16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Маънавият

ҚАЙТАДАН, ЯНГИТДАН ҲАЁТ БОШЛАМОҚ КЕРАК: ХАТОЛАРСИЗ, ГУНОҲЛАРСИЗ; ОЛИЖАНОБРОҚ БЎЛИБ!..

Шундай асарлар бўладики, тузумлару дунёқарашлар ўзгариши уларнинг яшаб қолишига зиғирча таъсир этмайди. Юксак маҳорат билан ёзилгани, бадиий савияси, асар марказида Инсон ва унинг дарду ташвишлари тургани, кимгадир ёқиш, кимгадир яхши кўриниш илинжи бўлмагани сабаб бу асарларни барча давр ўқувчилари яхши кўриб ўқийди, таъсирланади.

Хайриддин Султонов “Ёзнинг ёлғиз ёдгори” қиссасини ёза бошлаганда, эндигина 24 ёшда бўлган экан. Асар дунё юзини кўргач, худосизлик тузуми даврида эътиқодда собитқадам инсон кечинмаларини қаламга олгани учун ишдан мосуво бўлгани ва китоблари йиғиштириб олингани, бир муддат дўстларининг мадади билан китоблар таҳрири билан кун кечирганига нима дейсиз?!

Айни шу қисса асосида ўзбекнинг катта режиссёри Собир Назармуҳаммедов “Ёлғиз ёдгорим” фильмини суратга олган. Айни йигит ёшида қатағонга учраб, сургун қилинган ва қартайиб қолганда қамоқдан қайтган Адаш Карвонга нақ эллик ёши остонасида Худо фарзанд беради. Ана шу тилаб олинган дилбанди бўй чўзиб, эр ёшига етганда, отиб қўйишади. Фарзанд доғини кўтаролмаган кампири ёруғ оламни тарк этади. Адаш Карвон изтироблари кўксида юрак бор ҳар қандай кишини сел қилиб юборади…

Асарда изтироб ва умид ичидаги Инсон қиёфасини кўрамиз. Мўминлик ва мутелик, хокисорлик ва хорлик ўртасидаги чегарани аниқлаб оламиз. Ўзга эътиқоддагилар айтганидек, инсон ўнг юзига уришганда, чапини ҳам тутиб бериши керакми, ё “салом”га яраша “алик” даркорми? Қай бири инсон табиатига хос? Ёлғиз ёдгорини отиб қўйган одамни кечириш, гуноҳидан ўтиш керакми, ё қасосни қиёматга қолдирган маъқульми? Ҳар ҳолда “Кечирмаган кечирилмайди” деган гаплар ҳам бежиз айтилмаган.

Қиссадан олинадиган хулосалар, завққа эш этадиган лавҳалар кўп. Келинг, сиз ҳам бебаҳра қолманг.

Сараланган сатрлар

*  *  *

Тўсатдан келган ғам ёмон бўларкан.

*  *  *

Азим қайрағочлар шохида илиниб қолган битта-яримта қаҳрабо барглар ўтган баҳорига алвидо айтиб, кузак шамолида ожизгина титрайди, дов-дарахтларнинг оҳиста шовуллаши абадий сукунатга рахна солиб, ёлғиз табиатгина ўлим билмаслигини таъкидламоқчидек, бир зум тинмайди.

***

Юқорида, тепа бағрида паст-баланд дўмпайган қабрлар кўзга чалинарди.

“Мана, чин уйинг. Елиб-югуриб, айланиб-ўргилиб, охир бир кун ёғоч от миниб шу ерга келасан. Келасану ичкари кирасан. Кирмоқ бор-у, чиқмоқ йўқ”.

*  *  *

Мусибат кишини тўсатдан улғайтириб қўяди.

*  *  *

Бувиси ўлганда қаро ерга кўмишгани унга беҳад адолатсизлик бўлиб туюлган эди. Наинки инсон илон-чаёнга, қурт-қумурсқага ем бўлгани дунёга келса! Кейинчалик, оқ-қорани танигач, бу одат замиридаги теран бир ҳикматни англади: гўрнинг совуқ тупроғи аламзада дилда ёнган алангаи оташ ҳовурини босар экан. Марҳум қабрга қўйилгач, мотамдорларнинг алам-армони хиёл совиши шундан экан. Аммо бунга ҳам чидаган одам чидаркан.

***

Бандаси пешонасида не борлигини билмай ўтади.

