16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Жараён

ҚАРШИДА УЧИНЧИ ГАСТРОНОМИК КЎЧА ОЧИЛДИ

Ислоҳот одимлари

Шаҳарларнинг жозибаси улардаги бетакрор бинолар ёки кенг кўчалар билангина эмас, балки одамлар учун яратилган қулайликлар, яшаш ва ҳордиқ чиқариш муҳити билан ҳам ўлчанади. Шу маънода, кейинги йилларда Қарши шаҳрида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари айнан инсон манфаатини устувор қўйган тараққиёт тамойилининг амалий ифодасига айланмоқда.

Куни кеча вилоят марказида навбатдаги ажойиб лойиҳа – Рогузар маҳалласи ҳудудидан ўтган Анҳор каналининг Ислом Каримов ва Жайхун шосселарини боғловчи йўл ёқалаб оқувчи қисми бўйида барпо этилган замонавий 24/7 гастрономик кўча фойдаланишга топширилди. Бу Қарши шаҳрида ташкил этилган ана шундай кўчалардан учинчиси бўлиб, у нафақат янги савдо ва хизмат кўрсатиш нуқтаси, балки шаҳар аҳолиси учун маданий ҳордиқ, мулоқот ва оилавий дам олиш манзили сифатида ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Лойиҳа доирасида бажарилган ишлар натижасида узунасига 0,7 километр ҳудуд қисқа вақт ичида бутунлай янги қиёфа касб этди. Каналнинг икки қирғоғи ободонлаштирилди, автомобиль йўли кенгайтирилиб, 1,4 километрлик саломатлик йўлакчаси барпо этилди. Каналда 3 та дамба, янги кўприк, чархпалаклар, фавворалар қурилди, сув бўйида болалар майдончаси жойлаштирилди, айвончалар, турли ҳайвон ва қушларнинг декоратив ҳайкалчалари ўрнатилди. Қуёш энергиясида ишлайдиган 81 та замонавий ёритиш чироғи эса ҳудуднинг кечки ҳаётини ҳам хавфсиз ва файзли қилади.

Лойиҳа учун бюджетдан 6 миллиард сўм, тадбиркорлар томонидан эса 8 миллиард сўм инвестиция йўналтирилди. Бу рақамлар давлат ва хусусий сектор ҳамкорлиги шаҳар тараққиёти учун қандай самарали натижа бериши мумкинлигини ҳам яққол кўрсатади.

Умуман, ҳудудда амалга оширилган ишлар нафақат ташқи кўринишни яхшилади, балки одамларнинг кундалик турмуш тарзига ҳам ижобий таъсир кўрсатадиган муҳитни шакллантирди. Бугун аҳоли гастрономик кўчага фақат харид ёки таомланиш учун эмас, балки оиласи билан сайр қилиш, фарзандлари билан мазмунли вақт ўтказиш, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш ва роҳатланиб ҳордиқ чиқариш учун келмоқда.

Гастрономик кўчаларнинг энг муҳим яна бир жиҳати шундаки, улар иқтисодий фаолликни ҳам кучайтиради. Янги лойиҳа доирасида 25 та савдо ва хизмат кўрсатиш объекти ташкил этилди, 15 та мавжуд тадбиркорлик субъектининг имкониятлари кенгайтирилди. Бу эса янги иш ўринлари, аҳоли бандлиги ва маҳаллий иқтисодиётнинг ўсиши демакдир.

Ҳудуднинг кўкаламзорлаштирилиши, манзарали дарахтлар ва декоратив буталар экилиши эса шаҳарнинг экологик муҳитини яхшилашга хизмат қилмоқда. Бинобарин, замонавий шаҳар фақат бетон ва асфальтдан иборат бўлмай, унда табиат, инсон ва инфратузилма ўртасидаги уйғунлик сақлангандагина ҳақиқий фаровонлик муҳити юзага келади.

Эътиборлиси, Қарши шаҳрида аввалроқ ҳам бундай ташаббуслар муваффақиятли амалга оширилган эди. Хусусан, Насаф кўчасининг Ислом Каримов ва Мустақиллик шосселарини боғловчи қисмида янгидан ташкил қилинган ҳамда аввалдан мавжуд савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари куну тун узлуксиз ишлашга ўтканди. Бунинг учун 3 километр узунликдаги пиёдалар йўлаги таъмирланиб, декоратив ва ёритиш чироқлари ўрнатилди, саломатлик бурчаклари ташкил қилинди. Умумий овқатланиш шохобчалари, кўнгилочар масканлар фаолияти йўлга қўйилди.

Вилоят марказидаги иккинчи 24/7 режимида фаолият кўрсатувчи гастрономик кўча эса Қарлиқхона маҳалласининг «Ватанпарвар» боғи яқинидаги Ислом Каримов ва Насаф кўчаларини боғловчи қисмида ташкил этилганди. Сунъий кўл, дам олиш ҳудуди, савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталари, ресторану ошхоналар, фитнес зали, равон йўл ва йўлаклар, ўйин бурчаклари, сув бўйида ўрнатилган айвончалар асосида жорий қилинган шароитлар бу манзилни шаҳарнинг энг гавжум нуқталаридан бирига айлантирди. 

Энг муҳими, юқоридаги ҳар икки лойиҳа ҳам хизмат кўрсатиш соҳасининг кенгайиши, тадбиркорликнинг ривожланиши ва шаҳарнинг туристик жозибадорлиги ошишига муносиб ҳисса қўшди.

Учинчи гастрономик кўчанинг ишга туширилиши эса Қаршида бу йўналишда ишлар изчил давом этаётганидан далолат беради. Бугун бундай кўчалар фақат овқатланиш масканлари жойлашган ҳудуд эмас, балки кечки ҳаёт қайнайдиган, тадбиркорлик ривожланадиган, туризм жонланадиган ва энг муҳими, инсонлар ўзини эркин ҳамда бахтли ҳис қиладиган жамоат манзилларига айланмоқда.

Замонавий шаҳарларнинг тараққиёти айнан шундай лойиҳалар билан илдамлайди. Чунки обод кўча – бу шунчаки гўзал манзара эмас. У инсон кайфиятини кўтаради, иқтисодиётга ҳаракат бағишлайди, маҳаллалар ҳаётига фаоллик киритади. Яна бундай замонавий кўчалар шаҳарнинг эртанги қиёфасини белгилаб бераётган муҳим  бунёдкорлик лойиҳаларидан бири сифатида ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўз мухбиримиз