийзодалар ўз мулкларинигина асраш пайига тушдилар ва Шайбонийхон уларни бирма-бир маҳв этиб, ғалабага эришди: «Султон Ҳусайн мирзонинг бу хатлари мужиби ноумидлиқ бўлди. Не учунким, Темурбекнинг юртида бу тарихда андин улуғроқ подшоҳ ҳам ёш ва ҳам вилоят ва ҳам черик била йўқ эди… Султон Ҳусайн мирзодек Темурбек ўруниға ўлтурғон улуғ подшоҳ ғанимнинг устига юрумакни демай, ер беркитмакни деса, эл ва улусқа не умидворлиқ қолғай?!».

«Бобурнома»да Бобурнинг илк давлат бошқарувини қўлга киритган йилларида унга давлат ишларини йўлга қўйиш ва ҳукмфармоликни қўлга олишда халал берган, кўпинча рақиби Аҳмад Танбал тарафига ўтиб, унга қарши курашган ўгай укаси Жаҳонгир мирзо ҳақида ҳам фикрлар кўзга ташланади. Бобур унинг қондошлигини инобатга олиб, хатоларини кечирар, имкон қадар марҳаматини дариғ тутмас эди. Лекин шунга қарамасдан, укасининг ўзгарувчан характери борасида асарида очиқ-ойдин ўз фикрини билдириб, темурийлар орасида шундай иродасиз, салтанатга хиёнат қилувчи кимсалар борлигини таъкидлайди. Жаҳонгир мирзо кабилар жамиятда хавфли шахслар бўлиб, салтанат инқирозга юз тутишига, курашларда рақиб қўли баланд келишига сабаб бўларди. Унга ўхшаганлар жанг майдонида рақиб томонга ўтиб кетиши билан ҳам ҳарбий интизом жиҳатидан, ҳам қариндошлик юзасидан, ҳам маънавий жиҳатдан зарарли эди.

Бироқ, ҳатто энг оғир пайтларда ҳам Бобур ўз жигаргўшасига нисбатан қалтис муомалада бўлмаган, унга тўғри йўл кўрсатиб, темурийзодалигини эътиборга олиб, иззат-нафси синишига қарамасдан, унинг инсофга келишига ишонч билдириб келади. «Бобурнома»да кейинги йиллар воқеалари тасвирини кузатсак, Жаҳонгир мирзо акасининг ҳаракатларига қўшилиб иш тутадиган, бироқ шунда ҳам «эски одатлари»ни гоҳида намоён этиб турадиган кишига айланган эди. Бунда Бобур рақибларининг режаси шундан иборат эдики, Жаҳонгир мирзони ундан ажратиб, Хуросон сари боришига рухсат олиш, унинг кучини сусайтириш, жигаргўшаларни бир-биридан ажратиш, шу билан темурийлар хонадони бирлигига рахна солиш эди.

Бобур жамиятдаги айирмачилар ва салтанатни ичидан кемирувчи тоифага мансуб кишиларга муросасиз бўлган: «…Тенгри таоло давлати берди, меҳмон ва ғариб бекларни ва йигитларни бойрилардин ва андижонийлардин ортуқроқ ва яхшироқ кўрдум. Бовужуд бу ажаб балоедурким, ҳамиша эл мени ғийбат қилурларким, бойридин ва андижонийдин ўзгани риоят қилмас. Масал борким, «душман не демас, тушга не кирмас». «Дарвозаи шаҳрро тавон баст, натвон даҳани мухолифон баст» (мазмуни: «Шаҳар дарвозасини ёпиб бўлади-ю, душман оғзини ёпиб бўлмайди»).

Бобур тарихий вазиятни яхши билиш билан бирга, Шайбонийхоннинг феъли ҳамда ҳарбий қудратини ҳам реал баҳолай олган. Масалан, Қандаҳордан аламзада бўлган Шайбонийхон Кобулга ҳам ҳужум қилиши, Бобур салтанатига таҳдид солиши аниқ эди. Ана шу боисдан Бобур шундай қарорга келади: «Бир мен Кобулда қолиб эдим. Душман бисёр қавий, биз кўп заиф, не маслаҳат қилмоққа эҳтимол, не муқовамат қилмоққа мажол. Мунча қувват ва қудрат. Ўзумизга бир ер фикрини қилғулуқдур ва бу миқдор фуржа ва фурсатта қавий душмандин йироқроқ айрилғулуқтур, ё Бадахшон жониби, ё Ҳиндустон сари жазм қилмоқ керак…. Мен ва баъзи ички беклар Ҳиндустон тарафи бормоқни таржиҳ қилиб, Ламғонға мутаважжиҳ бўлдук».

Бобур бу даврдаги Ҳинд салтанат бошлиқларининг дунёқараши, сиёсат юритишига ҳам алоҳида баҳо беради. Уларнинг ўша пайтда мавжуд дипломатик тартибни билмаслиги ёки писанд қилмасликларини ҳам ошкора баён этади: «Давлатхонға битилган хатларни ва Султон Иброҳимға битилган хатларни топшуруб, оғиз сўзларни доғи айтиб, Мулло Муршидға рухсат берилди. Бу Ҳиндустон эли, алалхусус афғонлар ажаб ҳуш ва хираддин йироқ ва раъй ва тадбирдин қироқ эллар бўлур эрмиш, не ёғийлиқ юруш ва турушин қила олдилар, не дўстлуқ роҳ ва равишин била олдилар. Борғон кишимизни Давлатхон неча кун Лаҳўрда сахлатиб, не ўзи кўрди ва не китобатни Иброҳимға йиборди. Неча ойдин сўнг борғон кишимиз ҳеч жавоб топмай Кобулға келди».

Бобур юборган элчи бир неча ой Иброҳимнинг эътиборидан қолиб кетади, унга на «ҳа» ва на «йўқ» жавоби берилади. Шунинг ўзидан ҳам англаш мумкинки, ҳиндлар жуда узоқ муддат Бобур таклифини муҳокама қилганлар ва охири у юборган элчига ҳеч нарса демай рухсат берганлар. Албатта, бундай муносабатдан кейин Бобур бор кучи билан Иброҳим Лўдий устига қўшин тортган.

Умуман, «Бобурнома»да ўз даври тарихий ҳодисаларига холис қаровчи, тарихни ёрқин ва аниқ баён этувчи эксперт-тафтишчи бўлган ҳукмдор сиймосига юзланамиз.

Исроил СУЛАЙМОНОВ,

филология фанлари доктори, профессор