*  *  *

У Яратгандан ўғлига – кўзининг оқу қораси бўлмиш ёлғиз жигарбандига “тансиҳатлик, меҳр-оқибат, инсофу тавфиқ, кўздан, суқдан, душманнинг қасдидан, ўт балосидан, сув балосидан, қуруқ туҳматдан, бемаҳал ўлимдан” – ўзи бу дунёда ситам чеккан жамики офатлардан омонлик тилар эди. Ўзи билан кампирига бу ёруғ жаҳонда энди ҳеч нарса керак эмаслигини яхши билар, Халлоқи оламдан фақат имонининг саломатлигини, фарзанд доғини кўрсатмасликни, невара-чевараларнинг дийдор-у қувончини сўрар эди. У салқин саҳарларда яна юрту элга тинчлик, шифтга боқиб ётган беморларга шифо, ота-онасининг бағридан узоқда юрган аскарларга бехатар сафар, жамики мардум устида ҳукм юргизиб турганларга адолат, дини исломга қувват, беватанларга ватан, фарзандталабларга фарзанд ато қилишини тиларди.

Бирор кимсага ёмонлик соғинмаган эди-ку? Нега бирор тилаги юзага чиқмади? Нега илтижолари соҳиби карам қулоғига етмади?

Кўп нарса сўраганмиди у?!

Озмиди сўраган нарсалари?!

*  *  *

Одамзодда иймон бўлмаса, унда садоқат бўлмайди; бундай одам Никалай подшога ҳам, Шўро ҳукуматига ҳам бирдек ихлос билан хизмат қилаверади.

*  *  *

Яратган эгам ўзи ҳар кимнинг ажрини олиб беради, фақат унгача бандаси шошади, холос.

*  *  *

Ўша кезларда ўзи ўзига дунёдаги энг бахтиқаро кимса бўлиб туюларди. Ваҳоланки, у пайтлар умрининг энг бахтиёр, энг масъуд дамлари экан – юрагида дунёга, одамларга меҳр, қаҳр яшаган дамлар… кўксида чалажон умид типирчилаган ўша оқшомларда у бехтиёр бахтиёр бўлган экан.

*  *  *

Ҳар бир комил инсон, то тирик экан, бола-чақалари, хеш-ақраболарини тўплаб, бу ёруғ оламда қилган ишлари, дунёга нима олиб келиб, нима олиб кетаётгани, ҳаёти давомида содир этган гуноҳу савоблари, бўйнидаги қарз-ҳаволалари ҳақида сарҳисоб бериб, виждони неки буюрса, васият қилмоғи фарз, дейдилар.

*  *  *

Одамзоднинг кўнгли ҳам тубсиз уммондек гап.

*  *  *

Очиқ-сочиқ дастурхонинг бўлса; дастурхонда бир бурда нонинг бўлса; кўзингга нур, қалбингга шуур берган ота-онанг барҳаёт бўлса; улар билан суҳбат қурсанг – тирикчилик, рўзғор ҳақида, ўзингни улар бағрида сезсанг – ҳамиша, ҳар вақт; меҳр ошкор айласанг – ўзингни унутсанг, юрагингда қолмаса на қайғу, на ҳасрат…

Шунинг ўзи бахт эмасми, эй бахт излаб дарбадар кезган кимса?!

Шунинг ўзи саодат эмасми, эй саодат истаган инсон?!

*  *  *

Оҳ, қани эди, Адаш Карвоннинг уйи куйган, куйиб кул бўлган, кули кўкка соврилган, ниналаб йиққан рўзғоридан бирорта чўп қолмаган, тахмон тўла кўрпалару қўра тўла қўйлар – бари ёниб битган бўлса! Қани эди, буларнинг ҳаммаси хоки туробга айланган бўлса-ю, эвазига фақат Насиббек, кўзининг оқу қораси, суянган тоғи, юрагининг малҳами, жисмидаги жони – Насиббеги омон қолган бўлса!..

Минг бор таассуфки, Адаш Карвоннинг уйи куймади.

Адаш Карвоннинг юраги куйди, холос.

Адаш Карвоннинг куйган юраги ҳамон гуриллаб ёнмоқда.

Уни ким ўчиради?.. Ўчира оладими?!

…наҳот азоб бордир қисматда фақат?

