16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Олам

“Қашқадарёнинг катта опаси”

Қашқадарёга оид

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ушбу таърифни давлат ва жамоат арбоби Нарзи Акромовани назарда тутиб айтган. Хўш, у аёл ким?

Нарзи Акромова 1921 йил Бухоро шаҳрида туғилган. 1964 йилда Қарши давлат педагогика институтининг тарих факультетини сиртдан тамомлаган.

Меҳнат фаолияти ўрта мактабда ўқиб юрган кезлари, 7-синфдалигидаёқ бошлаган. Кечки мактабда дарс берган. Етти йиллик мактабни тугатиб, колхозга ишга кирган. Колхоз бошланғич комсомол ташкилотининг котиби бўлиб ишлаган. Комсомол пахтачилик звеносига бошчилик қилган.

Нарзи Акромова 1938 йилда Бухоро шаҳар комсомол қўмитасининг иккинчи котиби вазифасига сайланган. 1939 йилда Тошкентдаги комсомол раҳбарларини тайёрлаш курсида ўқиган. Сўнгра Свердлов тумани комсомол қўмитасининг иккинчи котиби вазифасига тайинланган. 1940 йилда Бухоро комсомол қўмитасининг биринчи котиби этиб сайланган.

1943 йилда Қашқадарё Бухоро вилоятидан ажралиб, яна алоҳида вилоят сифатида ташкил этилгач, Нарзи Акромова Қашқадарё вилояти комсомол қўмитасининг кадрлар бўйича котиби этиб тайинланган. Кейин Ғузор туманига ишга юборилган. Кадрлар бўйича туман қўмитаси котиби ва иккинчи котиб вазифаларида ишлаган. 1954 йили Қашқадарё вилояти ижроия қўмитасида бўлим бошлиғи вазифасига тайинланган.

Маълумки, 1960 йилда Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари бирлаштирилади. Ўшанда Нарзи Акромова, ҳозирги тил билан айтганда, Қарши шаҳар ҳокими муовини, кейин Қарши шаҳар ҳокими вазифасида фаолият олиб боради. Шаҳарда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилади. 1965 йилда Қашқадарё вилояти яна ажралиб чиқади. Нарзи Акромова эса Қашқадарё вилояти ижроия қўмитаси бўлим бошлиғи вазифасига тайинланади.

Нарзи Акромова вилоятдаги кўплаб кадрларга устозлик қилган. «Қашқадарёнинг катта опаси» деган таъриф ҳам шу муносабат билан айтилган.

У «Ҳурмат белгиси» ордени, «Шуҳрат» медали, «Улуғ Ватан уруши ғалабасига 30 йил» эсдалик нишони ҳамда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими» фахрий унвони билан тақдирланган.