Сараланган сатрлар
Рус адабиёти деганда, Пушкин, Лермонтов, Гогол, Достоевский, Толстой, Чехов, Тургенев каби гигантлар кўз олдимизда гавдаланади. Бу муҳташам адабиёт вакиллари шу қадар кўпки, “олтин” ва “кумуш” даврларга бўлиб тадқиқу талқин этилади. Андрей Платонов номи эса у қадар машҳур эмас. Унинг кўплаб асарлари ўз даврида эътиборсиз қолган бўлса-да, бугунги кунда жаҳон адабиётининг дурдоналари қаторида эътироф этилади.
Платонов асарлари Сталин даврида тақиқланган. Сабаби, “Чевенгур”да коммунизм қурмоқчи бўлган одамларни антиутопик шаклда гавдалантирган бўлса, “Хандақ”да бахтли ҳаёт (гўё коммунизм) учун улкан уй қуриш истагида бўлган, бироқ чуқур қазишдан нарига ўтолмаган корандалар кечмиши ҳикоя қилинади. Бинобарин, Платонов ўша даврларда ягона сиёсий мақсад бўлган сосиализмга нисбатан шубҳа билан қарай олган илк яловбардор адиб эди.
1931 йилда Андрей Платонов қаламига мансуб “Шубҳаланган Макар” қиссасини ўқиган Сталин “Талантли ёзувчи, аммо аблаҳ” деб баҳо беради. Шундан кейин барча газета ва журналлар Платоновнинг ҳар қандай асарини қабул қилишдан бош тортади. Ёзувчи асарлари ўтган асрнинг 80-90 йилларида нашр этила бошлаган.
Иосиф Бродский Андрей Платоновни Жеймс Жойс, Роберт Музил ва Франс Кафка каби адиблар билан бир қаторга қўяди.
Воронеж университети биноларидан бири олдида ёзувчига ҳайкал ўрнатилган бўлиб, лавҳада “Менсиз халқ тўкис бўлолмайди” деб ёзилгани ҳам эътиборга молик.
Мураккаб тил, “сюрреалистик услуб”, ўзига хос фалсафа сабаб Бродсий Андрей Платонов асарларини бошқа тилга ўгириш имконсиз, деб айтган. Нидерландияда яшаётган ўзбек адиби ва таржимон Шарифжон Аҳмедов айни шу мураккаб ишга қўл урди: бир неча йил илгари “Жон”ни, 2024 йилда “Хандақ”ни ўзбек тилига таржима қилди. Асарни оригинали билан солиштирганлар таржимон маҳорати ва журъатига тасанно айтишаётгани ҳам бор гап. Сиз ҳам ўқиб кў-ринг-чи…
* * *
Уйқу учун ақл-у ҳуш ороми, атрофда кечаётган ҳаётга ишонч-у эътиқод, бошдан кечирилган мусибатга кечирим керак бўлади.
* * *
Бахт келтирадиган нимадир ихтиро қилиш лозим, шунда одамларнинг қалбида яхшилик барқ уради.
* * *
Ўтинч мурожаати учун ҳам кимсада эҳтиром бўлмоғи лозим.
* * *
Оммадан ортга қолишга қўрқасизлар-у, аммо бошларига чиқиб олганингизни билмайсизлар!
* * *
Фикрсиз ва ўйсиз касларнинг меҳнати ҳам бемаънодир!
* * *
Тирикликда тирик неки бўлса, бу зайл ҳаётига қаноатда англамсиз ва бешуур яшашда бардавом. Баайни ёлғиз биров ва ё бир ҳовуч сайланма мумсиклар ичларимизни обдан титкилаб, бор эътиқодимизни суғуриб олган ва уни ёлғиз ўзларининг саодатли иқболлари учун батамом мусодара этганди.
* * *
Қайдадир олисда жилдираган жилға-ю эриниб эсаётган шамол бу зулмат яйдоқлигини тўлатиб турар, тўлатилган ушбу бузрук нимарса андуҳини эса алҳол ёлғиз қушларгина тараннум этарки, илло, урдун баландларда парвоз этганлар учун қуйи оламнинг қайғуси бегона эди ва шунданми, қўшиқларини баралла айтиб, диллари ҳеч доғланмасди.
* * *
Тириклик сабаби-ю ҳаёт мазмунини, балки, ўз шуурингда яратганинг дурустдир – шунда маҳзун туйғулар орқали ўша мазмунларга бехос дуч келиш ҳам мумкиндир, эҳтимол.
* * *
Мана бу одамларга боқ, туғилдингми, нолимай яшайвер!
* * *
Бутун оламни чангалида тутишган-у, яна қорин қаппайтиришга кўнгил қўйишибди.
* * *
Ёлғиз дарахт чуқурлик узра бош эгган кўйи таваллудининг илк ибтидосими ва ё интиҳосининг сўнгги ишоратларини излаб қуйига кўз тикиб турарди.
* * *
“Агар ростдан ҳам каламушлар урчиган бўлса, Осовиахим тўгарагини тузиб, истаган махлуқни кўнглингиз тусаганича қириб, малака тўпланг. Буржуазия билан курашда ҳали кўп асқатади бу ҳунар!..”
