16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Иқтисодиёт

Қашқадарёда хорижий сармоя иштирокидаги корхоналарнинг қарийб 30 фоизи Хитой бизнесменлари томонидан таъсис этилган

Долзарб статистика

Жорий йил 1 январь ҳолатига кўра вилоятимизда чет эл инвестициялари иштирокидаги 163 та корхона фаолият кўрсатаётган бўлса, улардан 48 таси, яъни қарийб 30 фоизи Хитой ишбилармонлари сармояси ҳисобидан ташкил этилган.

Вилоят статистика бошқармасининг рақамлаштириш ва статистик регистрларни юритиш бўлими томонидан тайёрланган таҳлилий шарҳда қайд этилишича, хитойлик тадбиркорлар томонидан Қашқадарёда таъсис этилган корхоналарнинг 17 таси қўшма, яъни ўзбекистонлик шериклар билан ҳамкорликда тузилган, яна    31 таси эса хорижий, яъни 100 фоиз Хитой сармояси эвазига бизнесни йўлга қўйган.

Вилоятимизда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар сони бўйича Осмоности мамлакатидан кейинги ўринларда Россия Федерацияси (жами 26 та, жумладан, 16 та қўшма,   10 та хорижий), Туркия (жами 18 та, 8 та қўшма, 10 та хорижий), Афғонистон (жами 10 та, 2 та қўшма, 8 та хорижий), Қозоғистон (жами 7 та,  5 та қўшма, 2 та хорижий), Жанубий Корея (жами 6 та, 3 қўшма, 3 та хорижий) ва АҚШ (жами 5 та, 2 қўшма, 3 та хорижий) каби давлатлар жойлашган.

Шунингдек, Қашқадарёда Буюк Британия (4), Эрон (4),  Швейцария (4),  Бирлашган Араб Амирликлари (4),  Нидерландия (4), Германия (3), Қирғиз Республикаси (3), Покистон (2), Тожикистон (2) ва бошқа бир қатор мамлакатлар ишбилармонларининг инвестициялари иштирокида қўшма ва хорижий корхоналар фаолият кўрсатмоқда.

Тармоқлар кесимида оладиган бўлсак, вилоятимизда чет эл сармояси ҳисобидан тузилган корхоналарнинг энг кўпи (69 таси ёки 42,3 фоизи) саноат соҳасида, 34 таси ёки 20,9 фоизи қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигида, 29 таси ёки 17,8 фоизи савдода, яна 9 таси ёки 5,5 фоизи қурилишда бизнес юритади.

Афсуски, мамлакатимиз ҳудудлари орасида Қашқадарё хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар сони бўйича ҳамон охирги    ўринни банд этиб турибди. Аҳамият беринг, Ўзбекистонда жами қўшма ва хорижий корхоналар сони 18 минг 164 тани ташкил этган бир пайтда, вилоятимиздаги мазкур кўрсаткич (163 та) шунинг ҳатто бир фоизидан ҳам камдир.

Ўз мухбиримиз