Жорий йилнинг саккиз ойи мобайнида вилоятимизда тижорат банклари томонидан тегишли дастур доирасида умумий ҳажми 656,5 миллиард сўмга тенг 2 минг 424 та ипотека кредити ажратилган.
Долзарб рақамлар
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ўзининг расмий Telegram каналида эълон қилган маълумотларга қараганда, шу йил январь-август ойлари давомида мамлакат миқёсида банклар томонидан берилган ипотека кредитлари сони 30 минг 654 тани, ҳажми эса 8 триллион 941,5 миллиард сўмни ташкил этган. Ҳудудлар кесимида ипотека кредитларининг энг кўп ва катта қисми, табиийки, Тошкент шаҳрида (2 триллион 93,9 миллиард сўм) ажратилган. Мазкур кўрсаткич бўйича пойтахтдан кейинги ўринларни Андижон (908,2 миллиард сўм), Фарғона (868,3 миллиард сўм), Самарқанд (814,3 миллиард сўм) ва Сурхондарё (707,8 миллиард сўм) вилоятлари банд этиб, олтинчи қаторни Қашқадарё эгаллаган. Ҳисоб-китобларга кўра, вилоятимизда жорий йилда берилган ҳар бир ипотека кредитининг ўртача миқдори 270 миллион сўмдан бироз ошган.
Эътиборлиси, вилоятимизда йил бошидан 1 сентябрга қадар берилган ипотека кредитлари умумий ҳажмининг 43 фоизи, аниқроғи, 277,9 миллиард сўми аёлларга ажратилган.
Банклар кесимида олганда, республикамизда жорий йилда энг кўп ипотека кредитлари «Ипотека банк» (1 триллион 739 миллиард сўм), ЎзМиллийбанк (1 триллион 366,3 миллиард сўм), Агробанк (1 триллион 276,8 миллиард сўм), Бизнесни ривожлантириш банки (1 триллион 177,8 миллиард сўм) ва Халқ банки (942,9 миллиард сўм) томонидан маъқулланган. Сирасини айтганда, ушбу бешта банк ҳиссасига мамлакат миқёсида ажратилган жами ипотека кредитларининг 70 фоизидан ортиғи тўғри келмоқда.
Б.НИЗОМОВ