*  *  *

Бу юртда агар бўй етган йигит бевақт қазо топса, қадрдон дўстлари, жўралари марҳумнинг бошига тўпланиб, йиғи ўрнига… “ёр-ёр” айтар эдилар…

Бу ғаройиб удум замирида ўзбекнинг боласи дунёга кўз очганидан сўнг – азон, никоҳдан сўнг – “ёр-ёр”, жон таслим қилганидан сўнг – жаноза товушини эшитмоғи фарз, деган бир ақида мужассам бўлса эҳтимол…

***

Асли ёдгору ёдгорлик деганимиз нима? Бир юракнинг иккинчи юракда қолдиргувчи азиз, ардоқли армони эмасми?

Ҳар кимса тириклигида қилган савоб ишлари билан ўзига ўзи хотира қўйиб кетади. Қачондир, қайдадир иморатга қўйилган бир дона ғишт, қайсидир боғда ўтқазилган бир туп ниҳол, жабрдийда кўзидан аритилган бир томчи ёш, кўнгли ярим ғарибга айтилган бир оғиз ширин сўз, беминнат топилган бир бурда нон – одамзод ўзи учун ўзи бунёд этажак ёлғиз ва асл ёдгорлик мана шу.

*  *  *

Мана, унинг хотиралари – ҳам тиниқ, ҳам қайғули; ҳам совуқ, ҳам қайноқ – қалбидаги туганмас изтиробдек, тошу қум қатламлари орасидан тўхтовсиз сизиб ётибди…

“Ҳаммаси” – бу неки кўнгилга қадрдон бўлса, неки юрагини қачондир ақалли бир марта жазиллатган бўлса – бари; бу – ихтиёрсиз жиноят азоби ва ихтиёрий жазо тазарруси билан йўғрилган кунлар, ишқнинг ёруғ ёди билан мунаввар тунлар… унинг ўтмиши, бугуни, эртаси – бутун умри-ку!

Шуларнинг барчасидан бирйўла воз кечиб бўладими? Шуларнинг барчасига бирйўла қўл силтаб бўладими?!

Бутун бир умрга-я?!

***

Қайтадан, янгитдан ҳаёт бошламоқ керак! Янгитдан – хатоларсиз, гуноҳларсиз; олижаноброқ бўлиб!..

Ўшандай ҳаёт бошлади ҳам дейлик, лекин ана шундай яшаб ўтишга қудрати етармикан? Ҳадсиз уқубатлар сўнгида унга ниҳоят, ҳорғин бир қувонч насиб этармикан?..

Аммо… Нимадан бошламоқ керак?

Ҳа! Ўтмиш билан хайрлашувдан! Неки ўтмишни эслатса, у рутубатли кунлар изтиробини ёдига солгудек бўлса, баридан воз кечмоқ керак!

*  *  *

“Ҳа, Аллоҳ собирлар билан! Лекин… Э, пок Парвардигоро! Нега мени бунча шўрпешона қилиб яратдинг?! Ахир, мен собир эдим-ку! Ахир, умр бўйи буйруғингга бўйин эгиб ўтдим-ку! тану жонимни, бор-йўғимни йўлингга бағишладим-ку! Балою офатларга дучор бўлган чоғларимда ҳам, қоронғи йўлларда қоқилган пайтларимда ҳам номингни дилимдан қўймадим, ҳеч қачон шиква-шикоят қилмадим, бошимга неки кўргилик тушса, сенинг ироданг деб билдим, ҳамиша ўзингга шукрона айтдим. Лекин энди сендан сўрайман, айт, англат менга: манглайи қора бу бандангнинг гуноҳи не эди? Нега мен ҳам одамларга ўхшаб бир рўшнолик кун кўрмадим? Нега менга фақат ситамни раво кўрдинг?! Ёзуғим не эди, Халлоқи олам?!”

Туйқусдан… тип-тиниқ, булутсиз кўкда чақмоқ чақнади, еру осмонга қудратли ларза тушди, жамики жонзот сесканиб кетди, дарёлар ўзанидан чиқиб тошди, тоғу тошлар узра гулдурак янгради, дарахтлар қалт-қалт қалтиради.

Ва баногоҳ… олис-олислардан гулдураб бир садо келди:

“ЭЙ АЗИЗ БАНДАМ, ИҚРОРМАН, МЕН СЕНГА “МЎМИН БЎЛ!” ДЕГАН ЭДИМ – “МУТЕ БЎЛ!”, ДЕГАНИМ ЙЎҚ ЭДИ; “ТУПРОҚДАЙ ХОКСОР БЎЛ!” ДЕГАН ЭДИМ – “ТУПРОҚДАЙ ХОР БЎЛ!” ДЕГАНИМ ЙЎҚ ЭДИ…”

Адаш Карвон чўчиб кўз очди.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.