16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Иқтисодиёт

Ўртача ойлик иш ҳақи:

энг юқори миқдор – Қарши шаҳри, Нишон ва Муборакда,

энг паст кўрсаткичлар – Касби, Яккабоғ ва Қамашида

Долзарб статистика

Вилоятимизда жорий йилнинг биринчи чорагида ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 490,3 минг сўмга ошиб, 4 миллион 79,8 минг сўм (ўсиш суръати 113,7 фоиз)ни ташкил этган бўлса-да, ушбу рақам ҳамон республика ҳудудлари кесимида энг паст кўрсаткич бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитасининг    демография, меҳнат ва гендер статистикаси бошқармаси томонидан эълон қилинган маълумотларга қараганда, 2025 йилнинг январь-март ойларида ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақининг энг юқори миқдорлари Тошкент шаҳри (9 миллион 889,1 минг сўм; ўсиш суръати – 122,7 фоиз) ҳамда Навоий (7 миллион 330,9 минг сўм; 112,6 фоиз) ва Тошкент (5 миллион 435,6 минг сўм; 114,3 фоиз) вилоятларида  қайд этилган. Ўртача ойлик иш ҳақининг энг паст миқдорлари эса воҳамиздан ташқари Сурхондарё     (4 миллион 209,1 минг сўм; 119,1 фоиз ва Фарғона (4 миллион 203 минг сўм; 113,7 фоиз) вилоятларида кузатилган.

Эътиборлиси, республика бўйича шу йилнинг дастлабки уч ойи давомида ўртача ойлик иш ҳақи миқдори  5 миллион 796,1 минг сўмга етган, ўсиш суръати эса 118 фоизни ташкил этган.

Бироқ вилоят статистика бошқармасининг айнан шу йўналишда тайёрланган пресс-релизига таянадиган бўлсак, воҳамизнинг барча шаҳар ва туманларида ҳам ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи миқдори жуда паст даражада эмаслигига амин бўламиз. Зеро, жорий йилнинг биринчи чорагида мазкур кўрсаткич салмоғи Қарши шаҳрида 5 миллион 683,8 минг сўм (ўсиш суръати – 114,9 фоиз), Нишон туманида 5 миллион 291,8 минг сўм (119,7 фоиз), Муборак туманида 4 миллион 573,6 минг сўм (102,3 фоиз) тенг бўлган. Лекин бу борадаги аутсайдерлар – Касби (2 миллион 802,8 минг сўм, 100,8 фоиз), Яккабоғ (2 миллион 860,5 минг сўм, 109,1 фоиз) ва Қамаши (2 миллион 991,2 минг сўм; 113,8 фоиз) туманларида тегишли рақам ҳатто 3 миллион сўмга ҳам етмаган.

Вилоятимизда шу йилнинг дастлабки уч ойида номинал ҳисобланган ўртача ойлик иш ҳақи миқдорларини иқтисодий фаолият турлари бўйича ўзаро ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан солиштирадиган бўлсак, шу даврда энг катта маош банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолияти билан шуғулланувчиларда (11 миллион 689,5 минг сўм; 104,2 фоиз) ҳамда ахборот ва алоқа соҳасида ишлайдиганларда (9 миллион 866,9 минг сўм; 113,6 фоиз) эканлиги ойдинлашади. Ўртача ойлик иш ҳақи миқдорининг юқорилиги бўйича   кейинги ўринларда ташиш ва сақлаш (6 миллион 829,3 минг сўм; 108,6 фоиз), саноат (6 миллион 520,7 минг сўм; 114,8 фоиз), санъат, кўнгил очиш ва дам олиш (5 миллион 101,5 минг сўм; 122,9 фоиз), савдо (4 миллион 798,8 минг сўм; 155,2 фоиз) ва қурилиш (4 миллион 483,9 минг сўм; 101,3 фоиз) соҳа ва жабҳаларида меҳнат қилаётганлар эгаллаб турибди. Энг паст ойлик иш ҳақи эса таълим (3 миллион 343,2 минг сўм; 115,3 фоиз), соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш  (2 миллион 810,5 минг сўм; 106,7 фоиз) ҳамда яшаш ва овқатланиш (2 миллион 212 минг сўм; 86,7 фоиз) тармоқларидадир.

Мутахассисларнинг тушунтиришича, номинал ҳисобланган иш ҳақи маълум бир давр (соат, ой, йил) мобайнида ходим томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулот (бажарилган иш ёки кўрсатилган хизмат) эвазига иш берувчилар томонидан амалдаги қонун ҳужжатларига асосланган ҳолда солиқ ва бошқа тўловларни ўз ичига олувчи ёлланма ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тарзида жисмоний шахсга пул шаклида ҳисобланган даромадлардан иборат.

Ўз мухбиримиз