1960 йилда Қарши шаҳрида илк аэропорт ўз фаолиятини бошлаган. Бу ерда дастлаб қишлоқ хўжалиги мақсадларида парвозлар амалга оширилган. Биринчи йўловчи рейслари эса Қарши – Самарқанд – Китоб ва Сергели – Қарши – Талимаржон йўналишида амалга оширилган.
Аэропортда парвозлар кўпайиши натижасида кенг кўламли қурилиш ишлари ҳам бошланган. 1977 йилда учиш ва қўниш йўлаги реконструкция қилинган. Навигация ва алоқа воситалари билан жиҳозланган янги терминал мажмуаси фойдаланишга топширилган ва ўша йили Ту-154 ҳаво кемасида Қарши-Москва-Қарши рейси очилган.
1978 йилда Тошкент, Андижон, Урганч, сўнгра Душанбе, Тўрткўл, Ленинград ва бошқа шаҳарларга парвозлар бошланган.
Қарши аэропорти 1992 йилга қадар Ўзбекистон Фуқаро авиацияси бошқармасининг «Қарши бирлашган авиаотряди» сифатида фаолият юритган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 28 январдаги фармони билан «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси ташкил этилган ҳамда «Қарши бирлашган авиаотряди» «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясига қарашли Қарши аэропорти деб атала бошланган.
2013 йилда «Қарши халқаро аэропорти» давлат-унитар корхонасига айлантирилган. Аэропорт халқаро мақомга эга бўлиши натижасида унинг техник ва тижорий салоҳияти ҳам бир қадар юксалган. Бу ерда VIP зал, расмий делегацияларга хизмат кўрсатиш зали, она ва бола хонаси, ибодат учун хона, валюта айрибошлаш пункти, авиакасса фаолияти йўлга қўйилган. Аэропорт туну кун ишлайди ҳамда барча турдаги йўловчи ва юк ташишга мўлжалланган самолётларни, шунингдек, вертолётларни қабул қилади.
Аэропортдан Тошкент, Москва, Санкт-Петербург шаҳарларига мунтазам рейслар мавжуд. Европа ва Осиё мамлакатларидан чартер рейслари амалга оширилади.
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

