16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Жамият

Қарши ва Шаҳрисабзда қозилик қилган жадид маърифатпарвари

Қашқадарёга оид

Жадидлар фаолияти кенг миқёсда ўрганишни тақозо қилади, айни пайтда ҳар бир тадқиқот кўплаб янги билимлар манбаини туҳфа этади.

Давлат ва жамоат арбоби, мударрис, қози, раис, қозикалон, хаттот Шарифжон Махдум Садр Зиё (1865-1932) жадид маърифатпарварларидан саналади. Унинг ўғли Муҳаммаджон Шакурий тожик тили ва маданияти ривожланишига улкан ҳисса қўшган таниқли олимдир. Жумладан, у 1987 йилда Тожикистон Фанлар академияси академиги даражасига эришган.

Садр Зиё Бухоро амирлигига қарашли Зиёвуддин   ҳудудида туғилган. Зиё (Нур) унинг тахаллуси, Садр эса   диний-илмий мартаба саналиб, дастлаб унга Бухоро амири Абдулаҳадхон томонидан Судур ва Сайид Олимхон томонидан Садр унвони берилган.

Отаси Абдурасул ўғли Абдушукур (1817-1889) ижтимоий келиб чиқишига кўра чармгар косиблардан бўлиб, ўз даврининг илғор зиёлиларидан ҳисобланган. Садр Зиёга отасидан катта кутубхона мерос сифатида қолган.

Садр Зиё даставвал отаси қўлида хат-савод чиқарган. Мактаб таълимини олгач, мадрасада таҳсил кўрган. Мадрасада ўқиган кезлари уйида ўз даврининг илғор кишиларини тўплаб, адабий кечалар ва йиғинлар уюштириб турган. Ушбу маърифий тадбирлар Бухоро адабий муҳити шаклланишига катта таъсир кўрсатган.

Садр Зиё 1893 йилда Хайробод (ҳозирги Жондор) туманига қози этиб тайинланади ва мазкур лавозим билан боғлиқ фаолияти 1920 йилгача, яъни Бухоро инқилобига қадар давом этади. Садр Зиё Хайрободда олти ой қозилик қилгач, Янгиқўрғон беклигида, Хутфар (Пешку) туманида, Кармана, Карки бекликларида, Комот (Вобкент) кейин яна Хутфарда фаолият юритади. Кейинги фаолияти эса Қашқадарё заминига кўчади. Дастлаб Шаҳрисабзда, 1910-1916 йилларда  Насаф беклигида, 1916-1917 йилларда Қарши беклигида қозилик қилади.

1917 йил 27 мартда эса Садр Зиё Бухоро қозикалони этиб тайинланади. Аммо сарой амалдорларининг катта қисми норозилиги туфайли 9 апрелда лавозимидан бўшатилади. Орадан 5 ой ўтгач, Амир Олимхон Шарифжон Садр Зиёни Қарши беклиги қозиси этиб тайинлайди.

1918 йил баҳорида Туркистон халқ комиссарлари совети раиси Ф.Колесовнинг Бухорога қарши босқини оқибатида Амир Олимхон жадидларни хоинликда айблаб, жазолашни буюради. Қаршида қозилик қилаётган Садр Зиё ҳам жадидларга хайрихоҳликда айбланиб ҳибсга олинади. Етмиш кундан сўнг озод этилиб, Шаҳрисабз беклигига қози этиб тайинланади. 1920 йилда Бухорода амирлик тугатилгач, Садр Зиё Бухоро халқ совет республикаси вақф ишлари бўйича бошқармасида иш бошлайди. Кейинчалик шариат ишлари бўйича бошқарма раиси ўринбосари ва 1923 йилдан Абу Али ибн Сино номидаги кутубхона раҳбари сифатида фаолият юритади. Садр Зиё давлат арбоби бўлиш билан бир пайтда тарихнавислик ва адабиёт билан шуғулланади.

У 1932 йилда совет қамоқхонасида вафот этган.

Айрим манбаларда Шарифжон Махдум қаламига мансуб турли мавзулардаги асарлар сони 75 тани ташкил этади, дейилган. Садр Зиё араб ва форс тили грамматикаси, мумтоз адабиёт, тарих фанларини, хаттотлик санъатини пухта эгаллаган. «Тазкор ул-ашъор» («Шеърият хотираномаси») тазкирасини тузган. Унда Аҳмад Дониш, Шамсуддин Маҳмуд Шоқин каби шоир ва олимлар ҳаёти, ижодига кенг ўрин берилган. Шунингдек, «Тазкират уш-шуарои мутақаддимин ва салатини маосирин ва бузургони мутаваррин» («Ўтмиш ва ҳозирги замон шоирлари, султонлари тазкираси»), «Шуарои мутааххирин ва фузалои маосирин» («Сўнгги давр шоирлари ва замондош фозиллар»), «Тазкират ул-ҳукамо» («Ҳокимлар тазкираси»), «Наводири зиёия» («Зиё нодирликлари») каби асарлари ҳам мавжуд.