* * *
Инсон бир тош эмас, илло, унга яшамоқ раводир.
* * *
Ҳар биримизга жонсиз муайян соҳаларни ўргатишган. Мен, масалан, тупроқ таркибини, вазн оғирлиги ва сокинлик механикасини биламан, аммо машина тузилиши-ю тирик жонзотлар юраги уришининг сабаблари борасида уқувсизман. Умумий бутунлик ва бу бутунлик ичидаги нарсаларни бизга англатишмаган.
* * *
Бир пайса ҳукмронлик ҳар қандай одамнинг хотирини жам қилиб, одобини дурустламайдими ахир?..
* * *
Навниҳол ёшида туйғуларига андармоннинг ақли кейин тез тўлишади.
* * *
Ишчилар синфи Николай пошшо эмаски, ҳар турли унсурлар исёнидан қўрқса.
* * *
Одамдан бирон нарса қолсин дейман – ўликларни кўриб, тирикликда яшашим сабабини билолмай қийналаман!
* * *
Ўликлар ҳам одам, айниқса, улар одам.
* * *
Кўкнинг қай бир еридан бир маромда эзгин тўкилаётган томчилар дарахт япроқлари, четан деворлар-у сокин кулбалар похол томида маҳзун куйини чалмоқда эди. Улкан бўшлиқдан лоқайд қуйилаётган само сувлари дақиқа сайин табиатнинг силласини қуритиб бораётган каби туюлар, ёмғир қўшиғига қулоқ тутган лоақал бир шу одамнинг андуҳи бўлмасайди, бутун шарбатини исроф этиб шу зайл ўзини пажмурда этаётган борлиқнинг жоннисор иштиёқи беҳуда кетарди…
* * *
Масала охирги хўрозни ким еганида эмас, аксинча, биринчисини ким еганида.
* * *
Кетганнинг келиши бор, бир нарса кўйида аллақайси йироқларда тентираб юргандан кўра шу ерда тош қотганинг афзал.
* * *
Ўзим ҳам билмайман бунинг нима эканини. Қайсидир олис-йироқларда қўл ва қалб етмас муҳташам нимадир бор-у, аммо бундан бенасиб менинг умрим ғурбатларда гузарон юргандай туюлади.
* * *
Деҳқон қўлида бир дона така ҳам яна қайта капитализм бош кўтаришига дастак бўлиши қўрқинчи бор…
* * *
Четан тўсиқ билан иҳоталанган катта чорбоғда бошқа кулба бўлиб, бўш тобут ичида бошқа мужик ётар ва қитир деган ҳар сасдан чўчиб, кўзларини ўликдай чирт юмиб олганди. Унинг бош тарафида неча ҳафтадирки жинчироқ липиллаб ёнар, тобутда ётганнинг ўзи вақти-вақти билан унга мой қуйиб турарди.
* * *
Тошдай қаттиқ қандни матонат билан ғажиб, ярмигача келса ҳамки, кутган мазасини топмаган бола муз парчаси каби йилтироқ конфет орасига ажабланиб қаради – сирти каби ичи ҳам бирдай қаттиқ эди. Бола қанднинг қолганини зарда билан активист қўлига тутқазди:
– Қолгани ўзингга сийлов, мураббоси йўқ экан: худди колхозлаштиришга ўхшайди – тишинг сингудай ғажийсан-у, аммо мазасини топмайсан!
* * *
Бу ёруғ оламда барибир ҳақиқат йўқ, бўлган бўлса ҳам, балки, бирор ўсимтами ниҳол бағрида ва ё серғайрат қайсидир махлуқ ичида бўлган, бироқ дарбадар қай бир йўқсил йўл четида ўсган ўша ҳақиқатни еб битирган, ўрмалаган мазлум ўша жониворни ҳам топтаб ўтгандир-у шундан сўнг овлоқларда жони узилган бу йўқсилнинг ўзини эса кузак шамоллари тилка-пора қилиб, йўқлик тараф равона қилгандир, эҳтимол.
* * *
Бирлашган одамлар фаҳм-фаросатсиз яшашлари асло мумкин эмас.
* * *
Бутун мамлакатни колхозга айлантирмоқчисизлар, фақат бир нарсани билинг – улкан бир колхозга айланган мамлакат охир-оқибат фақат бир шахснинг мулкига айланади, ўшанда мени эсларсиз.
* * *
“Аввал бир оилам ташвиши бошимда эди, энди бўлса, ҳаммани боқиш учун ишлашим керак. Бунча боқимандани боқишнинг ўзи бўларканми, ҳаш-паш дегунча гўрга кириб кетамиз-ку бунақада!”
* * *
Тафаккур барча туйғуларнинг якуний манзили ва интиҳо ҳосиласи экан ва хавотирли майлларнинг жўшқин силсиласи бари айнан бунда тушовланиб ором топар экан, муттасил таҳлика ва бетиним интилишлар боиси недан унда?
* * *
Ҳақиқат ҳеч вақт мудрамас…
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

