Вилоятимиз марказида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан ривожланган мамлакатлар тажрибаси асосида тайёрланган лойиҳа асосида қурилган ва халқаро миқёсдаги йирик мусобоқаларни ўтказиш талабларига тўла жавоб берадиган муҳташам сув спорти саройи фойдаланишга топширилди.
Икки гектар майдонда жойлашган ушбу мажмуа таркибида 50х21 метр ўлчамли сузиш ҳавзаси, 6х12 метр ўлчамдаги иккита болалар ҳовузи, 10 метргача баландликдан сувга сакраш учун мўлжалланган 16х16 ўлчамли ҳамда маҳорат машқлари учун қуруқ бассейнлар мавжуд. Шунингдек, 700 ўринли томошабинлар трибунаси, кенг холл, душ, кийим алмаштириш хоналари ва дам олиш ҳудудлари ташкил этилган. Маъмурият учун бино, медиа зона, фитнес ҳамда йиғилиш заллари ҳам барпо этилган.
Сув спорти саройининг тантанали очилиш маросимида Спорт вазири Адҳам Икрамов, Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов, Ўзбекистон касаба уюшмалари ва сув спорти Федерациялари раиси, сенатор Қудратилла Рафиқов, Ижтимоий ҳимоя Миллий агентлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий Паралимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева, Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров, Халқаро меҳнат ташкилотининг Меҳнаткашлар фаолияти бўйича бюроси, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Монголия касаба уюшмалари делегациялари, халқаро даражадаги маҳоратли спортчи ва мураббийлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
– Бундан икки йил аввал июнь ойида Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Яккасарой туманида бунёд этилган сув спорти саройини кўздан кечириб, бундай замонавий шароитлар фақатгина пойтахтда эмас, мамлакатимизнинг барча ҳудудлари, хусусан, Қашқадарёда ҳам бўлиши керак, деган ташаббусни билдирган эди, – дейди Қудратилла Рафиқов. – Ушбу иншоотнинг бунёд этилиши давлат раҳбари томонидан инсон қадрини улуғлаш ва унинг манфаатларини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли эзгу ва хайрли ишларнинг яна бир амалий ифодасидир.
Тан олиш керак, кейинги ўн йилда мамлакатимизда маҳоратли спортчиларни тайёрлаш, ҳаваскорлар ва аҳолининг соғлом турмуш тарзи учун шароитлар ҳозирлашга катта эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижалари одамларнинг сермазмун ҳаётида, ўзбек ўғил-қизлари халқаро ареналарда Ватан байроғини сарбаланд кўтариб, юрт довруғини дунёга тараётганида ўз ифодасини топмоқда.
– Ушбу мажмуа учун келтирилган барча ускуна ва жиҳозлар Хитой, Италия, Испания, Германия, АҚШ каби давлатларнинг етакчи компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган бўлиб, юқори сифат, энергия самарадорлиги билан ажралиб туради ҳамда энг сўнгги технологияларга асосланган, – дейди сув спорт саройи директори Исоқ Панжиев. – Замонавий сув фильтрлари, насослари, иситиш, ҳаво айланиш тизимлари ва бошқа инфратузилма фойдаланувчилар учун маиший қулайлик, шинамликни таъминлайди.
Ушбу мажмуада келгусида республика, Осиё ва халқаро даражадаги мусобақаларни қабул қилиш мўлжалланган. Шунингдек, янги сув спорти саройи спортчилар Олимпия ва Паралимпия ўйинлари, Жаҳон сув спорти федерацияси (Wоrld Aquatics) таснифидаги турли турнирларга тайёргарлик кўрадиган марказга айланиши кутилаяпти.
Ўз мухбиримиз

