Наврўз келди, фасллар алмашди. Табиат уйғониб, янги ҳаёт нафаси уфурди. Миришкор деҳқон ва фермерлар, боғбон ва чорвадорлар Яратгандан мўл ризқу рўз, қут-барака тилаб, дала ишларини аллақачон бошлаб юборганлар. Она заминни қоплаган яшиллик дилларга сурур бахш этаяпти, кечагина иссиқ уйи деразасидан кўчага термулиб ўтирган бола-бақранинг қийқириқлари энди майсазорлардан таралмоқда.
Одамлар қадимий анъанага кўра шарқона Янги йилни байрам билан бошлаяпти. Қиру адирлар, дала-дашт, боғу сайилгоҳлардан Наврўзи айём чорлови эшитилади. Ёшу қари сумалаклар қайнаб турган, дастурхонлари баҳорий таомлар билан тўлиб-тошган базмгоҳларга ошиққан. Бир томонда кураш мусобақаси, яна бир томонда бахшилар беллашуви кетаяпти. Дорбозлар ҳам томошани бошлаган, санъаткорлар хониш қилмоқда. Қадриятларимизга ҳамоҳанг миллий либосларда кийинган, бошларига тол новдаю бойчечакдан чамбарак таққан қиз-жувонларда баҳорга уйғун гўзаллик акс этган. Ҳамма шодон, кўкламга етказганидан мамнун ҳолда кўнгил ёзаяпти, эл-улус тўпланиб, хурсандчилик қилаяпти.
Қашқадарёда Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган асосий байрам тантаналари Қарши шаҳридаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида ўтказилди. Боғнинг ранг-баранг безатилган йўлаклари бўйлаб миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари, баҳорий таомлар ҳамда тасвирий ва амалий санъат асарлари кўргазмалари ташкил қилиниб, шу ернинг ўзида барпо этилган кичик саҳналарда ёшлар бадиий жамоаларининг чиқишлари уюштирилди.
«Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!» деб номланган театрлаштирилган байрам тадбири боғдаги муҳташам амфитеатрда, вилоят фаоллари ва меҳмонлари, фахрийлар, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокими Муротжон Азимов тантана қатнашчилари ва улар орқали кўп миллатли бутун Қашқадарё аҳолисини шарқона Янги йил – Наврўзи олам билан самимий табриклади.
– Бугун қашқадарёликлар асрлар давомида баҳор, эзгулик, меҳр-оқибат, меҳнат ва бунёдкорлик рамзи сифатида эл-юртимизнинг ижтимоий-маънавий ҳаётида беқиёс ўрин тутиб келаётган Наврўзи оламни кўтаринки руҳда, халқ хўжалигида қўлга киритилган катта ютуқлар ва келгусида амалга оширилажак улкан режалар билан муносиб қарши олмоқда, – деди вилоят раҳбари.
Дарҳақиқат, воҳа аҳли одатдагидек бу йилги Наврўз умумхалқ байрамига ҳам катта тайёргарлик қилди. «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасида белгиланган тадбирлар доирасида жойларда юзлаб янги боғлар барпо этилди, йўл бўйлари, кўча ва хиёбонлар, корхона, ташкилот ва муассасалар жойлашган бинолар атрофи, ҳовлиларда мевали ва манзарали дарахт кўчатлари, гуллар экилди. Байрам арафасида барча ҳудудларда, кўча, маҳалла, туман ва шаҳарларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш акциялари, умумхалқ ҳашарлари ўтказилди. Кекса авлод вакиллари, ижтимоий ҳимоя ва кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиниб, улар учун байрам дастурхонлари ёзилди ҳамда турли хайрия тадбирлари ташкил этилди. Бинобарин, Наврўз анъаналари моҳиятида ҳам аҳоли манфаатлари ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, эҳтиёжманд қатламларни қўллаб-қувватлаш, жамиятнинг ҳеч бир аъзосини меҳр ва эътибордан четда қолдирмаслик, шаҳар ва қишлоқларимизни обод қилиш, ер ва сув ресурсларидан, барча табиат неъматларидан оқилона фойдаланиш каби эзгу қадриятлар акс этган.
Байрам тантанасида саҳнага олиб чиқилган кўринишлар ва концерт дастури чиқишларида ана шулар ва юртимизга кириб келган баҳор ҳамда Наврўз айёмининг ўзига хос шукуҳи, халқимизнинг гўзал урф-одатлари ва анъаналари, Ўзбекистонда ҳукм сураётган тинчлик ва ўзаро аҳиллик, юртдошларимиз қўлга киритаётган улкан ютуқ ва муваффақиятлар ҳам ўз ифодасини топди.
Эл севган санъаткорлар ижросида янграган Наврўз, Ватан, Қашқадарё ва халқимизнинг эзгу фазилатлари ҳамда гўзал қадриятларини тараннум этувчи куй-қўшиқлар, бахши ва фольклор термалари, мақомлар, мумтоз опера қўшиқлари, чиройли рақслар ва спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари тадбир иштирокчилари томонидан олқишлар билан кутиб олинди.
Борлиқнинг уйғониши, инсон ва табиат ўртасидаги уйғунлик, она заминга меҳр ва эътиборни акс эттирган, барчамизни бугунги тинч ва осуда ҳаётини қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга ундайдиган байрам тадбирлари воҳамизнинг барча маҳалла ва қишлоқларида давом этмоқда.

